Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ–60-сон Фармони билан репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, перинатал марказларни зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш вазифаси белгиланди.

Сўнгги беш йил давомида амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат оналик ва болаликни тизимли равишда муҳофаза қилиш имконини яратди, натижада оналар ва гўдаклар ўлимининг камайишига эришилди.

Шу билан бирга, олис ҳудудларда тиббий ёрдамни мақсадли йўналтириш тизимини юқори даражада ташкил этиш, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш, амбулатор ёрдамни янада яхшилаш, шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббий генетика ҳамда замонавий скрининг дастурларини жорий этиш талаб этилмоқда.

Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, шунингдек, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар 2022-2026 йилларда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

а) соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурларини амалиётга жорий этиш, шу жумладан:

соғлом фарзанд туғилиши, ривожланиши ва тарбияси масалалари бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш, тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаолликни оширишни тарғиб этиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш;

болалар, ҳомиладор ҳамда эмизикли аёлларни витамин ва минераллар билан бепул таъминлаш ҳамда мақсадли скрининг тадбирлари орқали касалликларнинг самарали профилактикасини олиб бориш;

б) 2022-2026 йилларда оналар ва болалар учун тиббий хизмат кўрсатиладиган объектларни реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

в) диагностика ва даволашнинг юқори технологияли ҳамда инновацион усулларини амалиётга жорий этиш ҳамда соҳа ходимларининг илмий салоҳиятини мунтазам ошириб бориш.

2. 2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

қуйидагиларни:

Нукус шаҳрида “Болалар тиббиёт кластери”;

янгидан ташкил этилаётган 46 та туманлараро перинатал марказларда чақалоқлар реанимацияси бўлими;

2022 йил 1 майдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шунингдек, Тошкент шаҳри оилавий поликлиникаларида болалар бўлими;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида амалдаги штат бирликлари доирасида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари;

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда ирсий-генетик, шу жумладан, орфан касалликларга барвақт ташхис қўйиш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораторияларини ташкил этиш;

Республика перинатал маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида 2022-2023 йилларда жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобил навбатчи реанимацион бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш;

янги туғилган чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг тадбирларини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва ҳудудлардаги барча туғуруқ комплексларида татбиқ этиш;

аудиоскрининг тадбирлари натижаларини таҳлил қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган электрон кузатув (трекингмарказларини жиҳозлаш.

Белгилансинки:

а) Нукус шаҳридаги “Болалар тиббиёт кластери” Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази биносини янгидан қуриш орқали ташкил этилади.

Бунда:

Қорақалпоғистон Республикаси Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ва Болалар стоматология поликлиникаси “Болалар тиббиёт кластери” таркибига киритилиб, ягона бошқарув йўлга қўйилади;

“Болалар тиббиёт кластери” биноси 2023 йил якунига қадар фойдаланишга топширилади;

б) 46 та туманлараро перинатал марказларда 6 ўриндан кам бўлмаган чақалоқлар реанимацияси бўлими қўшимча штат бирликлари ажратиш ҳисобидан ташкил этилади;

в) туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шунингдек, Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида ташкил этиладиган болалар бўлими мавжуд штат бирликлари доирасида шакллантирилади ва унда педиатрия йўналиши бўйича барча тор соҳа мутахассислари, мактаб ўқувчиларига хизмат кўрсатиш учун шифокор-педиатрлар, болалар шифокор-гинекологи, тегишли ўрта тиббиёт ходимлари, вакцинация хонаси ходимлари, “тиббиёт бригадалари”даги педиатрия ҳамширалари фаолият юритади;

г) шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобил навбатчи реанимацион бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш учун кечаю кундуз фаолият юритадиган қўшимча навбатчилик постлари ташкил этилади.

4. Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун 2022 йил 1 июлдан бошлаб “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 3 600 та2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилсин.

5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда икки ой муддатда оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари тизимига қўшилиши кўзда тутилган янги штатлардан келиб чиқиб, штат меъёрларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги ПҚ–4513-сон қарори билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши (А.Н. Арипов):

оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ҳамда чора-тадбирларнинг бажарилишини доимий назорат қилсин;

ҳар чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар бир вилоят, туман (шаҳар) кесимида маълумот тақдим этиб борсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда «Репродуктив саломатлик, оналик ва болалик масалалари бўйича» республика штаби, 14 та ҳудудий штатлар фаолиятини йўлга қўйсин.

Ҳудудларда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат фаолиятини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш, камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда ижросини назорат қилиш штабнинг асосий вазифалари ҳисоблансин.

7. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳудудида илик кўчириш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида 2022 йилда янги махсус амалиёт комплексининг биносини қуриш ва жиҳозлаш учун Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасидан зарур маблағ ажратилсин.

2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилсин.

8. Молия вазирлиги ушбу қарорда кўзда тутилган тадбирларни бажариш учун ҳар йили Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафаев) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) билан биргаликда 2022-2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказларни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг грант ва кредит маблағларини жалб қилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

13. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 25 апрель