Хотин-қизлар форумида муҳим ташаббуслар илгари сурилди

182

Нукусда “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик-тижорат банки ташаббуси билан “Меҳнат ва самара” шиори остида I хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Япониянинг Ямагата университети, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин қизлар қўмитаси, “Ҳамроҳ” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги кўмагида ўтказилган тадбир иштирокчилари дастлаб “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида ўз фаолиятини бошлаган хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, Ўзбекистон Республикаси “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик-тижорат банки Бизнесни ривожлантириш департаменти директори Д.Аминов, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Республикасига бириктирилган вакили Б.Султанов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, шу орқали даромадини оширишга қаратилаётган алоҳида эътиборга, шунингдек, мазкур форумнинг мақсад ва вазифаларига тўхталди.

Таъкидланганидек, тадбирни ўтказишдан мақсад давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, мамлакат иқтисодий ҳаётида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатишдан иборатдир.

Форумда дастлаб “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда 30 нафарга яқин ҳунарманд, тадбиркор аёл ўзларининг 50 турдан ортиқ маҳсулотини намойиш қилди.  Қорақалпоғистонлик 150 нафардан ортиқ тадбиркор ва ишбилармонлар, шунингдек, тадбиркорликка қизиққан хотин-қиз иштирок этган  кўргазмада намойиш этилган маҳсулотлар уларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбирда Япониянинг Ямагата университети профессорлари ушбу давлатнинг  кичик бизнесни ривожлантириш  тажрибалари ҳамда KAIZEN ва LEAN услубларидан фойдаланиб бизнесни юритиш борасидаги ўз тажрибаларини баён қилди. Форумда “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик-тижорат банки, Япониянинг Ямагата университети профессорлари билан ҳамкорликда ташкил этилган U-HOPE дастури бўйича ўқишни муваффақиятли тамомлаган тренерларга сертификатлар топширилди.

– Сўнгги йилларда Оролбўйида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ишбилармон аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқейини ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди “Тадбиркор аёл“ халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси ўринбосари Зоя Қалиева. – Ушбу  тадбир хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг билим ва тажрибасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда  тадбиркорлик соҳасида муваффақиятга эришиб келаётган ёш хотин-қизлар ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА