Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатимизда ўсиб келаётган янги авлод вакилларига ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг эзгу интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мустақил фикрлайдиган, зукко ва кенг дунёқарашга эга бўлган ўғил-қизларни тарбиялаш борасидаги ишларга давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши сифатида алоҳида аҳамият берилмоқда.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ёшлари ўз куч ва имкониятларини улкан ютуқ ва марраларга эришиш йўлида сафарбар этиб, Ватанимиз тараққиётини юксалтириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида юксак азму шижоатини яққол намоён этмоқда.

Ўзининг юқори интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан ёшларни чуқур билим олишга, илм-фан сирларини эгаллашга ундаб келаётгани, улар ўртасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, буюк аждодларимизга муносиб бўлган баркамол авлодни вояга етказишда фарзандларимизга алоҳида ўрнак ва намуна бўлаётгани, «Заковат» интеллектуал клубининг қизғин ва муросасиз баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритгани ҳамда профессионал билимдонлар сафини кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётгани учун қуйидагилар мукофотлансин:

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан

Абдуллаев Абдурасул Муминович «Заковат» интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти директори

«Келажак бунёдкори» медали билан

Жуманов Беҳзод Турсунбаевич Гурлан туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси, Хоразм вилояти
Ходжаев Навруз Азаматович Урганч шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор, Хоразм вилояти
Ходжаев Ферузбек Кахрамон ўғли «Ишонч» дўконлар тармоғининг Хива филиали бошқарувчиси, Хоразм вилояти

«Шуҳрат» медали билан

Маткаримов Азамат Хурматович Хива шаҳридаги Президент мактабининг информатика фани ўқитувчиси, Хоразм вилояти
Тажиев Жамоладдин Нурлаевич Хива шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор, Хоразм вилояти
Ҳасанов Шодлик Бекпўлатович Хоразм Маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Хоразм вилояти

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 12 октябрь