Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Бозор муносабатларини кенг жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалигида молиялаштириш ва ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини тубдан такомиллаштириш, шу асосда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, рентабеллигини ошириш, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмлари барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясининг:

а) 2018 йил 1 мартдан бошлаб ишлаб чиқарувчиларнинг рентабеллиги ошишини ва юқори сифатли маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантиришни таъминлайдиган навлар ва класслар бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли дон хариди юзасидан кафолатланган давлат нархларини белгилаш;

б) тупроқ унумдорлиги паст ва охирги 3 йил мобайнида ҳосилдорлик гектарига 15 центнергача бўлган ерларда пахта хом ашёсига давлат буюртмасини жойлаштирмаслик тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг таклифлари асосида ушбу бандга мувофиқ бўшайдиган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини, энг аввало, озуқа ва мойли экинларни жойлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида икки ҳафта муддатда Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

2. Белгилансинки:

пахта хом ашёси ва бошоқли дон учун узил-кесил ҳисоб-китоблар ҳосил йиғиштириладиган йилнинг охиригача тўлиқ ҳажмда амалга оширилади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш учун дизель ёқилғиси ва ЭКО дизель ёқилғисининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ягона чакана нархлари 2018 йил охиригача бўлган даврда амал қилади;

минерал ўғитларни сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган алоҳида шартлар ҳисобга олинган ҳолда биржа савдоларида амалга оширилади;

фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қиймати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қопланади.

3. Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги 2018 йил 1 январдаги ҳолатига кўра ҳосил бўлган қарзларини, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирадиган фермер хўжаликларининг бюджет, давлат мақсадли жамғармалари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги 2018 йил 1 январдаги ҳолатига кўра ҳосил бўлган қарзлари, шу жумладан, ички тармоқ қарзлари бир ой муддатда ялпи хатловдан ўтказилишини, шунингдек, уни тартибга солиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) айлантириш ва уни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тасарруфига бериш;

пахта толасига жаҳон нархларининг кескин пасайиши эҳтимоли учун пахта толасига прейскурант ва жаҳон нархлари ўртасидаги ижобий тафовут суммаси ҳисобига Жамғарманинг суғурта ҳисобрақамини шакллантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:

навлар ва класслар бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли дон харидининг давлат томонидан кафолатланган нархларини тасдиқлашни;

минерал ўғитларни биржа савдоларида сотишнинг махсус шартларини;

фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартибини;

2018 йил ҳосили пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш бўйича агротехника тадбирлари ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш учун Жамғармадан ажратиладиган кредит ресурслари ҳажмларини туманлар бўйича белгилашни;

молиявий ресурслар ажратилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун зарур бўлган ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, кимёвий ҳимоя воситалари ҳамда бошқа ресурслар ва хизматлар ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда етказиб берилиши, тузилган шартномалар шартларига риоя этилиши, шунингдек, ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши ва ажратиладиган кредит ресурслари қайтарилиши юзасидан жавобгарликнинг аниқ соҳалари ҳамда назорат механизмлари белгиланишини;

Жамғарма фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирларини;

биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг эҳтиёжларини қондиришни ҳисобга олган ҳолда 2018 йилда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва сотиш балансини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

6. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга минерал ўғитлар сотувчи корхоналар учун 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда ягона солиқ тўлови ставкаси 2 фоиз миқдорда белгилансин.

7. Тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан олиб келинадиган фосфорли ўғитлар, шунингдек, фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган фосфорит хом ашё 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод қилинсин, божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддатда:

«Агробанк» АТБга давлат харидларининг назарда тутилган ҳажмларидан ортиқча бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларига кредитлар ажратиш учун йиллик 5 фоиз ставка бўйича депозитга 150 миллиард сўм миқдорида йиллик 10 фоизгача ставка бўйича маблағлар жойлаштирилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетида ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетида паст ҳосилли ерларда пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун зараркунандаларга қарши курашиш ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳосилнинг сақланиши бўйича харажатларни қоплашга республика бюджетида назарда тутилган маблағлар ҳисобига 100 миллиард сўм миқдорида маблағлар шакллантирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси (М.Икрамов) ҳар бир ҳудуд бўйича масъул ходимлар белгиланган ҳолда Жамғарма маблағлари ўз вақтида ажратилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан тизимли назоратни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Агробанк» АТБ бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ пахта хом ашёси ва бошоқли дон харид қилиш учун маблағлар ўз вақтида ажратилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан реал вақт режимида назорат қилиш имконини берадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг «Агробанк» АТБнинг маълумотлар базасидан фойдаланишини таъминласинлар.

10. Чора-тадбирлар сўзсиз амалга оширилишини ва Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни ўз вақтида молиялаштириш бўйича талабларга сўзсиз риоя қилинишини, уларга минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларининг зарур ҳажмлари етказиб берилишини таъминлаш, шунингдек, уларга нархлар спекулятив тарзда ўсиб кетишига йўл қўймаслик учун Бош прокурор О.Б.Муродов, Бош вазирнинг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев, Ж.А.Қўчқоров, А.С.Султанов, Н.С.Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М.М.Икрамовга шахсий масъулият белгилансин.

11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан икки ҳафта муддатда таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М.М.Икрамов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 28 февраль