Сурияда ҳокимият алмашадими?

391

Хабарларга қараганда, Сурия жанубидаги исёнчи кучлар 2011 йил Президент Башар Ал-Асадга қарши қўзғолон кўтарилган муҳим ҳудуд – Даръа вилоятининг каттагина қисмини эгаллаб олган.

Маҳаллий гуруҳлар ҳукумат кучлари билан тўқнашувда бир неча ҳарбий объектни ўз назорати остига олишган. Айни пайт армияни олиб чиқиб кетиш, ҳарбий амалдорларга тахминан 100 км масофадаги пойтахт Дамашққа хавфсиз ўтиш ҳуқуқини бериш бўйича келишувга эришган.

Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари ташкилоти (SOHR) кеча жанубдаги исёнчилар Даръа ҳудудининг 90 фоиздан зиёд қисмини назорат қилаётгани, фақат Санамайн ҳудуди ҳамон ҳукумат қўлидалигини маълум қилди.

Стратегик ва рамзий аҳамиятга эга, музофот маъмурий маркази ҳисобланган ва Иордания чегарасидаги асосий ўтиш жойига яқин жойлашган Даръа шаҳрида 2011 йил ҳам демократия баҳонасида норозилик намойиши авж олган эди. Яъни, ушбу ҳудуд мамлакатда ярим миллиондан кўп одамнинг ҳалокатига сабаб бўлган ва ҳамон давом этаётган фуқаролар уруши марказларидан биридир.

Иордания ички ишлар вазири таъкидлашича, «Сурия жанубидаги хавфсизлик масаласи туфайли»  мамлакат ўз чегарасини ёпиб қўйган.

Даръадан тахминан 50 км шарқда жойлашган Сувайда шаҳри амалдорлари хавфсизлик кучлари ва минтақада устунликка эга друзлар озчилик мазҳабида жангарилари ўртасидаги тўқнашувдан сўнг шаҳарни тарк этгани айтиляпти. Шунингдек, курдлар бошчилигидаги кучлар ҳукуматнинг мамлакат шарқи – бепоён чўлдаги асосий таянчи бўлган Дайр аз-Заур шаҳрини ҳам эгаллаб олгани ҳақида хабарлар бор.

Шимолдаги исёнчилар ҳукуматга қарши сўнгги йиллардаги энг йирик ҳужумни бошлаганига бир ҳафтадан ошди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, қўзғолонлар натижасида ҳозиргача камида 370 000 киши уйини ташлаб кетгани тахмин қилинмоқда. Жанглар шимолдаги бегуноҳ аҳолининг шундай ҳам ночор ҳолатини баттар ёмонлаштирмоқда. Баъзи жойларда одамлар чорасизликдан ўз ҳудудида қамалиб қолган. Ўтган ҳафтадан бери мамлакат бўйлаб 820 киши, жумладан 111 нафар оддий аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Пайшанба куни жангарилар Ҳамс шимолидаги Хама шаҳрини эгаллади. Шу тариқа ўтган ҳафта Ҳалаб устидан назоратни йўқотган Президент Асадга иккинчи жиддий зарба бўлди.

“Ҳайъат таҳрир аш-Шом” (ҲТС) исломий жангари гуруҳи етакчиси Абу Муҳаммад Ал-Жавлоний Ҳамс аҳолисига “даврингиз келди”, дея хитоб қилган.

Россия ҳарбий самолётлари исёнчилар юришини секинлаштириш учун Растандаги кўприкни бомбардимон қилган. Бир неча кун давом этган жангдан сўнг Сурия ҳарбийлари Хама назоратини қўлдан чиқаргач, энди Ҳамсни ҳимоя қила олиши ҳам сўроқ остида қолган.

Мудофаа вазирлиги пойтахт Дамашқни Ўрта ер денгизи соҳилидаги Алавийлар ўлкаси билан боғлайдиган стратегик шаҳардан қўшинини олиб чиққани ҳақидаги даъволарни рад этди.

Алавийлар шиа мусулмонларининг озчилик мазҳаби бўлиб, Асад оиласи шу қавмдан чиққан. Мазкур ҳудуд узоқ вақтдан бери Асад ҳукмронлигини қўллаб-қувватловчи асосий нуқта, Президент ҳокимиятини қўлга олиш учун калит бўлиб хизмат қилган.

Сурия етакчиси исёнчиларни йўқ қилишга ваъда бериб, Ғарб кучларини минтақа харитасини ўзгартиришга уринаётганликда айблади.

Бинобарин, бир томондан ҳукумат қўшинлари паст маош ва авж олган коррупциядан руҳий тушкунликка тушгани, иккинчи томондан ҳарбийлар маоши 50 фоиз оширилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган.

Режимнинг асосий иттифоқчилари – Россия ва Эрон Асадни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА