Фирибгарлик ортидан келиб чиққан зарарни кредит ва тўлов ташкилотлари қоплайди

69

Марказий банк жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ҳолатларини олдини олиш бўйича минимал талабларни белгилайдиган “Кредит ва тўлов ташкилотлари томонидан масофавий молиявий хизматларда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларини олдини олиш тўғрисидаги низом” лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Низомда қуйидаги асосий талаблар белгиланмоқда. Фойдаланувчини идентификация ва аутентификация қилиш тартиблари, қурилмалар ва фойдаланувчи сессияларини хавфсиз бошқариш, онлайн кредит (микроқарз) ажратишда фроднинг олдини олиш бўйича механизмлар, фрод ҳолати натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунга зид операцияларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича талаблар, маълумотларни сақлаш ва муҳофаза қилиш қоидалари, мобил иловалар ва веб-талқинларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаблари, фойдаланувчиларни киберхавфсизлик бўйича хабардор қилиш ва ўқитиш тартиблари белгиланмоқда.

Агар фирибгарлик муайян мобил илова, веб-интерфейс ёки бошқа ахборот тизимида содир этилган бўлса, моддий зарарни қоплаш мажбурияти, кредит ташкилоти, тўлов ташкилоти, уларнинг агенти ёки субагенти, тўлов тизими оператори ёки ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқини олган бошқа субъект зиммасига юклатилади.

Агар фрод операцияси ахборот тизими орқали, аммо агент ёки субагент иштирокида амалга оширилган бўлса, асосий жавобгарлик — кредит ёки тўлов ташкилотига, субсидиар (қўшимча) жавобгарлик — агент ёки субагент зиммасига юкланади.

Норматив ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 12 декабрь куни якунига етади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА