“Лочинлар” кейинги босқичга йўлланма олди

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб ва мактаб-интернатлар ўқувчилари ҳамда “Ватан таянчи” отряд аъзолари ўртасида “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичи ўтказилди.
Унда шаҳар ва туманлардан жами 20 та жамоа иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақада жамоалар сафда юриш ва саф элементларини бажариш, саф қўшиғини ижро этиш, АК-74 ўқув қуролини қисмларга ажратиш ва йиғиш, “Моҳир мерган” (10 м масофадан отиш), камондан ўқ отиш, умумқўшин ҳимоя воситаларини кийиш, турникда тортилиш, биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш ва “Темур тузуклари” билимдони каби шартларни жамоавий ва якка тартибда бажариб, ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Мусобақа якунида И.Юсупов номидаги ихтисослаштирилган ижод мактабининг “Лочинлар” жамоаси биринчи, Қораўзак туман ихтисослаштирилган мактабининг “Тебренбес” жамоаси иккинчи, Нукус Президент мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.
Ғолиб жамоалар ҳамда юқори балл билан ғалаба қозонган иштирокчилар номинациялар бўйича диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига миллий қадриятларни чуқур сингдириш, ёшларда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини кучайтириш мақсадида ташкил этилган “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасида сараланган жамоалар иккинчи – республика босқичида апрель ойининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида беллашади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири