Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги вақтларда аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминлашни яхшилашга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, фармацевтика тармоғидаги ишларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиш тиббиёт муассасалари ва аҳолининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминланиши устидан тизимли мониторинг ва назорат, давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт техникаси ҳолатининг лозим даражадаги ҳисоби ва таҳлили мавжуд эмаслигини кўрсатди.

Фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантиришнинг ягона стратегияси ишлаб чиқилмаган ҳамда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг фаолиятини, шу жумладан тегишли маҳсулотларни аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг уларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштириш таъминланмаяпти.

Деярли тайёр маҳсулот бўлган импорт хом ашёсидан фойдаланган ҳолда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришнинг кенг тарқалган амалиёти ҳамда технологик жараёнларнинг паст даражада эканлиги юқори сифатли ва рақобатбардош фармацевтика маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этишга тўсқинлик қилмоқда.

Фармацевтика фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг ишлаб чиқарилиши, олиб кирилиши ва сотилишини мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) ташкил этилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари экспертизаси ва стандартизацияси давлат марказини;

Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институтини;

Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтини;

“Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтини Агентликка бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш орқали ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш;

фармацевтика бозори конъюнктурасини ўрганишни ташкил қилиш, ички ва ташқи бозорларда юқори сифатли, рақобатбардош дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга ҳамда уларни жаҳон бозорига олиб чиқишга кўмаклашиш;

аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари, шу жумладан уларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилган турлари билан таъминланганлик ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, шу асосда ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фармацевтика тармоғи корхоналарининг асбоб-ускуналарини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашга кўмаклашиш, чет эл инвестицияларини, шу жумладан хорижий ва халқаро молия институтларининг маблағларини кенг жалб қилиш;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини ишлаб чиқариш жараёнига инновацион технологияларни янада жорий этиш учун илмий-тадқиқот ишлари ўтказилишини ташкил этиш;

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда, шунингдек, уларга қатъий нархларни ўрнатиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва киритишда бевосита иштирок этиш;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга етакчи чет эл фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот деб топиш учун мезонларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини давлат рўйхатидан ўтказиш;

давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида фойдаланилаётган тиббиёт техникаларининг ҳисоби ва реестри юритилишини таъминлаш ҳамда уларнинг ҳолатини таҳлил қилиш;

давлат соғлиқни сақлаш муассасалари учун дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспортининг марказлаштирилган харидини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий дорихоналари (кейинги ўринларда ижтимоий дорихоналар деб юритилади) тармоғини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишини таъминлаш;

фармацевтика тармоғига халқаро стандартларнинг жорий этилишини мувофиқлаштириш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик мустақил юридик шахс ҳисобланади, ўз балансига, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўлади;

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади;

Агентлик директорининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарлари бўлади;

Агентлик директори мақоми, маиший, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади;

Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

5. Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мамлакат фармацевтика тармоғини ривожлантиришни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича ишини мувофиқлаштириш;

Агентлик ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотларни сўраш ва олиш;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлаш;

Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компанияларининг юқори малакали ходимларини ва мутахассисларни жалб қилиш;

фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан тўғридан-тўғри маълумот алмашиш;

фармацевтика тармоғининг эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш ва фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, уларни бошқариш масалаларини келишиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот материаллари, даврий нашрлар ва бошқа босма маҳсулотларни чиқариш ҳамда тарқатиш;

фармацевтика корхоналарини GMP қоидаларига мувофиқлиги юзасидан сертификациядан ўтказиш;

фармацевтика тармоғи мутахассисларининг малакасини ошириш.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда:

Агентликнинг ташкилий тузилмасини, Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилий-штат тузилмасини;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Агентлик фаолиятини молиялаштиришга маблағларни 2017 йилда асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича ажратсин ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларида назарда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ҳафта муддатда Агентликни унга юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бино билан таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.

10. Қуйидагилар:

а) “Ўзфармсаноат” ДАК аъзоларининг концерн мулки ва бошқа товар-моддий бойликларини Агентликка ўтказиш билан уни тугатиш тўғрисидаги;

б) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “O‘zmedeksport” республика ташқи иқтисодий давлат корхонасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда “O‘zmedimpeks” ДУК деб юритилади) этиб қайта номлаш;

“Ўзмедлизинг” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини “O‘zmedimpeks” ДУКга давлат улуши бўйича акциядор функциясини берган ҳолда оператив бошқарувга бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

11. Белгилаб қўйилсинки, “O‘zmedimpeks” ДУК:

молиялаштириш манбасидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари учун тиббиёт техникалари ҳамда махсус тиббиёт автотранспортининг ягона етказиб берувчиси, шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича агент;

халқаро молия институтларининг кредитлари, грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспортининг хариди бўйича тендер комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “O‘zmedimpeks” ДУК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2018 йил 1 январга қадар муддатда ижтимоий дорихоналарни давлат соғлиқни сақлаш муассасалари (туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари), давлат мулкида бўлган бўш турган бино ва иншоотлар негизида 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда зарур ҳолларда капитал-таъмирлаш ишларини ўтказиб, кейинчалик уларнинг ҳамма жойда фаолият кўрсатишини таъминлаган ҳолда жойлашувини тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017-2018 йилларда ижтимоий дорихоналарни тасдиқланган нормативларга мувофиқ равишда жиҳозлаш учун Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасидан зарур маблағларни йўналтирсин.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “O‘zmedimpeks” ДУК буюртмалари бўйича давлат мулки бўлган иншоотлардан ва бошқа мулклардан беғараз фойдаланишга, шу жумладан ижтимоий дорихоналар ташкил этиш учун тақдим қилишни таъминлаб борсин;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан ижтимоий дорихоналрни капитал таъмирлаш, шунингдек, муҳандислик инфратузилмаларини жойлаштириш, ҳудудларини ободонлаштириш ва уларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга маблағлар ажратсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурида ижтимоий дорихоналарнинг қурилиши ва реконструкция қилиниши учун тасдиқланган ва экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ марказлаштирилган капитал маблағлар лимитларини ажратишни назарда тутсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ–2647-сон қарори билан ташкил этилган Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни назорат қилиш республика комиссияси унинг функцияларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклаган ҳолда тугатилсин.

Белгилансинки, Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “O‘zmedimpeks” ДУКнинг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишилган таклифларига кўра белгиланади.

16. “O‘zmedimpeks” ДУК 2023 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар тўлашдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртмалари бўйича дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспорти етказиб бериш шартномалари юзасидан божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш, нархини белгилаш тартибини такомиллаштиришни, қонунчиликка “in bulk” маҳсулотнинг аниқ белгиланган тушунчасини киритишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат кўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қатъий нархини, шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг тартибга солинадиган нархларини белгилаш тартибини тасдиқласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини уларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонларини тасдиқлаш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонларини тасдиқланган кундан бошлаб дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш нуқтаи назаридан уларнинг ишлаб чиқарилишини технологик аудитдан ўтказсин;

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини олиб кириш бўйича ягона логистика марказини ташкил этиш юзасидан таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида яратилган лойиҳаларни бажариш гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини ўргансин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–5185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолияти ва тузилмаси танқидий қайтадан кўриб чиқилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Мазкур ишлар жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетни шакллантириш, тақсимлаш ва бюджет маблағларини сарфлашдаги мустақиллигини оширишни инобатга олган ҳолда соғлиқни сақлаш идоралари ва муассасаларининг молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қатарилсин.

19. “O‘zmedimpeks” ДУКга олиб кирилаётган дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспортларини “O‘zmedimpeks” ДУК раҳбарияти томонидан уларни сақлаб туришнинг зарур шарт-шароитларини таъминлаш бўйича мажбуриятларни қабул қилган ҳолда “вақтинча сақлаш” ва “божхона омбори” божхона режими остида шахсий ҳамда ижарага олинган омборларга жойлаштиришга истисно тариқасида рухсат берилсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда “O‘zmedimpeks” ДУКга Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Э.Мараимов кўчаси, 50-уйда жойлашган божхона омборининг бино ва иншоотини беғараз фойдаланишга ўтказсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда “O‘zmedimpeks” ДУКни унга юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бино ва хоналар билан таъминлаш бўйича таклифлар киритсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 7 ноябрь

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига
ШАРҲ


Кейинги вақтларда аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминлаш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар мазкур соҳада маҳаллий фармацевтика тармоғининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган айрим тизимли камчиликлар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантиришнинг ягона стратегияси ишлаб чиқилмаган ҳамда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг фаолиятини, шу жумладан тегишли маҳсулотларни аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг уларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича лозим даражада мувофиқлаштириш таъминланмаган.

Оқибатда бугунги кунда тармоқдаги маҳаллий корхоналар юқори сифатли ва рақобатбардош фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш имконига эга эмас.

Масалан, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни таркибига кирувчи корхоналар умумий сонининг 19 фоизи фаолият юритмаяпти, 30 фоизининг ишлаб чиқариш фаолияти тайёр маҳсулотни қадоқлаш, ўраш ва ёрлиқ ёпиштириш билан чегараланган.

Ҳозирги вақтда дори ишлаб чиқариш учун импорт қилинаётган хом ашё умумий сонининг 23,4 фоизи тайёр маҳсулот ҳисобланади.

Маҳаллий фармацевтика корхоналарининг илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга бўлган манфаатдорлиги мавжуд эмаслиги оқибатида “Ўзфармсаноат” концерни корхоналари томонидан рўйхатдан ўтказилган асл дори воситаларининг улуши бор йўғи 1,3 фоизни ташкил этади.

Тармоқдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминлаш тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан мазкур маҳсулотлар нархини белгилаш механизмларини такомиллаштиришга, фармацевтика саноати корхоналари фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Шу билан бирга, “Ўзфармсаноат” концерни тугатилмоқда.

Агентликка фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилди.

Шу билан бирга, Агентлик дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлашни, фармацевтика корхоналарини тегишли ишлаб чиқариш амалиёти халқаро қоидаларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази, Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институти Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “O‘zmedeksport” давлат корхонаси “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси этиб қайта номланиб, Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. Бунда “O‘zmedimpeks” Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди, шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича агенти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ–2647-сон қарори билан ташкил этилган Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни назорат қилиш республика комиссияси унинг функцияларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклаган ҳолда тугатилди. 

Эндиликда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Фармонда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш, нархини белгилаш тартибини такомиллаштириш, қонунчиликка “in bulk” маҳсулотнинг аниқ белгиланган тушунчасини киритиш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қатъий нархини белгилаш тартибига алоҳида эътибор қаратилди. 

Шунингдек, дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини уларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонлари, шунингдек, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда давлат мулкида бўлган бўш турган бошқа бино ва иншоотлар негизида ижтимоий дорихоналарнинг жойлашуви тасдиқланади.

Умуман олганда, мазкур Фармон фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, шу жумладан маҳаллий дори воситаларининг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилишини изчил йўлга қўйиш, асл фармацевтика ишланмаларини кўпайтириш, шунингдек, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон ва сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжининг тўлиқ қаноатлантирилишини таъминлайди.