Кўп йилдан бери тўхтамаётган инқироз, сиёсий гигантларнинг минтақадаги табиий бойликлар ва сиёсий таъсирни эгаллашга уриниши туфайли бугун Яқин Шарқ нафақат табиий, балки иқтисодий ва сиёсий инқироз ёқасига ҳам келган.

Ўз вақтида буни англаган Ар-Риёд минтақада геосиёсий жиҳатдан ҳал қилувчи мавқени эгаллашга уринмоқда. Бу йўлда Саудия Арабистони Қироллиги нафақат Туркия, балки сўнгги вақтларда минтақа геосиёсатида кучли таъсирга эга бўлиб бораётган Эрон билан ҳам тил топишишга эришди. Расмий Теҳрон ва Саудия Арабистони ўртасида 2023 йил илиқ дипломатик алоқа ривожлана бошлади. Ҳар икки мамлакат элчихоналарни қайта очиш, ҳарбий атташе фаолиятини йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувга эришмоқда. Шубилан бирга Ар-Риёдаста-секин Вашингтон ва Теҳрон ўртасида воситачига айланмоқда. Хабарингиз бор, яқинда АҚШ Саудия Арабистони орқали Эронга Ғазо уруши билан боғлиқ “махфий хабар” юборди ва Вашингтоннинг Исроилдан узоқлашишини назардатутувчи “кенг қамровли келишув”га эришиш бўйича Америка қарашини тақдим этди. Теҳрон бу даъвони ҳали тасдиқламади, бироқ юқори мартабали дипломат араб давлати Вашингтондан“минтақада йирик келишувга эришилгани” хабарини келганини айтган. Вашингтон ва Теҳрон ўртасида Саудия Арабистони воситачилиги ҳақида биринчи бўлиб Эрон матбуоти хабар берди. Январь ойи бошида Ар-Риёд делегацияси Саудия ва эронликларга юборилган Америка хабарини муҳокама қилиш учун Эронда бўлган.

Кейинроқ Оқ уй Эронга Саудия Арабистони орқали яна хабар юборди. Бу галги таклифнинг моҳияти Теҳронни “АҚШнинг Ғазодаги урушни тугатишни қўллаб-қувватлаши ва Вашингтонни Исроил Бош вазири Нетаньяху ва унинг ўта ўнгчи иттифоқчиларидан узоқлашиши эвазига Исроил – Араб муносабатларига путур етказмаслик”ка ишонтириш эди. Аввалроқ Вашингтон Эрон билан Америка манфаатини ифодаловчи Эрон пойтахтидаги Швейцария элчихонаси ёки Қатар ва Уммон каби Форс кўрфази давлатлари орқали алоқа ўрнатган. Бинобарин, Эрон матбуоти ва Ташқи ишлар вазирлиги вакили АҚШ билан алоқада Саудия Арабистони ролини ҳали очиқламади. Эрон дипломатлари АҚШга иддао қилиб, “АҚШ ҳукумати кўриши мумкин бўлган энг яхши ва самарали чора сионистик режимни сўзсиз қўллаб-қувватлашни тўхтатиши кераклигини даъво қилмоқда.

Араб матбуотига кўра, агар Қўшма Штатлар ҳақиқатан эҳтимолий воситачи сифатида Саудия Арабистонига мурожаат қилса, бу Вашингтон ва Ар-Риёднинг Теҳрон билан зиддиятни бошқаришга ўзаро ва ортиб бораётган истагини кўрсатиши мумкин. Айниқса, Оқ уй қиролликка 2024 йил ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови олдидан Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатиш учун босим ўтказаётган бир пайтда бу жиддий аҳамият касб этади. Саудия Арабистони сўнгги йилларда минтақа геосиёсатида кучли таъсирга эга бўла бошлади. Бу йўлда Ўрта Шарқ қўриқчисига айланиб улгурган Туркия ва Саудия Арабистони билан анча вақтдан бери яхши алоқага эга бўлмай келган Эрон раҳбарлари Ар-Риёдга кетма-кет ташриф буюришди. Фаластин масаласи юзасидан бўлиб ўтган ҳар икки учрашувда якдиллик таъминланиши қайд этилди. Бугун Яқин Шарқ минтақаси ҳар қачонгидан зиддиятли ва бутун дунё геосиёсий саҳнида мураккаб тузилмаси билан ажралиб турадиган минтақа бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугун Исроил – ХАМАС зиддияти асносида минтақа ҳукуматлари бир неча бор даврага бирлашиб, якдил қарорлар қабул қила бошладилар. Бу яқин келажакда минтақадаги сиёсий инқироз алангаланиб кетмаслиги учун жуда муҳим. Шу ўринда бир савол туғилади: Яқин Шарқдаги можарони қандай тўхтатиш мумкин? Жавоб битта: Фаластинликлар ўз давлатини тузганда.

Халқаро жамоатчилик фикри шундай: Исроил ва Фаластин халқлари учун маъқул тушадиган келишувга эришилмаса, Яқин Шарқ можароси хавфи қолаверади. Кескинликни фақат Фаластин халқи учраган адолатсизликни тугатиш орқали юмшатиш мумкин.

Зиёвуддин Нуриддинов