Футбол: келгуси режалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мураббийлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг Осиё кубогига тайёргарлиги ҳамда мусобақадаги иштироки муҳокама қилинди.
Фарҳод Нишонов бошчилигидаги мураббийлар штаби томонидан жамоа олиб борган йиғинлари, селекция, тиббий, руҳий ва жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Ўз навбатида, мураббийлар кенгаши аъзоларининг Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг Осиё кубогидаги иштироки юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди.
Жамоа олдига қўйилган Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси бажарилмаган бўлса-да, Осиё кубоги мусобақасида орттирилган тажриба ва хатолар устида ишлаш келгуси ютуқларга омил бўлиши айтиб ўтилди.

U-20 терма жамоаси мазкур ёш тоифасидаги давр бўйича мусобақалардаги иштирокини якунлади. Жамоа футболчилари Ўзбекистон U-23 терма жамоаси асосини ташкил қилиб, “Лос-Анжелес”да ўтадиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик олиб боради.
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийлигига номзодлар тегишли мутахассислар ва мутасаддилар томонидан кўриб чиқилгандан сўнг эълон қилиниши таъкидланди.


Т.Рўзиев, ЎзА