Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги даражага ўтказиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Қисқа вақт оралиғида “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 100 та хизматдан ортди, хизматдан фойдаланиш учун мурожаат қилаётган фуқаролар сони эса 50 баробарга ошди. Бунда кўрсатиладиган давлат хизматлари кўрсаткичи қўшимча давлат хизматлари жорий этилиши муносабати билан яна икки баробар ортиши кутилмоқда.
Бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш ва давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида:
1. 2019 йил 1 июндан бошлаб шундай тартиб белгилансинки, унга кўра:
жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматлари марказларида (кейинги ўринларда – Марказлар) фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъий назар, давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли;
давлат хизматларини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – Ягона портал) орқали мурожаат этганда давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдоридатўланади;
Ягона портал орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари учун давлат божлари ва йиғимларнинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда –Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтириладиган қисми 20 фоиздан 10 фоизга камайтирилади ва бўшайдиган маблағлар қолган олувчилар орасида мутаносиб равишда тақсимланади;
давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва ташкилотлар давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда белгиланадиган рўйхат бўйича маълумотларни ўзларининг маълумотлар базаларига ва ахборот тизимларига электрон кўринишда электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун киритиб борадилар.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа идора ва ташкилотлар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда ўзларининг идоравий ахборот тизимларида, ресурсларида ва маълумотлар базаларида мавжуд ва давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот ва маълумотлар “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига тақдим этилишини ҳамда Агентликка зарур ахборот ва маълумотлардан фойдаланиш имконини таъминласин.
3. Қуйидагилар:
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг 2019 йил 1 апрелдан бошлаб бекор қилинадиган айрим турлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;
 
Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгиловчи нормалари мавжуд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаган ҳолда қайта кўриб чиқиш жадвали (кейинги ўринларда – Жадвал) 2-иловага мувофиқ;
Давлат хизматларини оптималлаштириш, давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган маълумотларнинг электрон базаларини шакллантириш ҳамда идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини “Электрон ҳукумат” тизимига интеграция қилиш бўйича тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вазирлик ва идоралар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Жадвалга мувофиқ қайта кўриб чиқилишини:
Агентлик, Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ва бошқа манфаатдор идоралар ходимларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар тузиш;
аниқ бир турдаги давлат хизматини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани ялпи хатловдан ўтказиш;
давлат хизматларини оптималлаштириш, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларини бартараф этиш;
қонун ҳужжатларини қисқартириш, нормаларнинг кўплигини бартараф этиш ва уларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатга бирлаштириш орқали нормаларни тизимлаштириш;
давлат хизматлари кўрсатиш тартибларини Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунига мослаштириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган муддатларда киритиш орқали таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг 3-иловасида кўрсатилган вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига Тадбирлар режасининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
6. 2019 йил 1 августдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчалари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномалар, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномалар, тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида маълумотномалар талаб қилиниши тақиқлансин.
Белгилансинки, давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ “Халқ банки”, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан электрон ўзаро ҳамкорлик орқали фақат идоралараро интеграциялашув платформасига ахборот олиш учун уланиш йўли билан мустақил равишда сўрайдилар ва оладилар;
Давлат солиқ қўмитаси, АТБ “Халқ банки”, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2019 йил 1 июлга қадар давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фойдаланиладиган ахборот тизимларини такомиллаштирсин ҳамда мазкур бандда назарда тутилган ахборот ва ҳужжатларни фақат идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этсин.
7. Агентликка Марказлар орқали давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш (етказиб бериш) бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган тарифлар асосида пуллик экспресс-хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилсин. Бунда ногиронлиги бўлган шахслар ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисига экспресс-хизматлар текин кўрсатилиши назарда тутилсин.
8. Давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига:
фақат Марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини жорий этиш бўйича тадбирларни ўз вақтида бажариш;
давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларининг серверларида профилактика ишларини иш вақтидан ташқарида олиб бориш;
давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фойдаланиладиган ўзларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларидаги носозликлар ҳақида Агентликни хабардор қилиш, шунингдек, уларни зудлик билан тузатиш чораларини кўриш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
9. Агентликка хўжалик бошқаруви органлари, уй-жой коммунал ва фойдаланиш хўжалиги ташкилотлари томонидан турли хизматлар кўрсатилиши сифати устидан, жумладан, хизмат кўрсатиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва фуқаролар учун бошқа қулайликлар яратиш юзасидан мониторинг олиб бориш ваколати берилсин.
Агентликка:
хўжалик бошқаруви органларига, уй-жой коммунал ва фойдаланиш хўжалиги ташкилотларига аниқланган қонунбузилишлари ва камчиликларни, уларнинг йўл қўйилишига олиб келган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш;
давлат хизматлари кўрсатиш талаблари ва тартибини бузганлик учун айбдор бўлган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳуқуқи берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда давлат хизматлари кўрсатишда Марказлар ходимлари томонидан аризачилардан нақд ва нақдсиз пул қабул қилиш механизмини жорий этсин;
бир ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда давлат хизматларини тезлаштирилган тартибда оширилган тарифлар бўйича кўрсатиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;
уч ой муддатда манфаатдор идоралар билан биргаликда давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида самарадорлик ва натижадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) (кўрсатилган хизматларнинг миқдори ва сифати, хизмат кўрсатиш тезлиги, ходимнинг хушмуомалалиги ва малакалилиги, мурожаатчиларнинг фикрлари ва бошқалар) ҳамда уларнинг фаолиятини баҳолаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
уч ой муддатда Агентликнинг “Call service” орқали давлат хизматлари кўрсатиш механизмини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқсин ва қабул қилсин;
манфаатдор идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимининг блокчейн технологиясидан фойдаланиш асосида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида жорий этилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда юқори синфлар учун “Информатика ва ахборот технологиялари” фанининг ўқув дастурига “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш, талаб энг юқори бўлган давлат хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан, Ягона порталдан фойдаланган ҳолда олиш кўникмаларига ўргатишга бағишланган махсус бўлим киритсин.
12. Иқтисодий ривожланиш даражаси ортда қолаётган туманлар ҳамда чекка ҳудудларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПҚ–3701-сон “Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори доирасида қўшимча объектларни қуриш учун инвесторларга барча имтиёз ва афзалликлар сақлаб қолинган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ҳудуд миқёсидаги бошқа туман (шаҳар)дан ер участкаларини ажратишга рухсат берилсин.
13. Давлат хизматлари марказлари биноларини қуриш Режа-жадвали 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига Режа-жадвални ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
Агентлик Режа-жадвалнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторингни ўрнатсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига унинг ижро этилиши тўғрисида ҳар чоракда ахборот киритсин.
14. 2021 йил 30 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Агентлик томонидан Марказлар, нотариуслар ва ФҲДЁ архивларини жиҳозлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган сервер ва компьютер ускуналари, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот, асбоблар ва қурилмалар, бошқа ускуналар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                          Ш.МИРЗИЁЕВ
 
 
 
Тошкент шаҳри,
2019 йил 15 февраль