Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар уйларига кузатиб қўйилди

317

Шимолий-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаб, резервга бўшатилган 600 нафардан зиёд муддатли ҳарбий хизматчилар тантана билан уйларига кузатилди.

Бир йил мобайнида қийинчиликни кўриб, машаққат ва синовларда тобланган юртимизнинг забардаст ўғлонлари уйларига ёруғ юз билан қайтиш арафасида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Рахматулло Рахмонов билан учрашиб, суҳбат қилишди.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг тантаналар залида самимий суҳбат тарзида ўтган учрашувда қўмондон бир йил муддат ичида маънан ва жисмонан улғайган ёшларга келажаги учун керак бўладиган насихатлар бериб, Ватан ҳимоячиси бўлиш каби масъулиятли вазифа ҳаммага ҳам насиб қилавермаслигини таъкидлади.

Дарвоқе, азал-азалдан оилада ўғил фарзанд дунёга келса, қўриқчи, ҳимоячи, аскар туғилди деб ўзгача ҳурсанд бўлишади. Бугун ҳам ўғил фарзандга оила устуни, авлод келажаги, юрт ҳимоячиси деб қаралади, келажакка яхши ниятлар қилинади. Ўғил бола балоғатга етганида, ота-она унинг катта ҳаётга илк қадамини айнан жасорат, мардлик ва матонат мактаби дея эътироф топган армиядан бошлашини орзу қилади.

Мана бир йил ҳам ўтиб кетди. Ўтган йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган мурғак ўспиринлар бугун ота-оналари дийдорига эр йигит бўлиб, уйларига ёруғ юз билан қайтишмоқда. Бир йил катта муддат бўлмаса-да, қисқа фурсат йигитларни анча тоблади, мустақил бўлишга ундади. Уларнинг дунёқарашини кенгайтирди, жамоа бўлиб яшашга, дўсту-биродарлик ришталарини сақлашга, Ватанга хизмат қилишга, ота-онани қадрлашга ўргатди. Ҳа, армия бу ҳаёт мактаби. У инсонни ҳам маънан, ҳам жисмонан тоблайди, катта ҳаётга тайёрлайди, чиниқтиради.

“Ҳаёт мактаби”да тобланган ёшлар билан қўмондоннинг суҳбати самимий руҳда, эркин мулоқот ва юқори кайфиятда бўлиб ўтди. Ҳарбий ҳаёт йўли бой тажрибадан иборат бўлган қўмондоннинг нутқи ибрат мактабини ўтаган ёшлар учун келажакда комил инсон бўлиб мамлакатимиз тараққиётига ўз улушини қўшишга чорлади. Касб-ҳунар ўрганишга, қайси соҳада бўлмасин, ўз ишининг моҳир устаси даражасигача кўтарилишга руҳлантирди. Юртимиз ободлиги, келажаги учун масъулият билан ёндашишга, бугуни ва эртаси учун жонкуяр, фидойи бўлишга ундади. Халқ ва давлат манфаатлари йўлида ғайрат қилишга, ўқиб изланишларига, тараққиётимизга ҳисса қўшишларига, юксак марраларни забт этишларига ишонч билдирилди.

Суҳбат давомида қўмондон намунали хизмати, командирлар томонидан қўйилган вазифаларни бажаришдаги масъулияти, юртимизнинг энг олис бўлган Шимолий-ғарбий ҳудудларини ҳимоя қилиш йўлида юксак жанговар шайлиги учун аскарларга ўзининг миннатдорчилигини изҳор этди. Қўшинларда олиб борилган жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида, шунингдек, спорт ва маданий тадбирларда фаол иштирок этгани учун уларга ҳарбий округ номидан раҳмат айтди. Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этаётган меҳнаткаш халқимиз, Президентимизга елкадош бўлиш, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилиш энг олий шараф эканини уқтирди. Ватанга қасамёдига содиқ қолишга, доим юрт тақдири учун ёниб яшаш кераклигини эслатди.






Тантана давомида 400 нафарга яқин муддатли ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномалари топширилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилги кўрсаткичда жами 45 нафар йигит армия сафларида хизматни давом эттириш истагини билдирган бўлса, бу йилги мавсумда муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида келгуси ҳаётини ҳарбийлик билан чамбарчас боғлаб, келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни давом эттиришга истак билдирганлар сони 106 нафарга етди. Бу ҳам бўлса ёшлар орасида ҳарбий касб нуфузи ортиб бораётганидан, шарафли соҳага қизиқиш юксалаётганидан далолат беради.

Тадбирда иштирок этган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари армия сафларини тарк этаётган ёшлар орқали уларнинг ота-оналарига ўз миннатдорчилигини билдириб, уларнинг ёруғ юз билан уйга қайтишига тилакдош бўлди. Келгуси ҳаётига панду-насиҳат бериб, юрт тақдири учун фидойи бўлишга чорлашди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг санъаткорлари томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

Шундан сўнг ёшлар Мудофаа вазирлигининг буюртмасига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан тақдим этилган махсус ҳарбий эшелон билан ҳарбий оркестр садолари остида уйларига жўнаб кетишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги