Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг аҳамияти мутахассис нигоҳида

11

“Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳматовнинг фикрича, Хитой –Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши самарадорлигини ҳам кескин оширади. Мутахассис бу ҳақда Бокуда бўлиб ўтган МДҲ темир йўл транспорти кенгаши 83-йиғилишида айтиб ўтди.

– Бугунги кунда ушбу йўлакдан фойдаланиш кўлами фаол кенгайтирилмоқда, – дейди Ҳ.Раҳматов. – Қурилиш жадал давом этяпти, лойиҳани 2030 йил якунлаш режалаштирилган. Биринчи босқичда юк ташиш миқдори йилига 3-4 миллион тоннани ташкил этади. Кейинчалик бу кўрсаткич 15 миллион тоннага етказилади. Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистондан жўнатилган юкнинг асосий қисми Европага боради. Шу тариқа “Ўзбекистон темир йўллари” мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида илк инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси туфайли қўшни давлатлар билан келишилган саъй-ҳаракатлар юришиб кетди. Бунёдкорлик суръати кутилганидан анча юқори. Айтиш мумкинки, жадвалдан илгарилаб кетдик. Бошқача айтганда, дастлаб олти йилга мўлжалланган қурилиш жараёнини тўрт йилда битириш имкони мавжуд. Шу ўринда табиий савол туғилади: Мазкур темир йўл барпо этилиши қандай натижа беради? Биринчидан, Хитой билан Европа орасида юк ташиладиган ҳозирги йўл Марказий Осиё, Кавказ давлатлари орқали боғланиш ҳисобига 1000 километрдан кўпроқ қисқаради. Яъни, ривожланаётган иқтисодиётларга тўғридан-тўғри ижобий таъсир жуда юқори. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 декабрда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини расман бошлаб берди.

– Бу йўналиш Хитойдан Қирғизистон орқали Марказий Осиё ва Яқин Шарққа ҳамда Европа Иттифоқига юк етказилишини таъминлайди, – деган эди ўшанда Жапаров.

Умуман, Чин диёрини минтақамиз билан боғлайдиган темир йўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йилдан бери муҳокама қилинади. Ўтган давр мобайнида Хитойдан Қирғиз Республикаси орқали Ўзбекистонга, сўнгра Туркманистон, Эрон ва Туркияга бориладиган йўналишнинг бир неча варианти кўриб чиқилди.

Ҳужжатга кўра, тасдиқланган халқаро транспорт йўлаги “Қашқар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон” йўналиши уйғунлашган варианти бўйича бунёд қилинади. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг умумий узунлиги 532,53 км бўлиб, тахминан 312 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Келишув шартига асосан, қўшма корхона улуши Хитойда 51, Қирғизистон ва Ўзбекистонда 24,5 фоиздан.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА