Ишлар ҳар томонлама ўрганилиб, мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Бўзатов туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва муаммоларга ечим топиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб республикамиз раҳбари Эркиндарё овул фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган ўрдак боқиш лойиҳасини кўздан кечириб, қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашди.

Шундан сўнг ушбу ҳудудда фаолият юритаётган Ахмет Отениязовнинг асаларичиликни ривожлантириш лойиҳаси, Қусханатов овул фуқаролар йиғини аҳолиси Ғайбулла Алжанов ва Жамолатдин Тўремуратовларнинг томорқаларида ташкил этилган ишлар билан танишди.
– Томорқа қўшимча даромад манбаи. Ваҳоланки, бундай ишлар ҳар бир хонадонда ташкил этилиши, шу билан бир қаторда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олишига кўмаклашади ва бу борадаги янги лойиҳаларни кўпайтириш керак, – деди республикамиз раҳбари.

Шунингдек, ўрганишлар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Эркиндарё аҳоли пунктидаги газ тармоғи линиясининг 2 км қисмида Бўзатов тажрибаси асосида амалга оширилаётган ишларни бориб кўрди ва унда ортиқча газ сарфланишининг олдини олиш ва самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишларга ўз фикр-таклифларини билдирди.
Сўнгра ушбу йиғин ҳудудининг диққатга сазовор жойларидан бирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 123 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилиб, ҳозирги вақтда қурилиш ишлари олиб борилаётган янги санаториядаги бугунги ҳолат билан яқиндан танишди.

Умумий 200 ўринга мўлжалланган ушбу соғломлаштириш маркази халқимиз саломатлигини тиклаши учун барча имкониятлар яратилган замонавий санаторийлардан бирига айланиши таъкидланди.
Ўрганишлар давомида Зарбдор тажрибаси асосида ташкил этилган ҳунармандлар аллеяси, Ёшлар марказида ташкил этилган тил ўрганиш курслари ишлари ҳам кўздан кечирилиб, бугунги кунда мамлакатимизда халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи билан яқинда ўрнатилиб, фойдаланишга топширилган Бўзатов тумани ва шимолий туманларни бевосита Қўнғирот тумани билан боғловчи понтон кўприк ҳам бориб кўрилиб, халқимизнинг кайфиятига таъсир этувчи ҳар қандай муаммонинг ечимини топишда Президентимизнинг одил сиёсати тургани, бундан фуқароларнинг ҳам чексиз миннатдорлиги алоҳида мамнуният билан тилга олинди.
Сўнгра туман ҳокимлигининг мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов раҳбарлигида Бўзатов туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказилиб, унда ҳудудда қилинаётган ишлар ҳар томонлама танқидий таҳлил қилинди ва тегишли ташкилот раҳбарларига ушбу вазифаларни бажариш бўйича қатъий топшириқлар берилди.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги