Антониу Кошта: EPCA – ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларининг муҳим босқичи

128

Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги янги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими (EPCА) “сиёсий ва иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш учун ажойиб пойдевор бўлиши”ни таъкидлаб, ушбу ҳужжатни икки томонлама муносабатларнинг “муҳим босқичи” деб атади.

Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёевга ташрифи учун миннатдорлик билдириб, “ЕИ ишончли ҳамкор бўлиб қолиши ва қўшничиликдан танлов асосидаги стратегик ҳамкорликка ўтиш йўлида бирдам экани”ни қайд этди.

Маълумки, бугун давлатимиз раҳбари Европа кенгаши ва Европа комиссияси Президентлари Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляен билан учрашди.

Аввалроқ томонлар Брюсселда EPCA имзоланиши муносабати билан қўшма баёнот эълон қилишди. Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу келишув сиёсат, иқтисодиёт, барқарор ривожланиш ва амалий ҳамкорликнинг бошқа қатор йўналишларидаги алоқаларни кенгайтириб, ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаради.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мавжуд икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга хизмат қиладиган EPCA ЕИ – Ўзбекистон муносабатларига узоқ муддатли барқарорлик ҳамда аниқлик бахш этиши кутиляпти.

Абдуазиз Хидиров, ЎзА