Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳақиқий аҳвол таҳлили мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва хорижий давлатларга экспорт қилишда иссиқхона хўжаликларининг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишга тўсқинлик қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганидан далолат бермоқда.

Хусусан, иссиқхона комплекслари ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларнинг мавжуд эмаслиги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ускуналарни хориждан келтиришга мажбур қилмоқда, бу эса уларга сервис хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларга ҳамда катта миқдорда куч ва маблағ сарфлашга сабаб бўлмоқда.

Замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмлари самарадорлигининг пастлиги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, мазкур соҳага инвестициялар жалб қилиш бўйича бизнес-лойиҳаларни кенг миқёсда амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Иссиқхоналарда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик материалларини етиштириш йўлга қўйилмаганлиги уларни хориждан импорт қилишга олиб келмоқда.

Ресурс ва энергия тежайдиган технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини жадал ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, соҳани малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмларини ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишнинг бутун занжирини ўз ичига олувчи мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер шаклини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий қилиш;

энергиянинг муқобил манбалари, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини яратиш;

иссиқхона комплексларини улар жойлашган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, тупроқ-иқлим шароитлари, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари турлари, туташ инфратузилма ва логистика объектлари, ҳудудларнинг энергия ресурслари билан таъминланиш даражаси ва иссиқхона хўжалиги самарадорлигига таъсир этувчи бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;

бозор конъюнктураси таҳлили асосида ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг замонавий усулларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилаётган экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари турларини кенгайтириш;

импорт қилувчи давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатиш ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар сифатини яхшилаш йўли билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш ва ҳажмини кўпайтириш;

мазкур қарор талаблари асосида иссиқхона хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат бозорида ушбу йўналишдаги малакали мутахассисларга бўлган талабни тўлиқ қондириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда Замонавий иссиқхона комплекслари ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар рўйхати 1-иловага мувофиқ шакллантирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ҳафта муддатда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар (мазкур қарорга 2-иловада келтирилган корхоналарни қўшган ҳолда) реестрининг шакллантирилишини;

бир ой муддатда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар (биринчи навбатда, давлат улуши 51 фоиз ва ундан юқори бўлган), муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда замонавий иссиқхона комплекслари жойлаштирилишини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида таъминласин.

3. Туташ ҳудудларида, биринчи навбатда, замонавий иссиқхона комплексларини жойлаштириш режалаштирилаётган иқтисодиёт тармоқлари корхоналарининг рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р.Холмуродовга кўрсатилган рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Ҳудудларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – ишчи гуруҳлар) ташкил этилсин ва уларнинг намунавий таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий иссиқхона комплексларини жойлаштириш учун ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда жойлашган бўш ер майдонларини аниқлаш;

замонавий иссиқхона комплексларини тез суръатларда ташкил этишда, уларнинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйишда тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий-техник кўмаклашиш.

Ишчи гуруҳлар раҳбарлари:

20 кун муддатда хатлов натижалари асосида келгусида замонавий иссиқхона комплексларини жойлаштириш мақсадида ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда жойлашган аниқ ер участкаларининг рўйхатини шакллантирсин;

аниқланган ер участкалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда замонавий иссиқхона комплекслари ташкил этиш бўйича мажбуриятларни кўрсатган ҳолда электрон савдоларга қўйилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг 2019 йилда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан, мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, бошқа халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотларининг кредит линиялари ҳисобига 200 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган ҳажмда маблағлар жалб қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ж.А.Қўчқоров, С.Р.Холмуродов) икки ҳафта муддатда, шу жумладан, мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этадиган тижорат банкларини аниқласин ҳамда лойиҳаларнинг рентабеллиги
ва иқтисодий самарадорлиги таҳлили асосида уларни амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. 2019-2020 йилларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар сони ва уларни амалга ошириш учун талаб этиладиган валюта ҳажмидан қатъи назар, тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича фоизларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб беришнинг қуйидаги тартиби қўлланилиши белгилаб қўйилсин:

айланма маблағларни тўлдиришга (уруғлик, кўчат, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари, кўмир, кўмир брикети, суюқ ва ёқилғининг бошқа турлари ва ҳоказоларни харид қилишга) ажратилаётган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 5 фоизли пунктдан ортмаган даражада;

энергиянинг муқобил манбаларидан (кўмир, кўмир брикети, суюқ ва ёқилғининг бошқа турларидан), энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш учун ажратилаётган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизимиқдорида, бироқ 10 фоизли пунктдан ортмаган даражада.

Молия вазирлиги замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича фоизларни қоплаш учун зарур бўлган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 2019-2020 йиллар давомида ўрнатилган тартибда ажратсин.

7. Юридик шахслар 2021 йил 1 январга қадар:

замонавий иссиқхона комплекслари, уларнинг бутловчи қисмлари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқаришда фойда солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилсин, бўшаб қолган маблағлар ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш ва ривожлантиришга мақсадли йўналтирилсин;

замонавий иссиқхона комплекслари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан озод этилсин (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари).

8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш бўйича Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида уруғчилик кластерларини (кейинги ўринларда – уруғчилик кластерлари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда яратилаётган уруғчилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорларини қабул қилсин, бунда уларнинг мазкур қарор билан белгиланаётган асосий вазифалари ва фаолият йўналишларини ҳисобга олган ҳолда қуйидагилар аниқланишини назарда тутсин:

уруғчилик кластерлари жойлаштириладиган аниқ ер майдонлари;

уруғчилик кластерлари фаолиятини молиялаштириш манбалари;

маблағлар ҳажмини кўрсатган ҳолда уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун маблағ киритишга тайёр бўлган салоҳиятли инвесторлар;

уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик шартлари;

уруғчилик кластерлари фаолияти самарадорлиги мониторингини юритиш механизмлари.

9. Қуйидагилар уруғчилик кластерларининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

давлат ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ, шу жумладан, ҳимояланган майдонларда, гидропоника ва аэропоника технологияларини қўллаган ҳолда техник, дон, дуккакли дон, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғларини етиштириш, тайёрлаш ва сотиш;

маҳаллий ва хорижий селекция навларининг мавжуд коллекцияси асосида ҳосилдорлиги ва сифати юқори, зараркунанда ва касалликларга чидамли, қўшилган қиймати юқори бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг навлари ва дурагайларини етиштириш тизимини яратиш;

қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагайларини яратиш бўйича илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришга кўмаклашиш;

уруғчилик соҳасида кадрлар малакасини оширишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ва таълим муассасаларига шартномалар асосида амалий ёрдам кўрсатиш.

10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг сифатни назорат қилиш лабораторияси негизида Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича ҳалқаро уюшмадан (ISTA) аккредитациядан ўтказиладиган, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лаборатория амалиётининг халқаро стандартлари (GLP) бўйича замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг нав, генетика ва экиш сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича лаборатория ташкил этилишини;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича халқаро уюшмага (ISTA) аъзо сифатида киритилишини таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрсин.

б) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда:

бирламчи материаллар ва донорлар тўпланишини, танланишини ўрганиш, шунингдек, мавжуд генетик ресурслар ва замонавий селекция усулларини қўллаш асосида иссиқхона хўжаликлари учун жаҳон бозори талабларига мос келадиган, мазали сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги юқори янги навлари ва дурагайларинияратсин;

2019 йилдан бошлаб етиштиришнинг гидропоника усули қўлланиладиган иссиқхона комплекслари учун сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлган, транспортда ташишга мўлжалланган, жаҳон бозори талабларига мос келадиган навлари ва дурагайларини яратиш бўйича 5 йиллик давр учун илмий лойиҳаларнинг республика грант танловларини ташкил этсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Самарқанд вилояти Самарқанд туманида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида юридик шахс мақомига эга бўлган қишлоқ хўжалиги ахборот-маслаҳат марказини (экстеншн марказини) (кейинги ўринларда – марказ) ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда марказ ташкил этилиши, жойлаштирилиши ва фаолияти самарали йўлга қўйилишини таъминласин.

12. Қуйидагилар:

а) марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб:

қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар ва илғор тажрибани ўзлаштириш ҳамда жорий этишда қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашиш;

контингентга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ишланмалар ва илғор тажрибани ўргатиш мақсадида семинар, тренинг, конференция ва бошқа тадбирлар (шу жумладан, “дала кунлари”) ўтказиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришга жорий қилиш учун тайёр илмий ишланмалар тўғрисида маълумотлар базасини яратиш;

б) марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб:

фаолият соҳаси бўйича шартнома асосида бажарилган иш ва кўрсатилган хизматлардан тушумлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда кредитлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2019 йил якунига қадар дастлабки лойиҳа натижаларини таҳлил қилсин ва натижалари бўйича ижобий тажрибани бошқа ҳудудларда татбиқ этиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “Иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш”, “Агрокимё ва агротупроқшунослик”, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш”ихтисосликлари йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига бакалаврлар тайёрлаш юзасидан қабул квоталарини камида 2 баробар ошириш тўғрисида таклифлар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда
2020 йил якунига қадар Ўсимликлар миллий генофондининг иссиқхона комплекслари учун қишлоқ хўжалиги экинлари навлари билан бойитилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йилнинг 1 мартига қадар иссиқхона хўжаликларининг ягона маълумотлар базаси тўлиқ ишлашини ва уларда ишлаб чиқарилган мева-сабзавот маҳсулотларининг тизимли ҳисоби юритилишини ўз маблағлари ҳисобидан таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш учун мазкур маҳсулотларни импорт қилувчи мамлакатларнинг, биринчи навбатда, Хитой, Ҳиндистон, Корея Республикаси ва Япониянинг карантин рухсатини олишда тизимли асосда кўмаклашсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига тўсқинлик қилаётган масалаларни тезкор ҳал этиш чора-тадбирларини, шу жумладан, музокаралар ўтказиш йўли билан амалга оширсин.

18. “Ўзэлтехсаноат” АК Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2022 йил охирига қадар иссиқхона комплекслари учун циркуляцион, тортувчи вентиляторлар ва бошқа ускуналар, асбоб ва жиҳозлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича чоралар кўрсин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда иссиқхона комплекслари учун зарур бўлган ускуналар, асбоблар ва механизмлар рўйхатини “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясига тақдим этилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси иссиқхоналар комплексларига талаб этиладиган ускуналар, асбоблар ва механизмлар ишлаб чиқариш учун “Ўзэлтехсаноат” АК томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳужжатлари асосида чет эл инвесторларини жалб этсин.

19. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Р.Холмуродовга – ҳудудларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш, шунингдек, замонавий иссиқхона комплексларида мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва салоҳиятли инвесторларни излаш бўйича вазирликлар, идоралар ва ишчи гуруҳлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдураҳмоновга – уруғчиликнинг замонавий тизимини шакллантириш, бирламчи уруғчилик, янги ва истиқболли навларни синаш билан шуғулланувчи уруғчилик кластерлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа корхоналар фаолиятини самарали ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т.Юсуповга – иссиқхона хўжалиги соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда тадбиркорлик субъектларига ахборот-маслаҳатлар билан кўмаклашиш, марказнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳокимлар билан биргаликда мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган тадбирларни самарали амалга ошириш учун;

“Ўзэлтехсаноат” АК бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи А.А.Абдуллаевга – иссиқхона комплекслари учун ускуналар, асбоблар ва механизмлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

20. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 20 ноябрь