Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим  тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 7 январда

қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда

маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат (бундан буён матнда маъмурий назорат деб юритилади) билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Маъмурий назоратнинг асосий вазифаси

Маъмурий назоратнинг асосий вазифаси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларга якка тартибда профилактик таъсир кўрсатишдан иборатдир.

3-модда. Маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун
ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Маъмурий назоратнинг асосий принциплари

Маъмурий назоратнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

демократизм;

адолатпарварлик;

инсонпарварлик;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига
риоя қилиш ва уларни ҳурмат қилиш;

белгиланадиган чекловларнинг дифференциаллашганлиги ва индивидуаллаштирилганлиги;

қонунга итоаткорлик хулқ-атворини рағбатлантириш.

5-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

маъмурий назорат – назорат остидаги шахсларга суд томонидан белгиланадиган маъмурий чекловларни қўллашдан иборат тарбиявий-профилактик таъсир кўрсатиш чоралари мажмуи;

маъмурий чеклов – ҳуқуқлар ва эркинликларни вақтинчалик чеклаш ёки зиммага мажбуриятлар юклатиш бўлиб, ушбу чеклаш
ёки мажбурият юклатиш жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган шахсга нисбатан суд томонидан белгиланади;

назорат остидаги шахс – ўзига нисбатан маъмурий назорат амалга оширилаётган шахс;

назорат остидаги шахснинг яшаш жойи (яшаш жойи) – назорат остидаги шахс доимий ёки вақтинча прописка қилинган турар жой.

6-модда. Ўзига нисбатан маъмурий назорат

ўрнатиладиган шахслар

Ушбу Қонун 8-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда қуйидаги вояга етган шахсларга нисбатан суд томонидан маъмурий назорат ўрнатилади:

суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган;

оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган;

ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган;

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига биноан оғир
ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлик учун бошқа давлат ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган.
Маъмурий назорат судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик ҳолати тугалланган шахсларга нисбатан ўрнатилиши мумкин
эмас.

7-модда. Маъмурий назорат чоғида белгиланадиган

маъмурий чекловлар

Назорат остидаги шахсларга нисбатан суднинг содир этилган қилмишнинг хусусияти ҳисобга олинган ҳолдаги қарори асосида қуйидаги маъмурий чекловлар белгиланиши мумкин:

яшаш жойидан сутканинг белгиланган вақтида ташқарида бўлишни тақиқлаш;

муайян жойларда бўлишни тақиқлаш;

суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан ички ишлар органларининг рухсатисиз чиқишни тақиқлаш;

рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача ички ишлар органига (ички ишлар органининг таянч пунктига) келиш;

алкоголли ичимликларни истеъмол қилишни тақиқлаш.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маъмурий чекловлар назорат остидаги шахснинг турмуш тарзига, оилавий аҳволига, шунингдек унинг шахсини тавсифловчи бошқа ҳолатларга қараб тўлиқ ҳажмда
ёки алоҳида-алоҳида тарзда белгиланади.

Маъмурий чекловларнинг рўйхати узил-кесил бўлиб, унга қўшимчалар киритилиши ёки у кенгайтириб шарҳланиши мумкин эмас.

Қўлланиладиган маъмурий чекловлар суд томонидан ички ишлар органининг тақдимномасига ёки назорат остидаги шахснинг ёхуд унинг вакилининг аризасига, шунингдек меҳнат жамоасининг, жамоат бирлашмасининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг илтимосномасига биноан назорат остидаги шахснинг турмуш тарзи
ва хулқ-атвори ҳақидаги маълумотлар инобатга олинган ҳолда қисман бекор қилиниши мумкин.

2-боб. Маъмурий назоратни ўрнатиш, амалга ошириш,

узайтириш, тугатиш ва маъмурий чекловларни

қисман бекор қилиш тартиби

8-модда. Маъмурий назоратни ўрнатиш тартиби

Маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги асослантирилган тақдимнома судга қуйидагилар томонидан юборилади:

суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга нисбатан – уларни озод этишдан камида бир ой олдин жазони ижро этиш муассасасининг бошлиғи томонидан;

жазони ижро этиш муассасаларида турган оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёхуд ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга нисбатан, агар улар жазони ўташ даврида белгиланган тартибда сақлаш режимини қасддан бузувчилар деб топилган бўлса, – уларни озод этишдан камида бир ой олдин жазони ижро этиш муассасасининг бошлиғи томонидан;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларга нисбатан – судланганлик ҳолатининг тугатилиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши муддатлари доирасида ички ишлар органининг бошлиғи томонидан ушбу шахслар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганидан кейин бир йил ичида икки ёки ундан кўпроқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлигидан далолат берувчи материаллар асосида.

Маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги тақдимномада маъмурий назоратни ўрнатиш зарурати, ўрнатиладиган маъмурий чекловлар юзасидан таклифлар ва ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилиши мумкин бўлган шахснинг ўзи танлаган яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Агар жазони ижро этиш муассасасидан озод этилаётган шахснинг маълум сабабларга кўра аниқ турар жойи бўлмаса, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти унга яшаш жойи билан таъминлаш, доимий
ёки вақтинчалик прописка қилиш ҳамда ишга жойлашишга ёрдам беришни сўраб, шунингдек ногирон ёки оғир касалликларга чалинган шахсларни даволаш масалаларини олдиндан ҳал қилиш тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, ички ишлар органларига ва соғлиқни сақлаш муассасаларига илтимоснома юборади.

Маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги тақдимнома олинган пайтдан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судьяси томонидан суд мажлисида ички ишлар органи вакилининг мажбурий иштирокида ва ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги тақдимнома кўриб чиқилаётган шахс иштирокида якка тартибда кўриб чиқилади.

Агар ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги тақдимнома кўриб чиқиладиган, суд мажлиси ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилинган шахс узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, шунингдек суд мажлисини бошқа кунга қолдириш тўғрисида илтимоснома тақдим этилмаган бўлса, тақдимнома суд томонидан ушбу шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорида маъмурий назоратни ўрнатиш учун асос, унинг муддати ва назорат остидаги шахсга нисбатан ўрнатиладиган маъмурий чекловлар кўрсатилади. Агар маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасасидан озод этиш чоғида белгиланган бўлса, суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорида назорат остидаги шахс танлаган яшаш жойига етиб келадиган муддат ҳам кўрсатилади.

Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилаётган шахснинг аниқ яшаш жойи маълум бўлмаган тақдирда, суд унинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланишидан олдин яшаган охирги яшаш жойи бўйича маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Назорат остидаги шахснинг яшаш жойи бўлмаган тақдирда, суд маҳаллий давлат ҳокимияти органларига назорат остидаги шахсни турар жой билан таъминлаш чораларини кўриш мажбуриятини юклаш тўғрисида қарор чиқаради.

9-модда. Маъмурий назорат муддати

Маъмурий назорат олти ойдан бир йилгача муддатга ўрнатилади. Маъмурий назорат муддати маъмурий назоратни ўрнатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқарилган пайтдан эътиборан, маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан шахсни озод этиш чоғида ўрнатилган ҳолларда эса, назорат остидаги шахс танлаган яшаш жойига етиб келган пайтдан эътиборан ҳисобланади.

Маъмурий назорат муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

назорат остидаги шахсга қидирув эълон қилинганда;

назорат остидаги шахс суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда.

Назорат остидаги шахс маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган тақдирда, маъмурий назорат муддати ички ишлар органининг тақдимномаси бўйича суд томонидан олти ойгача бўлган муддатга, лекин судланганлик ҳолатининг тугалланиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

10-модда. Назорат остидаги шахсга суднинг маъмурий

назорат ўрнатиш, унинг муддатини узайтириш

ёки маъмурий чекловларни қисман бекор қилиш

тўғрисидаги қарорини эълон қилиш ва топшириш

Назорат остидаги шахс суд мажлисида иштирок этган тақдирда суднинг маъмурий назорат ўрнатиш, унинг муддатини узайтириш
ёки маъмурий чекловларни қисман бекор қилиш тўғрисидаги қарори назорат остидаги шахсга суд томонидан эълон қилинади.
Суднинг қарори тегишинча жазони ижро этиш муассасасига
ёки назорат остидаги шахснинг яшаш жойидаги ички ишлар органига кейинчалик назорат остидаги шахсга тилхат олиб топшириш учун юборилади.

Суднинг қарорини назорат остидаги шахсга топшириш чоғида унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларни бузганлик ва зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлик, шу жумладан маъмурий назоратдан бўйин товлаш мақсадида яшаш жойини ўзбошимчалик билан тарк этганлик учун жавобгарлиги, ўзига нисбатан маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилишидан олдин ўрнатилган шахсга эса, танлаган яшаш жойига белгиланган муддатда етиб бормаганлик учун жавобгарлиги тушунтирилади.

11-модда. Жазони ижро этиш муассасаси томонидан

суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги

қарорини юбориш

Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти жазони ўташ даврида ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган шахсни жазони ижро этиш муассасасидан озод қилишдан олдин назорат остидаги шахснинг танлаган яшаш жойидаги ички ишлар органига суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорини ушбу шахс етиб борадиган вақт тўғрисида ёзма равишда хабар қилган ҳолда юборади.

12-модда. Маъмурий назоратни амалга ошириш тартиби

Маъмурий назорат назорат остидаги шахснинг яшаш жойидаги ички ишлар органи томонидан амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

маъмурий назорат муддати мобайнида назорат остидаги шахсларнинг ҳисобини юритиш, шу жумладан уларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори ва ниятлари тўғрисида ахборот тўплаш;

назорат остидаги шахснинг ижтимоий реабилитацияси ва ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

назорат остидаги шахснинг ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларга риоя этиши ва яшаш, иш, ўқиш ёки хизмат жойи бўйича зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши устидан назоратни амалга ошириш;

назорат остидаги шахс билан унинг ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олишга қаратилган якка тартибдаги профилактика ишларини амалга ошириш;

назорат остидаги шахснинг ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларни бузганлиги ва зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги фактларини аниқлаш ҳамда ҳужжатлаштириш бўйича чоралар кўриш.

Яшаш жойи ўзгарган тақдирда маъмурий назоратни назорат остидаги шахснинг янги яшаш жойидаги ички ишлар органи амалга оширади.

Маъмурий назоратни амалга ошириш бўйича тадбирларни
ўтказиш даврийлиги ва вақти суд белгилаган маъмурий чекловлардан, назорат остидаги шахснинг турмуш тарзи, оилавий аҳволи,
хулқ-атворидан, шунингдек унинг шахсини тавсифловчи бошқа ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ички ишлар органи томонидан мустақил равишда белгиланади.
Маъмурий назорат назорат остидаги шахснинг бир маромдаги
ҳаёт фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги керак ва, қоида тариқасида,
унинг ишдан, ўқишдан ёки хизматдан бўш вақтида амалга
оширилади.

13-модда. Маъмурий назоратни тугатиш тартиби

Маъмурий назорат қуйидаги ҳолларда тугатилади:

маъмурий назорат ўрнатилган муддат тугаганда;

судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлик олиб ташланганда;

назорат остидаги шахс озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган
ва жазони ўташ жойига юборилганда;

назорат остидаги шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганда;

назорат остидаги шахс бошқа давлатга доимий яшаш жойига чиқиб кетганда;

назорат остидаги шахс вафот этган ёки суднинг уни вафот этган
деб топиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирганда.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича маъмурий назоратни тугатиш тўғрисида ички ишлар органи томонидан қарор чиқарилади.

Агар назорат остидаги шахс ҳуқуқбузарлик содир этмаётганлиги, ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларга риоя қилаётганлиги ҳамда зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажараётганлиги аниқланса, шунингдек яшаш, иш, ўқиш ёки хизмат жойидан ижобий тавсифномалар мавжуд бўлса, маъмурий назорат муддатининг камида ярми ўтгач ички ишлар органининг тақдимномаси ёхуд назорат остидаги шахснинг ёки унинг вакилининг аризаси асосида, шунингдек меҳнат жамоасининг, жамоат бирлашмасининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг илтимосномасига кўра маъмурий назорат суд томонидан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Маъмурий назоратни муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги тақдимнома, ариза ёки илтимоснома ўн кунлик муддатда кўриб чиқилиши лозим.

Маъмурий назоратни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқарилади, қарор назорат остидаги шахсга эълон қилинади.

3-боб. Назорат остидаги шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Ички ишлар органларининг маъмурий назоратни

амалга ошириш борасидаги ваколатлари

14-модда. Назорат остидаги шахснинг ҳуқуқлари

Назорат остидаги шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

адвокат хизматларидан фойдаланиш;

кўриб чиқилаётган масала юзасидан изоҳлар бериш;

далиллар тақдим этиш;

судда маъмурий назорат ўрнатиш ва чекловлар қўллаш тўғрисидаги материаллар билан танишиб чиқиш ҳамда улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида
ўз ҳисобидан кўчирма нусхалар олиш ёки улардаги маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш;

маъмурий назоратни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида, шунингдек белгиланган маъмурий чекловларни қисман бекор қилиш ҳақида судга бевосита ёки вакили орқали аризалар билан мурожаат этиш;

суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ҳамда у бўйича ўз мулоҳазаларини билдириш;

суднинг маъмурий назорат ўрнатиш, у билан боғлиқ маъмурий чекловлар ва унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш;

иш бўйича келтирилган протестлар ва келиб тушган шикоятлардан хабардор бўлиш ва уларга нисбатан эътирозлар билдириш;

яшаш жойидан ташқарида бўлиш ва (ёки) суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан қисқа муддатга чиқиш учун рухсатномалар олиш тўғрисидаги аризалар билан ички ишлар органларига мурожаат этиш;

бевосита ёки вакили орқали ички ишлар органларининг қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг маъмурий назоратни ўрнатиш ва амалга ошириш чоғидаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш.

15-модда. Назорат остидаги шахснинг мажбуриятлари

Назорат остидаги шахс қуйидаги маъмурий назорат қоидаларига риоя этиши шарт:

жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганидан кейин
ўзи танлаган яшаш жойига суд томонидан белгиланган муддатда етиб бориш;

жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганидан кейин, шунингдек яшаш жойи ўзгарганидан сўнг ўзи танлаган яшаш жойига етиб келган кундан эътиборан уч кун ичида ҳисобга қўйилиш учун маъмурий назоратни амалга оширувчи ички ишлар органига келиш;

ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларга риоя этиш;

маъмурий назоратни амалга оширувчи ички ишлар органидан яшаш жойидан ташқарида бўлиш ва (ёки) суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан ташқарига қисқа муддатга чиқиш учун рухсатнома олинган тақдирда, қисқа муддатга чиқилаётган ҳудуднинг ички ишлар органини хабардор қилиш;

қисқа муддатга чиқиш жойидан қайтиб келганида доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органини хабардор қилиш;

маъмурий назоратни амалга оширувчи ички ишлар органини ишга жойлашганлиги, яшаш, иш, ўқиш ёки хизмат жойи ўзгарганлиги
ёхуд меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида уч кун ичида хабардор қилиш;

яшаш жойидаги ички ишлар органига ушбу орган томонидан белгиланган муддатда чақирувга кўра бориш;

ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларга риоя этиш
ва зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш.

16-модда. Маъмурий назоратни амалга оширишда

ички ишлар органларининг ҳуқуқлари

Маъмурий назоратни амалга оширишда ички ишлар органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат остидаги шахснинг хулқ-атвори тўғрисида иш, ўқиш
ёки хизмат жойи маъмуриятидан, жамоат бирлашмасидан, яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан, шунингдек фуқаролардан маълумотларни сўраш ва олиш;
назорат остидаги шахсга уй-жой бериш ва уни ишга жойлаштириш тўғрисида тегишли давлат органларига, бошқа корхоналар, муассасалар
ва ташкилотларга илтимосномалар юбориш;

профилактик суҳбат ўтказиш учун назорат остидаги шахсни унинг яшаш жойидаги ички ишлар органларига чақириш, назорат остидаги шахснинг талаби билан бундай суҳбатларни адвокат, жамоатчилик, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари ёки яқин қариндошлари иштирокида ўтказиш;

назорат остидаги шахсдан ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларга риоя этиш ҳамда зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш.

Ички ишлар органлари маъмурий назоратни амалга ошириш бўйича алоҳида тадбирларни ўтказишда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

17-модда. Маъмурий назоратни амалга оширишда ички ишлар

органларининг мажбуриятлари

Маъмурий назоратни амалга оширишда ички ишлар органлари:

назорат остидаги шахсга унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириши, шунингдек ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларни бузганлик ҳамда зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши;

маъмурий назорат муддати мобайнида назорат остидаги шахсларнинг ҳисобини юритиши;

назорат остидаги шахсларни ўзлари танлаган яшаш жойида прописка қилиш ва уларни ишга жойлаштириш юзасидан зарур чоралар
кўриши;

маъмурий назорат остидаги шахснинг ўзига нисбатан белгиланган маъмурий чекловларга риоя этиши ва яшаш, иш, ўқиш ёки хизмат жойи бўйича зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши устидан тизимли равишда назоратни амалга ошириши;

назорат остидаги шахс билан унинг ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олишга қаратилган якка тартибдаги профилактика ишларини олиб бориши;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинганидан кейин яшаш жойларига белгиланган муддатда узрли сабабларсиз етиб келмаган, шунингдек яшаш жойларини ўзбошимчалик билан тарк этган
ёки суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан рухсатномасиз чиқиб кетган назорат остидаги шахсларнинг қидирувини амалга ошириши
шарт.

Маъмурий назоратни ўрнатиш ва амалга ошириш назорат остидаги шахснинг бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги керак.

18-модда. Назорат остидаги шахсларнинг қидируви

Назорат остидаги шахс яшаш жойини ўзбошимчалик билан тарк этганда, шунингдек жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиш чоғида маъмурий назорат ўрнатилган ҳолларда яшаш жойига белгиланган муддатда узрли сабабларсиз етиб келмаганда ички ишлар органи назорат остидаги шахснинг турар жойи ва етиб келмаслик сабабларини аниқлаш чораларини кўради.

Назорат остидаги шахснинг қаердалиги аниқланмаган тақдирда ички ишлар органи назорат остидаги шахснинг турар жойи ва етиб келмаслик сабабларини аниқлаш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги ҳужжатлар (далолатнома, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси, фуқароларнинг ёзма кўрсатувлари, ички ишлар органи ходимининг билдиргиси) билан бирга судга унга нисбатан қидирув эълон қилиш зарурлиги тўғрисида тақдимнома юборади.

Назорат остидаги шахсга нисбатан қидирув эълон қилиш зарурлиги тўғрисидаги тақдимнома суд томонидан беш кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Назорат остидаги шахсга нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинади.

Назорат остидаги шахсларнинг қидируви ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

19-модда. Ички ишлар органлари томонидан назорат

остидаги шахсларга бериладиган

рухсатномалар

Маъмурий назоратни амалга оширувчи ички ишлар органи
назорат остидаги шахсга яшаш жойидан ташқарида бўлиш ва (ёки) суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан қисқа муддатга чиқиш учун
ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қуйидаги шахсий ҳолатлар муносабати билан рухсатнома беради:

яқин қариндошининг ўлими ёки оғир касаллиги;

ишга жойлашиш ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш зарурати;

таълим муассасаларига қабул қилиш чоғида кириш имтиҳонларини топшириш зарурати.

Ушбу модда биринчи қисмининг биринчи хатбошисида кўрсатилган рухсатнома қуйидаги ҳолларда бир ойгача бўлган муддатга берилиши мумкин:

назорат остидаги шахснинг тиббий ёрдам олиши ёки соғлиқни сақлаш муассасаларида даволанишдан ўтиши зарур бўлганда;

табиий офат ёки бошқа фавқулодда вазиятлар муносабати
билан яшаш жойида бундан буён истиқомат қилишнинг имкони
бўлмаса;

суд томонидан белгиланган ҳудуд доирасидан ташқарида таълим олганда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддат ошиб кетган тақдирда, маъмурий назорат назорат остидаги шахснинг турган жойи бўйича амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

20-модда. Суднинг, ички ишлар органларининг қарорлари

ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

(протест келтириш)

Ички ишлар органларининг маъмурий назоратни ўрнатиш ва амалга ошириш билан боғлиқ қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан прокурор томонидан протест келтирилиши ёки назорат остидаги шахс ёки унинг вакили томонидан суд қарори нусхаси олинган кундан бошлаб ўн кунлик муддатда бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Суднинг маъмурий назорат ўрнатиш, унинг муддатини узайтириш ёки уни муддатидан илгари тугатиш ёхуд маъмурий чекловларни қисман бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят ёки протест юқори турувчи суд томонидан кўриб чиқилади. Шикоят ёки протестни кўриб чиқиш якунлари бўйича суд томонидан қуйидаги қарорлардан бири чиқарилади:

суднинг қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида;

суднинг қарорини ўзгартириш тўғрисида;

суднинг қарорини бекор қилиш тўғрисида;

суднинг маъмурий назорат ўрнатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ва маъмурий назорат ўрнатиш ҳақида.

Шикоят берилиши ёки протест келтирилиши маъмурий назоратнинг амалга оширилишини суд маъмурий назоратни тугатиш тўғрисида қарор чиқаргунига қадар тўхтатиб турмайди.

21-модда. Маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик

Маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

22-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар идораларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги
750–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 33-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 832–I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 9, 229-модда) VIII бўлими.

23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини

таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

24-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга

мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                               Ш. Мирзиёев

 

ЎзА