Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда пахтачилик тармоғини ривожлантириш, пахта тозалаш корхоналарини модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқариш ва пахта хом ашёсини қайта ишлаш рентабеллигини, шунингдек, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур соҳадаги ишларнинг ҳақиқий аҳволи ишлаб чиқариш жараёнларини тезкор янгилаш ва модернизация қилиш, илғор технологиялар ва корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш, умуман тармоқнинг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради.

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари етарлича жорий қилинмаганлиги оқибатида хом ашёни қабул қилиш, ташиш ва қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни реализация қилиш жараёнлари устидан лозим даражада ҳисобот ва назорат тизими мавжуд эмас.

Пахта тозалаш корхоналарининг ресурс салоҳияти ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ўртасидаги номутаносибликнинг кўпайиши, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини диверсификациялаш бўйича чораларнинг ўз вақтида кўрилмаганлиги ишлаб чиқариш қувватларининг анча қисми бекор туришига ва иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда.

Пахтачилик тармоғи корхоналарини бошқариш тизимини, шу жумладан фаолият юритаётган ташкилотлар тузилмасини оптималлаштириш орқали такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида соғлом рақобатни ҳамда уларнинг самарали фаолияти учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароитларни яратиш талаб этилмоқда.

Пахта хом ашёси сифат кўрсаткичларини аниқлашга нисбатан эскирган ёндашувларнинг қўлланилиши маҳсулот тайёрлаш ва ишлаб чиқариш ҳажми ҳақидаги аниқ маълумотларнинг бузиб кўрсатилишига, бунинг оқибатида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг норозилигига, тармоқнинг инвестициявий жозибадорлиги ёмонлашишига олиб келмоқда.

Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош ва сифатли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни йирик хорижий бозорларга янада олиб чиқиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 октябрдаги ПФ–5206-сон Фармони билан ташкил этилган “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКни тугатиш билан боғлиқ комплекс ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича комиссиянинг (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади):

“Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКнинг “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Ўзпахтаёғ” АЖ ва “Ўзпахтаэкспорт” АЖлари устав капиталидаги улушларини номинал қиймат бўйича давлат мулкига ўтказиш;

“Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКнинг устав капиталига киритилган активларни давлат улуши сифатида “Ўзпахтасаноат” АЖнинг устав капиталига баланс қиймати бўйича ўтказиш, ушбу банднинг иккинчи хатбошисига мувофиқ давлатга ўтказиладиган акциялар пакети бундан мустасно;

мол-мулкнинг қолган қисмини баланс қиймати бўйича беғараз бериш, шунингдек, “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХКни кейинчалик тугатиш йўли билан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини “Ўзпахтасаноат” АЖга ўтказиш;

“Ўзпахтаэкспорт” АЖ, “Ўзпахтасаноат” АЖ ҳудудий филиалларининг мол-мулкини баланс қиймати бўйича ўтказган ҳолда уларни “Ўзпахтасаноат” АЖга қўшиб олиш, шунингдек, “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаларини (кейинги ўринларда “Пахтасаноат” ҲАБ деб юритилади) қўшиб олиш жараёнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якунига етказиш орқали қайта ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига унинг тузилмасида 20 бирликдан иборат тегишли бошқарма ташкил этган ҳолда пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш функциясини юклаш;

2018 йил 1 январдан бошлаб “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидан “Ўзстандарт” агентлиги тузилмасига ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

“Ўзстандарт” агентлиги Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Сифат” маркази фаолиятини, шу жумладан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси талабларига мувофиқ ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Қуйидагилар “Ўзпахтасаноат” АЖнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлаш, экиладиган уруғлик чигитни тайёрлаш бўйича ишларнинг бутун комплексини ташкил этиш ва амалга ошириш, халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган юқори сифатли пахта маҳсулотини тайёрлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилиш соҳасида ягона сиёсат олиб борилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан қабул қилинадиган пахта
хом ашёсининг миқдори, сифати ва навлари, пахта толаси ва уруғлик чигитнинг чиқишига оид кўрсаткичлар, пахта тозалаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган пахта толасининг миқдори ва сифати бўйича маълумотларнинг ҳаққонийлигини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш ишларини ташкил этиш;

тузилган шартнома (контракт)ларга мувофиқ сотиб олинадиган пахта хом ашёси ва истеъмолчиларга жўнатиладиган пахта маҳсулоти учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

модернизацияни амалга ошириш, замонавий юқори унумли ускуналар ва илғор ишлаб чиқариш технологияларини жорий қилиш, тармоққа инвестициялар, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этишда ягона техника сиёсатини олиб бориш ҳамда пахта тозалаш корхоналари, пахта терминалларига кўмаклашиш;

хом ашёни қайта ишлашга берувчи сифатида пахта тозалаш корхоналарига улар томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари тизимида фаолиятни амалга оширишда кўмаклашиш;

илмий-техник ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни ривожлантириш, пахтачилик тармоғига инновацион ғоя, ишланма ва технологияларни жорий этиш;

пахтачилик тармоғи корхоналарининг кадрларини, шу жумладан хорижий таълим муассасаларини жалб этган ҳолда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни тизимли асосда ташкил қилиш, шунингдек, пахтачилик тармоғини ривожлантириш соҳасида чет давлатларнинг етакчи ташкилотлари билан узвий ҳамкорликни амалга ошириш.

3. “Ўзпахтасаноат” АЖнинг ташкилий тузилмаси, ижро этувчи аппарати тузилмаси, шунингдек, унинг таркибига кирувчи корхоналар рўйхати 1-3-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

4. “Ўзпахтасаноат” АЖ бошқарув раисига зарурат бўлганда “Ўзпахтасаноат” АЖнинг ижро этувчи аппарати тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

“Ўзпахтасаноат” АЖ бошқарув раиси ва унинг ўринбосари кузатув кенгаши томонидан сайланади, Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади;

“Ўзпахтасаноат” АЖнинг ижро аппарати фаолиятини жорий таъминлаш ва молиялаштириш пахта маҳсулотларини сотишдан воситачилик йиғими сифатида тушган маблағлар, дивидендлар, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

6. “Ўзпахтасаноат” АЖ икки ой муддатда:

“Пахтасаноат илмий маркази” АЖ фаолиятини уни молиялаштириш манбаси сифатида, шу жумладан пахта толасининг прейскурант бўйича улгуржи нархига белгиланадиган устамани назарда тутган ҳолда тубдан такомиллаштириш;

пахта толасининг намлик кўрсаткичини пахта толасини сертификатлашда аниқланадиган мажбурий кўрсаткичлар рўйхатига киритиш;

сифатни баҳолашнинг инструментал тизимларида синов натижалари асосида пахта толаси тойининг сифат кўрсаткичлари бўйича пахта толасини кетма-кетликда рақамлаш ва ажратиш тизимини жорий этиш;

“Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда – пахта хом ашёсини қабул қилиш, тўлдириш, сақлаш ва қайта ишлаш услубларини такомиллаштириш, “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта тозалаш корхоналарини замонавий ўлчов воситалари, лаборатория ускуналари, шу жумладан видеоускуналар, назорат ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига мос келадиган электрон тарозилар билан жиҳозлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда – “Ўзпахтасаноат” АЖ корхоналарининг бўш турган биноларини, шу жумладан уларни потенциал инвесторларга сотиш орқали босқичма-босқич оптималлаштириш бўйича таклифларни тайёрласин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. “Ўзстандарт” агентлиги “Ўзпахтасаноат” АЖ, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ, “Сифат” маркази билан биргаликда икки ой муддатда пахта хом ашёси ва пахта толасининг сифат кўрсаткичларига (нави, тури, тоифаси ва бошқалар) бўлган амалдаги талабларни, уларни аниқлаш услублари ва тартибини танқидий ўргансин, шунингдек, уларни янада оптималлаштириш ва такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритсин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

“Ўзпахтасаноат” АЖ пахта тозалаш корхоналарининг тайёр пахта маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ва ўз вақтида етказиб бериш бўйича ишларини мувофиқлаштириш “Ўзпахтасаноат” АЖнинг минтақавий пахта терминаллари томонидан амалга оширилади;

мазкур қарорга мувофиқ ўтказилаётган ва қабул қилинаётган мол-мулкнинг қиймати солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;

пахта толаси, пахта линти ва техник чигитни истеъмолчиларга сотиш пахта тозалаш корхоналари билан тузиладиган воситачилик шартномалари орқали “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни реализация қилишнинг ўрнатилган тартибига риоя этган ҳолда биржа савдолари орқали амалга оширилади;

“Ўзпахтаэкспорт” АЖ ва “Пахтасаноат” ҲАЖ “Ўзпахтасаноат” АЖга қўшилишида уларнинг акцияларини айирбошлаш номинал қиймат бўйича амалга оширилади.

9. “Ўзпахтасаноат” АЖнинг қуйидагилар ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин:

зарур ҳолларда, “Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи пахта тозалаш корхоналари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмалари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур корхона ва ташкилотларнинг эҳтиёжи учун товар (иш, хизмат)ларни марказлашган тартибда сотиб олишни амалга ошириш;

пахта тозалаш корхоналари томонидан 2017-2018 йиллар якуни бўйича ҳисобланадиган дивидендларни капиталлаштириш, шунингдек, 2017-2018 йиллар якунига кўра “Ўзпахтасаноат” АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши бўйича соф фойдадан 10 фоиз миқдорида дивиденд ҳисоблаш.

10. “Ўзпахтасаноат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 январга қадар муддатда:

“Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи пахта тозалаш корхоналари, пахта хом ашёсини қабул қилиш шохобчалари ва бошқа ташкилотларнинг бандлиги, штатлар сони, ташкилий тузилмасини танқидий ўргансин ҳамда харажатларни қисқартириш, меҳнат унумдорлиги ҳамда ишлаб чиқаришнинг рентабеллигини яхшилаш мақсадида уларни оптималлаштириш ва фаолият самарадорлигини янада ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

Пахта маҳсулотларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган ўрганиш доирасида уруғлик чигитни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланишнинг ягона ва замонавий тизимини яратиш бўйича таклифларни киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда пахта маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, тайёрлаш ва чиқариш жараёнлари, шунингдек, тайёрланган пахта хом ашёси ҳажмларининг статистик ҳисоботлар ва мавжуд маълумотларга мувофиқлиги устидан тизимли ҳамда таъсирчан назорат ўрнатсин.

15. “Ўзпахтасаноат” АЖ Тошкент шаҳри, Шота Руставели кўчаси, 8а-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.

16. “Ўзпахтасаноат” АЖ бир ой муддатда “Ўзпахтасаноат” АЖ ижро аппарати ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги икки ой муддатда тугатилаётган “Ўзпахтасаноатэкспорт” ХК ва қайта ташкил этилаётган “Ўзпахтаэкспорт” АЖнинг бўшаётган ходимларини иш билан таъминласин.

18. “Ўзпахтасаноат” АЖ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев ва Н.С.Отажонов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 28 ноябрь

 
* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
“Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан
такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
ШАРҲ

Пахтачилик Ўзбекистон иқтисодиётининг тизим ташкил этувчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда пахта тозалаш корхоналарини модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқариш ва пахта хом ашёсини қайта ишлаш рентабеллигини, шунингдек, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан, пахтачилик тармоғининг жадал ривожланишига тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Улар қаторида, биринчи навбатда, хом ашёни қабул қилиш, ташиш ва қайта ишлаш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни реализация қилишда ҳисобга олиш ва назорат тизимининг мавжуд бўлмаслигига олиб келган замонавий технологияларнинг етарлича жорий этилмаганлигини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш бўйича чораларнинг кўрилмаганлиги ишлаб чиқариш қувватларининг анча қисми бекор туришига ва иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда.

Пахтачилик тармоғи корхоналарини бошқариш тизимини, қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ўзаро муносабатларнинг услубларини такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Бугунги кунга қадар мазкур бошқарув тизими ортиқча оралиқ бўғинларни ўз ичига олиб, бошқарув жараёнларини бюрократлаштиришга шарт-шароит яратган ва бошқарув аппаратини таъминлаш учун ўзини оқламаган катта харажатларга олиб келган.

Ҳозирги вақтга қадар пахта хом ашёсини қабул қилиш ва қайта ишлашни ташкил этиш (“Ўзпахтасаноат” АЖ), пахта толаси сақланишини таъминлаш ва уни экспорт қилиш (“Ўзпахтаэкспорт” АЖ) ҳамда пахта ёғини ишлаб чиқариш (“Ўзпахтаёғ” АЖ) соҳаларидаги хўжалик бошқаруви органлари шартли равишда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясига бирлаштирилган эди. Бироқ, ишлаб чиқариш жараёнининг учта мустақил бўғинга ажратилиши ишлаб чиқариш самарадорлигини пасайтирган ва харажатларнинг ортишига олиб келган.

Тармоқ бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни йирик хорижий бозорларга янада олиб чиқиш заруратини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ “Ўзпахтасаноат” ва “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамиятларини бирлаштириш, шунингдек, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини тугатиш асосида пахтачилик тармоғи учун масъул бўлган ягона ташкилот – “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Ёғ-мой тармоғини ривожлантиришнинг мақбул йўлларини белгилаб олиш мақсадида “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти ушбу тизимдан ажратиб чиқарилди.

Янги ташкил қилинган “Ўзпахтасаноат” АЖга қайта ташкил этилган компанияларнинг мол-мулклари, уларнинг давлат улушлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан бирга ўтказилди. “Ўзпахтасаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг миқдори ва штатлар сони оптималлаштирилди, шу билан бирга мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш бўйича қўшимча таклифлар тайёрланади.

Қарор билан пахтачилик тармоғида ишлаб чиқариш жараёнларини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Хусусан, пахта хом ашёсини қабул қилиш, тўлдириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг техник воситалари ва услублари яхшиланади. Пахта тозалаш корхоналари замонавий ўлчов воситалари, лаборатория ускуналари, пахта хом ашёсини қабул қилишда инсон омилининг ролини пасайтирадиган энг янги ахборот технологиялари билан жиҳозланади.

Мазкур чора-тадбирлар пахта хом ашёсини қабул қилиш, ташиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни реализация қилиш устидан самарали ҳисобот ва назорат тизимини жорий этишга қаратилган бўлиб, қўшиб ёзиш ва аниқ маълумотларни бошқача тарзда бузиб кўрсатиш ҳолатларини истисно қилади.

Масалан, пахта толасини пахта тозалаш корхонасидан терминалга жўнатишда уни ажратиш тизимининг мавжуд эмаслиги сифат жиҳатдан турли хил маҳсулотларнинг етказиб берилишига сабаб бўлади, бу эса истеъмолчиларнинг эътирозларини келтириб чиқаради. Шу муносабат билан, сифатни баҳолашнинг инструментал тизимларидаги синов натижалари асосида пахта толаси тойининг сифат кўрсаткичлари бўйича пахта толасини кетма-кетликда рақамлаш ва ажратиш тизими жорий этилади. Шу билан маҳсулотни ҳисобга олишнинг халқаро услублари амалга киритилади, пахта сифатини аниқлашга нисбатан субъектив, асоссиз ёндашув истисно қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Сифат” пахта толасини сертификатлаш марказининг “Ўзстандарт” агентлиги тузилмасига ўтказилганлиги бошқа муҳим ўзгаришлардан бўлди. Ҳозирги кунга қадар 1,2 минг нафардан ортиқ ходими бўлган “Сифат” маркази ва 1,5 минг нафар ходимга эга “Ўзстандарт” агентлиги ўзаро ўхшаш фаолиятни ташкилий бўйсунувсиз, мустақил равишда амалга ошириб келган. Стандартлаштириш соҳасида такрорийликнинг бартараф этилиши пахта толаси, пахта линти ва техник чигит каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш нормативлари ва талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлайди.

Пахтачилик тармоғида молия интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармасига пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари қарори билан республика пахтачилик тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлаш имконини берадиган бошқа ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори пахтачилик тармоғида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни ҳал қилиш имконини беради, ушбу соҳадаги корхоналарни бошқариш тизимининг самарадорлигини тубдан оширади.