Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбе шаҳрида МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқи

Ҳурматли Эмомали Шарипович!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бугунги учрашувимизнинг барча иштирокчиларини самимий қутлаш ва Тожикистон Республикаси Президенти, муҳтарам Эмомали Шарипович Раҳмонга анъанавий самимий меҳмондўстлик ва ушбу мажлисни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилиш даврида тожик биродарларимиз тузилмамиз доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида самарали ишларни амалга оширганини алоҳида қайд этишни истардим.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Дунёда рўй бераётган жадал ўзгаришлар, тобора авж олиб бораётган глобал таҳдид ва хатарлар шароитида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда ва ўзининг зарур тузилма эканини тасдиқламоқда.

Ўтган йил мамлакатимизнинг МДҲ доирасидаги фаолиятида мутлақо янги босқични бошлаб берганини алоҳида қайд этишни муҳим деб биламан.

Ўзбекистон иқтисодиёт, энергетика, илм-фан ва инновация, жиноятчиликка қарши кураш каби соҳаларни қамраб олган ўндан зиёд тармоқ бўйича ҳамкорликка қўшилди.

Ташкилотимизнинг 2020 йилда бўладиган навбатдаги Саммитини Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни тасдиқлаймиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг энг долзарб ва истиқболли йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи. Жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб жараёнлар, «савдо урушлари» кескинлашиб, протекционизм кучайиб бораётган бугунги шароитда МДҲ эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритиши ва ўзаро бозорларни шакллантириш ҳал қилувчи масалаларга айланиши лозим.

Фақат йилнинг бошидан буён Ўзбекистон ва Ҳамдўстликнинг кўпчилик мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми сезиларли даражада ўсди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг юқори даражадаги ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида божхона тартиб-таомилларини имкон қадар соддалаштириш, савдо соҳасидаги мавжуд барча тўсиқ ва чекловлар, жумладан, техник ғовларга барҳам бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ҳамдўстлик маконида хизматлар бўйича эркин савдо зонасини тезроқ яратиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчи. Ўзбекистон машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперацияни янада кучайтириш тарафдоридир.

Биз бундай ҳамкорликни Ҳамдўстликнинг барча мамлакатлари билан фаол ривожлантирмоқдамиз.

Қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари иштирокида Молия-банк форумини ўтказишга тайёрмиз.

Учинчи. Тарифлар бўйича ўзаро имтиёзлар беришга доир ягона механизмни жорий этган ҳолда, халқаро ва минтақавий транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, барча турдаги транспортлар билан юк ташишга оид талабларни бирхиллаштириш ва турли тўсиқларни бартараф этиш, логистика марказларини ривожлантиришга қаратилган ишларни давом эттириш муҳимдир.

Тўртинчи. Бизнинг фикримизча, ўзаро маҳсулот етказиб беришда «яшил йўлаклар»ни кенг жорий этиш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали ҳамкорликка хизмат қилади.

МДҲнинг Агросаноат комплекси масалалари бўйича кенгаши ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа тузилмалари фаолиятини фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Бешинчи. Ҳамдўстлик мамлакатларида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, МДҲ доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича узоқ истиқболга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни маъқуллаймиз.

Шу тариқа саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари, молия секторида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида илғор рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, аҳоли ва бизнес субъектларининг қулай электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширган бўлар эдик.

Олтинчи. Ҳудудлараро ва чегараларга яқин минтақалар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда 2020 йилда МДҲ минтақалари форумини ўтказишни таклиф этамиз.

Еттинчи. Фашизм устидан қозонилган умумий Ғалабамизнинг 75 йиллигини кенг нишонлаш бўйича биргаликда тадбирлар ўтказишга устувор эътибор қаратамиз.

Бу масала 2020 йилда Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги концепциясида алоҳида акс эттирилади.

Саккизинчи. Хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш мамлакатларимиз барқарор тараққиётининг ҳал қилувчи шартидир.

Афғонистонда ҳануз давом этаётган қуролли можаро Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг аксарияти учун умумий таҳдид бўлиб қолмоқда.

МДҲ Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан тезроқ ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнашга қодир.

Халқаро терроризм хавфининг тобора ортиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Бугунги террорчилик тузилмалари катта молиявий ресурсларга, энг янги ахборот ва техника воситаларига эга, юқори даражада ҳаракатчан ва тезкордир.

Ҳозирги пайтда уларнинг Яқин Шарқдан Афғонистонга, МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда.

Мамлакатларимиз терроризм хавфини ўз вақтида ва самарали қайтариш учун ўзаро келишилган, аввало, олдиндан зарба беришга қаратилган ҳаракатларга тайёр туриши лозим.

МДҲ маконида юзага келаётган хавфсизликка қарши таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш учун таҳлилий ва тезкор ахборот билан мунтазам алмашишнинг амалдаги механизмлари доирасида самарали ҳамкорликни таъминлаган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Ёшлар ўртасида радикаллашув муаммоси эътиборимиз марказида бўлиб қолиши лозим. Шу муносабат билан таълим-тарбия, илм-маърифат, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитлар яратиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарур.

Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатларнинг Ёшлар масалалари кенгаши фаолиятига қўшилмоқда ва унинг фаолиятида фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Тўққизинчи. Маданий-гуманитар алоқалар ва маънавий қадриятлар Ҳамдўстлик мамлакатларини ҳамиша бирлаштириб келаётган кучдир.

Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар йили мамлакатларимизда навбати билан туризм ярмаркалари ва МДҲ маданияти кунларини, Ҳамдўстликнинг ижодкор ёшлари ўртасида мунтазам учрашувларни, уларнинг ҳар бирини муайян мавзуга бағишлаган ҳолда ташкил этишни, шунингдек, МДҲ Давлатлари маданий мероси Виртуал музейини яратишни таклиф этамиз.

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Сўзимнинг якунида туркманистонлик дўстларимизни Ҳамдўстликка раисликни қабул қилгани билан табриклаш ва уларга катта муваффақиятлар тилашга ижозат бергайсиз.

Муҳтарам Эмомали Шарипович Раҳмонга самимий қабул ва саммит юксак даражада ташкил этилгани учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.

Эътиборингиз учун раҳмат.