Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 
 
ф а р м о н и
Мамлакатда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга ва янгиларини ташкил этишга қаратилган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар йилдан-йилга эҳтиёж ортиб бораётган энергия ресурсларини ишончли манбалар билан таъминлашни талаб қилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи энергиянинг қайта тикланмайдиган манбаларидан, жумладан, ресурслари чекланган углеводород хом ашёларидан устун даражада фойдаланиш ҳисобига қопланмоқда. Ваҳоланки, мамлакатда уран хом ашёсининг улкан захираси бўла туриб, амалда атом энергетикаси салоҳияти ишга солинмаган.
Аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлаш, энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда “Ўзатом” агентлиги деб юритилади) ташкил этилсин.
Белгилансинки, “Ўзатом” агентлиги:
атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.
2. Қуйидагилар “Ўзатом” агентлигининг атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш;
саноат ва экология хавфсизлигининг халқаро талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш;
атом фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш;
тадқиқот ва энергетика атом реакторлари, ядро-физика қурилмалари, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларининг ривожланишини ва уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш;
республикадаги объектларнинг радиациявий ва ядровий хавфсизлиги тизимини бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ядро авариялари ва радиациявий авария вазиятларининг олдини олиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
ядро материаллари ва технологиялари, радиоактив материаллар тарқалмаслигини таъминлаш, жисмоний ҳимоя қилиш ҳамда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;
кадрларни, шу жумладан, етакчи хорижий институтларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;
Халқаро атом энергияси агентлиги, Атом энергияси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни амалга ошириш;
атом энергетикаси соҳасига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ривожлантириш.
3. “Ўзатом” агентлиги ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, атом энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги халқаро экспертлар таркибига киритилган Илмий-техник ва эксперт кенгаши ташкил этилсин.
Белгилансинки, атом энергетикасини ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш “Ўзатом” агентлигининг Илмий-техник ва эксперт кенгаши хулосалари асосида амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин;
2018 йил 1 октябрга қадар муддатда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.
5. “Ўзатом” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2018 йил 20 декабрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси (кейинги ўринларда – Концепция);
2019 йил 1 июнга қадар – ишлаб чиқилган Концепцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфели;
2019 йил 1 ноябрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини (кейинги ўринларда – Дастур), шунингдек, Концепция ва Дастурнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминласин.
Концепция ва Дастур лойиҳаларини ишлаб чиқишда қуйидаги масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилсин:
Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс истиқболни кўриш ва стратегик вазифаларга;
юқори даражадаги саноат ва экологик хавфсизликни таъминлайдиган замонавий илғор технологияларни қўллаган ҳолда атом энергетикаси ва тегишли инфратузилма объектларини қуришга;
ядровий ва радиациявий хавфсизлик, шу жумладан, чиқиндилар утилизация қилиниши ва ишлатилган ядро ёқилғиси сақланиши устидан назоратни ташкил этишга;
атом энергетикаси соҳасида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларида ва чет элда мутахассислар тайёрлашга, шунингдек, уларнинг етакчи хорижий компанияларда стажировка ўташини ташкил этишга.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Ўзатом” агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда:
атом энергетикаси соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетига қабул квоталари;
талабаларнинг атом энергетикасининг аниқ мутахассисликлари юзасидан хорижий таълим муассасаларида таълим олиши ва стажировка ўташи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар билан атом энергетикасини ривожлантириш учун кредитлар ва грантларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси 
Президенти                                            Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 19 июль