Давлат хизматчиси бўлиш учун Конституцияни билиш талаб этилади

293

Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимлар бўйича танловлар ўтказиб келинмоқда.

Портал фаолияти хорижий тажриба, номзодлар ва жамоатчилик таклифлари асосида такомиллашиб бормоқда.

Айни дамда очиқ танловларнинг тест босқичи иштирокчилари учун тест саволлари тўплами миллий қонунчилик, давлат тили, ахборот коммуникация технологиялари, мантиқдан иборат.

Эндиликда Миллий қонунчилик таркибига Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан саволлар қўшилди.

Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, давлат хизматига ишга киришда Конституциямиз бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этиш зарурлиги ҳақида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида таъкидлаб ўтилган.

Н.Абдураимова, ЎзА