Ёш полвонларимиз Осиёда ўз маҳоратларини намойиш этди

145

Айни кунларда Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида 15 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлар ўртасида эркин кураш ва аёллар кураши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 4 спортчимиз иштирок этиб, улар орасида ҳамюртимиз Сабрина Абдрейимова 46 кг вазнда фахрли 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Ғолиб қизимизни мусобақага Севара Еримбетова тайёрлади.

Айнура Жапақова ва Бахтиёр Қосимбетовнинг шогирдлари Жансая Джиенбаева ва Арисланбек Қосимбетовлар эса, бронза медали учун беллашувларда ўз рақибларига ютқазиб қолди.

– Яна бир умидли спортчиларимиздан бири Шахсанам Исаковага эса, бу мусобақада омад кулиб боқмади ва у чемпионатнинг иккинчи босқичида турнирни тарк этди,-дейди ўсмирлар бўйича Қорақалпоғистон терма жамоаси бош мураббийи Барзувбай Қилибаев.-Ўзбекистон терма жамоаси бу мусобақада умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Энди бугундан бошлаб ёшлар ўртасида Осиё чемпионатига старт берилади. Ушбу мусобақада ҳам Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қорақалпоғистонлик полвонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.