Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш (кейинги ўринларда юбилей тадбирлари деб аталади) тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита ушбу санани нишонлаш бўйича тадбирлар режасини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин.

Тадбирлар режасида қуйидагилар назарда тутилсин:

2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш;

Қарши шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш;

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китобини, “Маънавият” нашриётида Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларини, шунингдек, “Президентга мактублар” китобини нашр этиш ҳамда белгиланган тартибда таълим масканлари, ахборот-ресурс марказлари, маданий-маърифий муассасалар ва маҳаллаларга етказиш;

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди билан биргаликда “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзуида халқаро илмий конференция ўтказиш;

2018 йилнинг I чорагида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танловини якунлаш ва унинг ғолибларини тақдирлаш;

таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этиш.

4. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб-альбоми нашрга тайёрлангани маълумот учун қабул қилинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги юбилей тадбирларида хорижий меҳмонлар, олимлар ва экспертлар иштирокини таъминлашда ҳамда уларга республикага кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатсин.

6. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти юбилей тадбирларига таклиф этилган хорижий меҳмонлар учун республика ички қатновларига йўл чипталарини банд қилиш ва сотиб олиш, уларни мамлакатимиздаги халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалларининг VIP заллари орқали кутиб олиш ва кузатишни таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги юбилей тадбирларини ўз вақтида ва уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур маблағ ажратсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу қарорнинг 3-бандида назарда тутилган юбилей тадбирларини ўтказиш бўйича зарур ташкилий чора-тадбирларни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига юбилей билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 ноябрь