Жавоҳир Синдоров «Freestyle Chess Grand Slam-2025» ярим финалида
Ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров Германиянинг Вайссенхаус шаҳрида ўтаётган «Freestyle Chess Grand Slam-2025» турнирида тарихий натижага эришди.
Истеъдодли шахматчимиз бетакрор ўйинлари натижасида мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 1/2 финал босқичига чиқди.

Ортда қолган 1/4 финал баҳсининг илк учрашувида америкалик Хикару Накамура билан муроса йўлини танлаган бўлса, кеча ўтказилган жавоб ўйинида ҳам дурангга эришди.
Кучлар тенг келганда ўтказиладиган тай-брекнинг биринчи учрашувида Синдоров қора доналарда рақибини таслим этди. Иккинчи ўйинда оқ доналарда ҳаракатланган Жавоҳир АҚШ вакилига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Синдоровдан мағлубиятга учраган Накамура 5-8-ўринлар учун кечадиган учрашувда Нодирбек Абдусатторов, Гукеш Доммаражу ва Алиреза Фирузжа билан кураш олиб боради.
Айтиш лозим, Нодирбек Абдусатторов чорак финалнинг дастлабки баҳсида бўлганидек, иккинчи “дуэль”да ҳам собиқ жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсенга имкониятни бой бериб қўйди.

Ярим финалнинг қолган омадли шахматчилари номига Фабиано Каруана ва германиялик Винсент Каймер сазовор бўлди.
Бугун ўтказиладиган ярим финалнинг илк ўйинида Жавоҳир Синдоров Фабиано Каруана билан, Винсент Каймер Магнус Карлсен билан рўбарў келади.
Т.Рўзиев,
ЎзА