Мини-футбол мусобақасида ғолиб нуронийлар аниқланди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Шу жиҳатдан, маҳаллаларда нуронийларни жисмоний фаол ҳаётга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида турли тадбир ва спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Беруний туманида «Ғайратли кексалар» шиори остида тумандаги нуронийлар ўртасида мини-футбол бўйича туман босқичи мусобақаси бўлиб ўтди. Қизғин ва муросасиз ўйинларга бой тарзда ташкил этилган мазкур мусобақада турли маҳаллалардан тузилган жамоалар иштирок этди.

Тадбирда Беруний тумани ҳокими И.Хидиров қатнашиб, мусобақа иштирокчиларига самимий тилакларини изҳор этди. Шунингдек, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Т.Абдижаббаров ҳам иштирок этиб, барча жамоаларга омад тилади.
Ўйинлар натижасига кўра, Шоббоз овул фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди ҳамда махсус кубок билан тақдирланди. Иккинчи ўрин Мустақиллик маҳалласи жамоасига, учинчи ўрин эса Саркоп овул фуқаролар йиғини жамоасига насиб этди. Ғолиб жамоалар муносиб тақдирланди.

Бу каби тадбирларнинг ташкил этилишидан асосий мақсад – соғлом турмуш тарзи, фаол фуқаролик позицияси ҳамда маҳаллаларда ижтимоий бирликни кучайтиришдир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги