Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори

Туризм тармоғини ривожлантириш, шу жумладан бугунги кун стандартлари ва талабларига жавоб берадиган замонавий меҳмонхоналар ва шу каби жойлаштириш воситаларини (кейинги ўринларда – меҳмонхоналар) қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, республикада меҳмонхона хўжалигини ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:

2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида меҳмонхоналар қурилишининг мақсадли параметрлари 1-иловага мувофиқ;

меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

замонавий ахборот технологиялари татбиқ этиладиган маданият муассасалари ва объектлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Маданият муассасалари ва объектларида замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) 4-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:

маданият муассасалари ва объектларида замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича минимал талабларни белгилаш;

икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида маданият муассасалари ва объектларида замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича энг яхши таклифларини танлаб олиш ва улар билан шартномалар тузилишини таъминлаш;

2019 йил 1 июлга қадар 3-иловада кўрсатилган маданият муассасалари ва объектларида замонавий ахборот технологияларини ўрнатишни таъминлаш.

3. Шундай механизмлар жорий этилсинки, уларга мувофиқ:

а) меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш тугаллангандан сўнг инвесторга мулк ҳуқуқи асосида сотилиши мумкин, моддий маданий мерос объектларининг ҳудуди ва муҳофаза зонаси ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкалари бундан мустасно;

б) 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда – Давлат бюджети) маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда, инвесторлар харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар сони 50 мингтага етгунига қадар келгуси йил учун Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда:
3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм;

4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Белгилансинки, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 рейтингига кўра) фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотлар учун роялти франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳажмда қисман молиялаштирилади:

дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Бунда ташкилотлар учун роялтини молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.

6. Қонунчиликка биноан меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозимлиги маълумот учун қабул қилинсинки.

7. Белгилаб қўйилсинки:

хостелларни Меҳмон уйлари ва хостеллар реестрига ўрнатилган тартибда киритиш талабини белгилаган ҳолда хостелларнинг меҳмонхона хизматини мажбурий сертификациялаш талаби бекор қилинади;

ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектлари ўттиз йилга, бироқ ўн йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади. Бунда ижарачилар беш йиллик ижара ҳақига тенг миқдорни ўзлари жойлашган моддий маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш қоидаларига риоя қилиш шарти билан дастлабки беш йил учун ижара ҳақи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кичик тадбиркорлик субъектларига туризм инфратузилмаси объектлари, меҳмонхоналар ва санитар-гигиеник шохобчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим қилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги туризм лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 2019–2021 йиллар давомида ҳар йили 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги пул маблағларини ўтказиб борсин.

9. Белгилансинки, намунавий, шу жумладан тармоқли лойиҳалар асосида замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш учун 80-100 квадрат метр ўлчамда ер участкаларини электрон аукционга қўймасдан олиш учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномасига кўра тадбиркорлик субъектларига устуворлик ҳуқуқи тақдим этилади.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда уларнинг негизида меҳмонхоналар ташкил этиш учун фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантирсин;

икки ҳафта муддатда тегишли ҳудудда қурилаётган ва реконструкция қилинаётган меҳмонхоналарни инвентаризациядан ўтказсин;

бир ой муддатда ўтказилган инвентаризация ва ўрганишлар якунлари асосида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ, ер участкаларини ажратиш ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари базасида меҳмонхона ташкил этиш ойлик тармоқ жадвалларини тасдиқласин.
бир ой муддатда меҳмонхоналар қуриш учун ажратилаётган ер участкалари ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари рўйхатини, уларга муҳандислик коммуникацияларининг етиб борганлиги даражасидан келиб чиқиб тоифаларга (тўлиқ, қисман таъминланган ва муҳандислик коммуникациялари мавжуд бўлмаган) ажратган ҳолда шакллантиришни ҳамда уни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ахборот майдонларида ва сайтларида жойлаштирилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда ер участкалари ва давлат мулки объектларининг тақдимот (планшет)ини тайёрлашни, лойиҳалар рўйхатини батафсил маълумоти билан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг сайтига (“invest.gov.uz”) жойлаштиришни таъминласин;
инвесторлар томонидан меҳмонхона қуриш учун ер участкалари ва давлат мулки объектларини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдонида аукционга қўйилишини таъминласин;

ҳар чоракда сотилмаган ер участкалари ва давлат мулки объектлари рўйхатига уларни инвесторлар учун жозибадор бошқа ер участкаларига алмаштириш орқали ўзгартиришлар киритиб борсин;

ҳар йили хостеллар ва меҳмон уйларини ташкил қилиш дастурини тасдиқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда республиканинг ҳар бир йирик шаҳрида хостеллар ва меҳмон уйлари тармоғини мавжуд бўлишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда инвесторларни излашни амалга оширсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки йил давомида инвесторлар томонидан замонавий талабларга жавоб берадиган, санитар-гигиеник шохобчаларга эга савдо нуқталари ва туризм инфратузилма объектларининг ягона тармоғини қуриш, бунда уларни биринчи навбатда кўп ташриф буюриладиган туризм намойиши объектлари ва туризм маршрутлари ўтадиган автомагистраллар ёқасида жойлаштириш бўйича таклифлар киритсин.
11. Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилояти ҳокимликлари Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия билан биргаликда Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва Хива шаҳарларининг тарихий ва қўриқланадиган ҳудудларида режалаштирилган бино
ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ишларни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишсинлар.

12. Қуйидагиларга:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига – меҳмонхоналар қуриш учун ер участкаларини ўз вақтида ажратиш, инвесторлар аризасига асосан уларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарлари зиммасига – Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда хорижий инвесторларни излаш ва жалб қилиш, шунингдек, уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тегишли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг барча босқичларида амалий ёрдам беришни самарали таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

13. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига – жойлардаги маҳаллий давлат органлари томонидан меҳмонхона қурилиши учун ер майдонларини ўз вақтида ажратилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмурадов зиммасига – тижорат банклари томонидан кредит маблағларини ўз вақтида ажратилиши, инвестицияларни жалб қилиш ва инвестиция масалалари бўйича хоким ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклансин.

14. 2022 йилнинг 1 январига қадар олиб кириладиган туристлар ташриф буюрадиган жойларга ўрнатиладиган антивандал санитария-гигиена шохобчалари, шунингдек, моддий маданий мерос объектлари, музейлар, театрлар, галереялар ва белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхатдаги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, турникетлар, дастурий таъминот, тўловни амалга ошириш – маълумот олиш терминаллари, видеокузатув ускуналари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ушбу қарор доирасида олиб кирилаётган товарлардан мақсадли фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатсин.

Белгилансинки, товарлардан мақсадсиз фойдаланилганда ҳолда юқоридаги божхона имтиёзлари қўлланилган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий санкциялар қўлланилган равишда давлат бюджетига ундириб олинади.

15. Қуйидагилар:

а) меҳмонхоналар олиши керак бўлган:

меҳмонхона ичида жойлашган ёки унга тегишли бўлган алкоголь маҳсулотлари (бар, мини-бар, кафе, ресторан) сотуви билан шуғулланадиган умумий овқатланиш объектлари ва савдо нуқталари учун алоҳида рухсат гувоҳномаси;

аэропортдан, темир йўл/автойўл вокзалларидан меҳмонхонага ва ундан қайтишга, шунингдек, туризм объектларига ўзининг ижарачилари транспорт хизматларини кўрсатиши учун лицензия;

б) шаҳар ва шаҳарлараро йўловчи ташувчи тадбиркорлик субъектларидан маҳаллий ва хорижий фуқароларга мамлакат бўйлаб номунтазам, шаҳарлараро йўловчи ташиш учун тегишли лицензияга эга автобус ёки кичик автобус хизматларини кўрсатиш учун қўшимча лицензия олиш талаблари бекор қилинсин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ижтимоий реклама шарти билан мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга оид ташқи реклама жойлаштирилиши учун ҳар бир туманда учтадан кам бўлмаган, шаҳарларда бештадан кам бўлмаган жойлар ажратилиши ва қурилишини таъминласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йилнинг 1 февралига қадар фото ва видеотасвирга олиш мумкин бўлмаган ҳудудлар ва жамоат жойларининг объектлари рўйхатини тасдиқласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасдиқланган рўйхатга мувофиқ 2019 йилнинг 1 мартига қадар фото ва видеотасвирга олиш тақиқланган тегишли кўрсаткич белгиларни икки ва ундан ортиқ (инглиз, рус ва бошқа) тилларда ўрнатилишини таъминласин. Бунда, тегишли кўрсаткич белгилари бўлмаган тақдирда фото ва видеотасвирга олишга тўсқинлик қилинмайди.

18. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги бир ой муддатда маданият объектлари ва муассасаларига кириш чипта нархларини белгилаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси 

           Президенти                                                                               Ш. Мирзиёев