Ижтимоий ҳамкорликлар давом этмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев Қатар Ижтимоий ривожланиш ва оила вазири Бусайна бинт Али ан-Нуайми билан учрашув ўтказди.
Бунда Қатар ва Ўзбекистон ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар зўравонликка қарши кураш, инклюзив таълимни ривожлантириш ва ижтимоий мутахассислар малакасини ошириш бўйича тажриба алмашишга тайёр эканликларини таъкидлашди.

–Бизнинг ҳамкорлигимиз давлат раҳбарлари даражасида шаклланган ўзаро ишончга асосланади. 2023 йил октябрь ойида имзоланган Англашув меморандуми ижтимоий ҳимоя ва ҳимояга муҳтож гуруҳлар манфаатида тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим асос бўлди, – дейди Усмон Шарифхўжаев
Шунингдек, Қатар Ижтимоий ривожланиш ва оила вазири Бусайна бинт Али ан-Нуайми икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.
–Ўзбекистон Республикаси билан муносабатларимизни янада ривожлантириш учун катта имкониятларни кўряпмиз. Сизнинг ижтимоий соҳадаги ислоҳотларингиз эътиборга лойиқ ва биз ҳимояга муҳтож аҳолига кўмак бериш ҳамда ижтимоий ҳимоя йўналишларида тажриба алмашиш борасида биргаликда ташаббуслар ишлаб чиқишга тайёрмиз, – дея таъкидлади.
Музокаралар якунида 2026–2028 йиллар учун Қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши бўйича келишувга эришилди. Режа зўравонликка қарши курашда идоралараро ҳамкорлик, ногиронлиги бўлган шахслар таълимида инклюзияни ривожлантириш ва ижтимоий ходимлар ҳамда психологлар малакасини оширишни ўз ичига олади.
Ушбу ҳужжат 2023 йил октябрь ойида имзоланган Англашув меморандумининг амалий давомига айланади.
Шунингдек, Хоним Бусайна бинт Али ан-Нуайми Ўзбекистоннинг саммит доирасида ташкил этилган кўргазма стенди билан яқиндан танишиб чиқиб, олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Шербек Исломов,
ЎзА