Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошланган ишлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди (кейинги ўринларда – Агентлик).

Ҳозирги вақтда нафақат тадбиркорларга, балки аҳолига ҳам энг зарур ва талаб юқори бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили бўйича кўрсатиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларини қамраб олган Халқ қабулхоналари ҳузуридаги давлат хизматлари марказларининг ягона тармоғи яратилди.

Шу билан биргаликда, амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқларга қарамасдан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида фойдаланилмаган имкониятлар ва ҳал этилмаган муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, бир қатор ташкилотларда базавий ахборот тизимларини жорий этиш масалалари ва уларнинг идоралараро интеграция қилиниши паст даражада эканлиги давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида кўрсатишни таъминламаяпти. Кўрсатиб ўтилган камчиликлар, айниқса, Мудофаа вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АЖ ва барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тааллуқлидир;

иккинчидан, давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар, кўчмас мулк объектлари ва бошқа ҳужжатлар реестрлари алоҳида қоғоз кўринишида юритилиши, электрон архивларнинг мавжуд эмаслиги электрон давлат хизматларини кўрсатишда қийинчиликларга олиб келмоқда. Бу каби салбий амалиёт, айниқса, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давергеодезкадастр) ва “Ўзархив” агентлигига тегишлидир;

учинчидан, кўпчилик давлат хизматлари марказлари ҳанузгача юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланмаганлиги идоралараро электрон ҳамкорликнинг зарур даражада йўлга қўйилмаслигига сабаб бўлмоқда. Ушбу жиддий муаммоларни бартараф этиш учун Агентлик, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Ўзбектелеком” АЖ раҳбарлари таъсирчан чоралар кўрмаяпти;

тўртинчидан, давлат хизматини кўрсатувчи ваколатли органлар ва давлат хизматлари марказлари лозим даражада замонавий компьютер техникаси ва техник воситалар билан жиҳозланмаганлиги давлат хизматларини кўрсатишнинг илғор ва инновацион методларини жорий қилишга тўсиқ бўлмоқда;

бешинчидан, давлат хизматлари марказлари зарур бино ва хоналар билан таъминламаганлиги талаб юқори бўлган кўплаб хизматларни кўрсатиш учун ташриф буюрувчиларни тўлиқ ва бир вақтда қамраб олишга имкон бермайди;

олтинчидан, рухсат бериш ва лицензиялаш жараёнларидан ўтиш ҳамон мураккаб ва ортиқча тартибга солинганлигича қолмоқда, давлат хизматларини олиш жараёнида ортиқча талаблар ва тўсиқларнинг мавжудлиги шаффофликнинг йўқолишига, ҳуқуқни турлича қўллаш амалиётига ва оқибатда суиистеъмолчиликлар тез-тез содир этилишига ва бошқа қоидабузарликларга олиб келмоқда;

еттинчидан, ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг билим даражаси ва малакаси пастлигича қолмоқда, уларга ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш ва олишни ўргатиш бўйича ташкиллаштирилган тизим мавжуд эмас.

Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатдан янги босқичга жадаллик билан ўтишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Маъмурий ислоҳотлар концепциясини изчил амалга ошириш мақсадида:

1. Агентлик, Давергеодезкадастр, “Ўзархив” агентлиги, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги бошқа вазирлик ва идораларнинг иши қониқарсиз, деб топилсин.

2. Қуйидагилар кўрсатиб ўтилган вазирлик ва идоралар, давлат хизматларини кўрсатадиган бошқа ваколатли органларнинг биринчи даражали вазифалари этиб ҳисоблансин:

давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини янада унификациялаш ва автоматлаштириш мақсадида ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини яратишга ягона технологик ёндашувни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологияларини жадаллик билан ривожлантириш ва жорий этиш;

вазирликлар ва идораларнинг архив фондини рақамли кўринишга ўтказиш ва тегишли ахборот ресурсларига киришга имконият беришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни янада жадаллаштириш;

ягона давлат реестрига киритилган барча давлат хизматлари бўйича бизнес жараёнларнинг реинжинирингини амалга ошириш орқали давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидаги тартиботларни ва уларни кўрсатиш муддатларини тубдан қисқартириш, бланк ва шаклларни сезиларли даражада оптималлаштириш;

давлат хизматларини кўрсатиш жараёнига жалб этилган ходимларнинг ўз лавозим мажбуриятларини сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажаришини таъминлаш, уларнинг масъулиятини кучайтириш, ҳозирги замон талабларига мувофиқ ишлаш кўникмаларини ва маданиятини ошириш, улар ишини объектив баҳолаш механизмларини жорий этиш;

юклатилган вазифа ва функциялардан келиб чиққан ҳолда муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатишда иштироклари бўйича ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан масъулиятларини ошириш;

бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан устувор равишда ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар, маълумотлар базаларини белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, электрон давлат хизматларини жорий этиш учун фойдаланиш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Агентлик замонавий давлат хизматларини жорий этиш масалаларига тегишли равишда ёндашмаётган давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини кўрсин.

3. Келгусида давлат хизматларини жорий этишни янада жадаллаштиришни таъминлаш ва уларни кўрсатишдаги заиф томонларни аниқлаш учун қуйидагича тартиб ўрнатилсин:

2018 йилнинг 1 июнидан иловадаги рўйхат бўйича давлат хизматлари марказлари томонидан тажриба тариқасида 70-100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатилади;

тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбари томонидан тасдиқланадиган вақтинчалик маъмурий регламентлар қабул қилинади;

тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхати аҳолининг долзарб эҳтиёжлари асосида шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан тасдиқланади;

тажриба тариқасида жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхатига киритилган давлат хизматлари фақат давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади;

давлат хизматларини кўрсатиш тажриба тариқасида жорий этилган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ҳақидаги аризаларни бевосита аризачилардан қабул қилиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июнига қадар давлат хизматларини тажриба тариқасида кўрсатиш натижаларига кўра, мазкур давлат хизматларини кўрсатишни республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш ва давлат хизматлари марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.

Ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Агентлик бюджетдан ташқари жамғармаси, Бюджетдан ташқари адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда давлат хизматлари марказларини туман (шаҳар)нинг транспорт кесишувлари фуқаролар учун қулай бўлган марказий қисмида жойлашган биноларга, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар биноларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш орқали, кўчириб ўтказишни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин.

Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига давлат хизматлари марказларининг янги биноларини фақат бюджетдан ташқари манбалардан, айниқса, давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини танқидий ва чуқур ўрганиш, аҳоли орасида сўровлар ўтказиш орқали сифатига нисбатан норозилик келиб чиқаётган давлат хизматларини аниқлаган ва уларни такомиллаштириш бўйича зарур чораларни кўрган ҳолда ҳар чоракда талаб юқори бўлган давлат хизматларини баҳолаб борсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

2019 йил 1 январдан бошлаб электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида идоралараро электрон ҳамкорлик амалга оширилаётганда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамидан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади;

2018 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази” ДУКнинг электрон рақамли имзо калитлари сертификатлари ушбу қарорнинг иловасида кўрсатилган давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларга бепул берилади;

Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор, унинг пудратчи (субпудратчи) ташкилотлари ахборот тизимларини, ресурслари, маълумот базалари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказларини зарур аппарат-дастурий комплекслари билан жиҳозлаш ишларини техник ва лойиҳа ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Лойиҳа ва импорт шартномаларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази” ДУКда тезлаштирилган тартибда келишгандан сўнг амалга оширади.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда кейинчалик “Электрон ҳукумат” тизими билан интеграция қилиш мақсадида уч ой муддатда ўзларининг ахборот тизимларидаги фуқаролар шахсий маълумотлари тўғрисидаги ахборотларни янгилашни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давергеодезкадастр, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда кейинчалик “Электрон ҳукумат” тизими билан интеграция қилиш мақсадида уч ой муддатда ахборот тизимларидаги жисмоний шахсларнинг манзил маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва кўчмас мулк объектлари кадастр рақамига боғлаган ҳолда янгилашни таъминласин.

9. Давергеодезкадастр:

тегишли аҳоли пунктлари, кўчалар, тор кўчалар ва бошқаларга уникал кодлар берган ҳолда кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантиришни ва юритишни таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда кўчмас мулк объектларининг манзиллари реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки Адлия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда электрон давлат хизматларини кўрсатганлик учун бож, йиғим ва бошқа тўловларни онлайн тарзда амалга ошириш механизмини жорий этишни таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча давлат хизматлари марказлари оптик толали алоқа линияларига уланишини таъминласин;

2018 йил 1 сентябргача бўлган муддатда телефон орқали келиб тушадиган мурожаатларни сақлаш имкониятини яратган ҳолда қўнғироқларни қайта ишлаш тизимини яратсин ва амалга киритсин;

Агентлик билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар талаб юқори бўлган электрон давлат хизматларини кўрсатиш учун ихтисослашган мобиль илованинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминласин;

Агентлик билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда ахборот тизимларини, ресурслари, маълумот базалари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказларини зарур аппарат-дастурий комплекслари билан жиҳозлашни таъминласин;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан бирга уларнинг ахборот ва телекоммуникация тизимлари, маълумотлар базалари, сервер ва бошқа жиҳозларини хатловдан ўтказиб, “Электрон ҳукумат” тизими ва Агентликнинг ахборот тизимларига интеграция қилсин, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни жорий этсин.

Мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбаси этиб Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди маблағлари ва давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари белгилансин.

12. Давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қуйидагиларни таъминласин:

давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган, қоғоз шаклда сақланаётган маълумотларни, электрон маълумотлар базаларини шакллантириш ва идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутган ҳолда, босқичма-босқич рақамли кўринишга келтириш;

ортиқча тартиботларни йўқотиш ва бюрократик унсурларни камайтиришни назарда тутган ҳолда кўрсатилаётган давлат хизматларини мақбуллаштириш, натижаларга кўра Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда уларни электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқиш;

ўзларининг идоравий ахборот тизимлари ва ресурсларини “Электрон ҳукумат” ва Агентлик ахборот тизимлари билан интеграция қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда чора-тадбирларнинг қисқа муддатларда ижро этилишини назарда тутган ҳолда мазкур банд ижросини таъминлаш бўйича қарор қабул қилсин.

13. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига моддий-техник воситаларни ўз вақтида харид қилиш, “Электрон ҳукумат” ва Агентлик тизимларига интеграция қилиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини яратиш ва такомиллаштириш, давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматларини ўз вақтида ва сифатли йўлга қўйиш учун шахсий жавобгарлик юклатилсин.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда ҳар чорак якунига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига давлат хизматларини йўлга қўйиш ва уларни электрон шаклга ўтказишда масъулиятсизликка йўл қўяётган аниқ шахсларни кўрсатган ҳолда мазкур қарорнинг амалга оширилиши бўйича маълумот киритиб борсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 июнига қадар Агентликнинг асослантирилган сўровлари бўйича халқаро молия институтларининг грантларини жалб қилган ҳолда давлат хизматлари марказларини зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш лойиҳаларини молиялаштириш бўйича аниқ таклифлар киритсин.

Агентлик 2018 йилнинг 1 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига давлат хизматлари марказларини зарур асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш лойиҳаларини молиялаштириш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг вазирлик ҳузурида энг янги ахборот технологиялари ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган бошқарув ходимлари сони 5 та штат бирлигидан иборат давлат муассасаси шаклидаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказини (кейинги ўринда – Мультимедиа маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

16. Мультимедиа марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳоли, айниқса, ёшларнинг, шунингдек, қишлоқ жойларида ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

замонавий технологиялар ва ижодий ёндашувлардан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича инновацияларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка, тадбиркорлик субъектларига етказиш;

адлия органлари ва муассасалари фаолиятини кенг ёритиш бўйича ахборот-таҳлилий ва обзорли медиа материалларни, шу жумладан, аудио ва видеороликлар, теле ва радио кўрсатувлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш ҳамда эфирга, шунингдек, Интернет тармоғига узатиш;

давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби бўйича жамоатчиликка маслаҳат ёрдамларини бериш, шу жумладан, қабул қилинган маъмурий регламентларнинг талабларини аниқ ва батафсил тушунтириш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ваколатли органлар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятини ўрганишлар ва текширишлар, шунингдек, қўпол қоидабузарликлар ва тизимли камчиликлар, айбдорларга нисбатан кўрилган чоралар, аризачиларнинг қайта тикланган ҳуқуқлари тўғрисида аҳолини хабардор қилиш;

аҳолининг барча қатламлари билан мулоқот ўрнатиш, давлат хизматларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловаларни кенг қўллаш орқали ушбу соҳанинг энг долзарб камчиликларини жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш.

17. Белгилансинки:

Мультимедиа маркази фаолиятини молиялаштириш бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Мультимедиа марказига Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тайинланган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Мультимедиа марказининг бошқарув ходимларига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган моддий ва ижтимоий муҳофаза чоралари қўлланилади;

Мультимедиа марказининг бошқа мутахассислари (режиссёр, креатив муҳаррир, мухбир, тасвирчи, видеомонтажчи, АКТ мутахассиси, аппарат-студия комплекси муҳандиси ва бошқалар) меҳнат бозоридаги ҳақиқий конъюнктурани ҳисобга олган ҳолда шартнома асосида жалб қилинади.

18. Мультимедиа маркази директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Мультимедиа марказига мазкур қарорнинг 17-банди бешинчи хатбошисида кўрсатилган мутахассисларни шартнома асосида ишга жалб қилиш;

Мультимедиа марказига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида бошқа ташкилотлар билан хизматлар олиш ва кўрсатиш (ишларни бажариш, товарлар ва маҳсулотлар етказиб бериш) бўйича шартномалар тузиш.

19. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда:

Мультимедиа марказининг устави тасдиқланиши ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Мультимедиа марказининг штат жадвалини тасдиқласин ҳамда юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин;

Мультимедиа марказини Адлия вазирлиги биносида жойлаштирсин, унинг ишини самарали ташкил этиш мақсадида алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти билан, шунингдек, 2 та автомашина, шу жумладан, 1 та махсус автомашина сотиб олинишини таъминласин.

20. Давлат хизматлари марказлари ва бошқа ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб барча ўрта ва касб-ҳунар таълим муассасаларининг охирги курсида (синфида) ёшларнинг зарур билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Давлат хизматларидан фойдаланиш маданияти” мавзусида ўқув семинарлари ва очиқ дарсларни ўтказиш амалиёти жорий этилсин.

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази Агентлик ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ўқув семинарлари ва очиқ дарсларни ташкил этиш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

21. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Юристлар малакасини ошириш марказида икки ой муддатда юзага келадиган низоли масалаларни ҳал қилиш, катта иш ҳажмига руҳий тайёргарлик, муомала ҳамда давлат хизматини кўрсатиш маданиятини оширишга қаратилган ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда доимий равишда давлат хизматлари марказлари раҳбар ва бошқа ходимлари ўқишини таъминласин;

давлат хизматлари марказлари ходимларининг Юристлар малакасини ошириш марказида ўз вақтида ва тўлиқ ўқиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

22. Агентлик бир ой муддатда давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хизматлардан фойдаланишнинг қулайлиги ва устунлигини, жумладан, аҳолига мазкур тартибни чуқур ўргатиш орқали уларнинг Интернет тармоғидан мурожаат қилишини рағбатлантириш амалиётини жорий этсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматларини самарали жорий этганлиги учун давлат органларининг масъул раҳбарлари ва ходимларини ҳар чорак якуни бўйича Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида рағбатлантириш механизмини жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 11 апрель