Ўзбекистон-Хитой: савдо, маданият ва туризм соҳасида ҳамкорлик

309

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида мамлакатнинг Шинжон-уйғур автоном туманининг Урумчи шаҳрида савдо, маданият ва туризм соҳасида ҳамкорлик ва алмашинув бўйича биринчи Ўзбекистон конференцияси бўлиб ўтди.

Маълумки, ўтган 2023 йилнинг ноябрь ойида Урумчи шаҳрининг “Хунгуан” боғида Туризм қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон павилиони – “Регистон” майдони фойдаланишга топширилган эди.  “Савдо, маданият ва туризм соҳасида ҳамкорлик ва алмашинув бўйича биринчи Ўзбекистон конференцияси” айнан мазкур ҳудудда  Ўзбекистон учун ажратилган 10 минг кв.метрдан ортиқ майдонда қад ростлаган “Регистон” майдонида ўтказилди.

Тадбирда Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Д.Абдусаломов, Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев ва Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров, Шинжон-Уйғур автоном тумани савдо бошқармаси бошлиғи Лиу Боа, Тянцзян савдо бюроси директори Ли Чжианг, Шинжон-Тянцзин савдо палатаси президенти Линг Ченг ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Конференцияга мамлакатимизнинг барча ҳудудидан тадбиркорлар ва туристик компания вакиллари ташриф буюрди. Тадбирда Ўзбекистоннинг бой маданияти, туризм ва инвестицион салоҳияти, шунингдек, сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида савдо, иқтисодий, туризм ва бошқа йўналишларда икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу учрашувлардан асосий мақсад икки томон тадбиркорлик субъектларини таништириш ҳамда мамлакатимизга Хитойдан сайёҳлар оқимини ошириш кўзда тутилган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА