Миллий гвардия томонидан рўйхатга олиш ишларига амалий ёрдам берилди

9

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида республика ҳудудларида тегишли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ишчи гуруҳига бириктирилган ҳудудларда рўйхатга олиш жараёнларини белгиланган тартиб асосида ташкил этишга амалий кўмак кўрсатилмоқда. Айни пайтда республикамизнинг Тахиатош туманида ушбу тадбирни самарали ўтказишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Фармон ижроси доирасида Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов иштирокидаги ишчи гуруҳ томонидан Тахиатош туманида ташкил этилган рўйхатга олиш штаби фаолияти билан танишди.

Шунингдек, ташриф давомида тумандаги ташкилот, корхона ва муассасалар штабларида ходимларни «census.stat.uz» платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш ишларини сифатли ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири мамлакатимизда ижтимоий-демографик ҳолатни, меҳнат ресурсларини ҳамда қишлоқ хўжалиги салоҳиятини аниқ ҳисобга олиш, шунингдек, келгусида давлат дастурлари ва стратегик режаларни ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, рўйхатга олишнинг биринчи босқичи 15 январдан 31 январгача OneID тизими орқали онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Иккинчи босқич эса 4 февралдан 28 февралгача маҳалла еттилиги аъзолари томонидан уйма-уй юриш ва планшетлар орқали маълумотларни киритиш йўли билан якунланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги