Ўзбекистон – Кувайт ҳамкорлиги минтақавий шериклик ривожини таъминламоқда
Ўзбекистон ва Кувайт ҳамкорлиги икки давлатнинг халқаро майдонда глобал барқарорлик, изчил тараққиёт сари одимлашга қаратилган кенг қамровли устувор мақсадларига мос. Ташқи сиёсий кун тартибидаги ўхшаш қарашлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим воситадир.
Маълумки, умумий маданият, тарихий ва диний қадрият, урф-одат ва анъаналар муҳим аҳамиятга эга омиллар сифатида мазкур муносабатларни ривожлантирадиган ҳаракатлантирувчи куч вазифасини ўтайди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон учун Кувайт Яқин Шарқдаги ишончли дўст ва ҳамкор давлат.
Кувайт Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб – 1991 йил 30 декабрда тан олган. Ўша пайтдан эътиборан давлатларимиз тинчлик, иқтисодий тараққиёт, икки халқ фаровонлигини таъминлашга муштарак интилиш асосида дўстона муносабат ўрнатган.

Ўзаро инвестицияни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, маданият, санъат, савдо-иқтисодиёт, илмий-техникавий алоқалар, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, божхона қўмиталари ўртасидаги шериклик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.
Икки давлат ўртасида дипломатик муносабат 1994 йил июль ойида ўрнатилган. 2001 йил Тошкентда Кувайт Давлати элчихонаси, 2004 йил ноябрда эса Кувайтда мамлакатимиз элчихонаси очилган. Ҳозиргача уч марта олий даражадаги ташриф амалга оширилган – 2004 ҳамда 2025 йил Кувайтга, 2008 йил Ўзбекистонга.
2023 йил июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий алоқалари мавзусидаги халқаро конференцияда Кувайтдан ташқи ва Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири Шайх Аҳмад Носир Ал-Муҳаммад Ас-Сабоҳ бошчилигидаги делегация қатнашди. Ташриф доирасида мартабали меҳмонни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилган эди.
Ушбу араб давлати Миллий Ассамблеяси таркибида Кувайт – Ўзбекистон парламент дўстлик гуруҳи ишлаяпти. 2017 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида “Ўзбекистон – Кувайт” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукумат комиссиясининг ўтган йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида савдо алоқалари жараёнида товарлар турини кенгайтириш, имтиёзли савдо тўғрисида битим имзолаш, электрон тижорат бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, тўсиқларни бартараф этиш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ва “Кувайтда ишлаб чиқарилган” кўргазмаларини ўтказиш чора-тадбирлари келишиб олинган. Айни пайт саноат кооперацияси дастури ва икки томонлама сармоявий шартнома ишлаб чиқилмоқда.
Ҳар икки томон савдо-сотиқни ривожлантириш муҳимлигини эътироф этади ва доимий равишда шу йўналишда иш олиб боради. 2020 йилдан буён қарийб 7 баробар ўсган савдо айланмасининг асосий йўналишлари хизмат кўрсатиш, минерал ёнилғи, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари олди-сотдиси ҳисобланади. Бинобарин, ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган Кувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг молиявий ва маслаҳат ёрдами билан республикамизда соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма йўналишларида йирик ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумий қиймати 213,2 миллион долларга тенг 10 та кредит битими, 2,5 миллион долларлик техник кўмак бўйича 4 та битим имзоланган. Айни пайт “Ўзбекистонда мактабгача таълимни давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш” лойиҳасини молиялаштириш масаласи ҳал қилинмоқда.
Мутахассислар фикрича, савдо-сармоявий шериклик, саноат кооперациясини кенгайтириш учун кенг имконият мавжуд. Таҳлиллар савдо таъминотини шакллантириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва йирик ҳудудий бозорларга чиқиш учун ўзаро тадбиркорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 февраль кунлари Кувайтга қилган илк расмий ташрифи Ўзбекистон Кўрфаз минтақасида янги ишончли шерикка эга бўлганини кўрсатди. Олий даражадаги учрашувда кузатилган самимийлик, ўзаро ишонч муҳити ва имзоланган шартномалар кўлами буни тасдиқлайди.
Сиёсий ва иқтисодий мулоқот якуни таҳлили асосида умумий истиқбол юзасидан муҳим хулосалар чиқариш мумкин.
Икки давлат муносабатида иқтисодий ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда. Олий даражадаги учрашув арафасида Ўзбекистон – Кувайт бизнес-форуми ташкил этилди. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳасида “Gulf Care General Trading”, инвестиция-банк йўналишида “Kamco Invest”, сармоя бўйича “Kuwait Investment Company”, молияда “Al Imtiaz Investment Group”, энергетика ва инфраструктура бўйича “Action Group Holdings”, транспорт соҳасида “Agility Logistics” каби қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Юқоридаги мисоллар томонлар учун ишбилармон доиралар мулоқоти сиёсий мулоқот аҳамиятидан кам эмаслигини кўрсатмоқда. Зеро, давлатларимиз хусусий тадбиркорлик ривожига миллий иқтисодиёт драйвери сифатида қарайди.
Ўзаро муносабатнинг кейинги тараққиёти биринчи навбатда Ўзбекистон ва Кувайт давлатлари аҳолиси учун манфаатли бўлиши лозим. Шаклланаётган янги ҳамкорлик моделида ушбу тамойил асосий ўрин тутади. Зотан, мамлакатимиз етакчисининг Кувайтга ташрифи икки томонлама муносабатнинг иқтисодий таркибини кенгайтириш учун фавқулодда самарали бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик ҳар икки давлат барқарор ривожланишини таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Қолаверса, бу муносабатлар мустаҳкамланиши минтақалараро ҳамкорликни юксалтиришга ҳам хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА