Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда гидрометеорология хизматини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда миллий гидрометеорология хизмати 330 дан ортиқ гидрометеорологик кузатувлар ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторингини олиб борувчи пунктларни бирлаштириб, улар ёрдамида 240 турдан ортиқ прогностик, сунъий йўлдошлардан олинадиган, таҳлилий, ихтисослаштирилган ва маълумотнома тусидаги гидрометеорологик маҳсулотлар тайёрланиши йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, сув ва қишлоқ хўжалиги, энергетика, шаҳарсозлик, саноат, транспорт ва туризм каби об-ҳавога боғлиқ иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланиши ва фаолият кўрсатишига кўмаклашувчи гидрометеорологик хизматлар сифати ва маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилишига салбий таъсир этувчи қатор муаммолар мавжудлиги ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Хусусан, гидрометеорология фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари тизимлаштирилмаганлиги, гидрометеорология хизматини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепцияси мавжуд эмаслиги, ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот фаолияти замонавий талабларга жавоб бермаслиги, гидрометеорологик кузатув тармоғининг ривожланмаганлиги, шунингдек, бошқарув ва прогнозлар тайёрлаш жараёнларининг ортиқча марказлаштирилганлиги, ходимлар етарли даражада моддий рағбатлантирилмаётганлиги юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминламаяпти.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини гидрометеорологик ва иқлимий маълумотлар билан таъминлаш ва мониторинг юритиш тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, гидрометеорологик ахборотни олиш, тўплаш ва тарқатишда замонавий ахборот ҳамда сунъий йўлдош технологияларидан кенг фойдаланиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

а) 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

б) 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича“йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

в) Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази кузатув тармоғини кенгайтириш ва автоматлаштириш бўйича дастур (кейинги ўринларда – Дастур) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастур 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази (кейинги ўринларда – Ўзгидромет) учун назарда тутилган Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

2. Ўзгидромет Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

Ўзгидромет Марказий Осиё давлатлари учун Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ихтисослаштирилган метеорология маркази, шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти Жаҳон об-ҳаво хизматининг гидрометеорологик маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва тарқатиш бўйича Минтақавий телекоммуникация маркази функцияларини бажариши маълумот учун қабул қилинсин.

3. Ўзгидромет ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси (кейинги ўринларда – Метеоинфоком) ташкил этилсин.

Белгилансинки:

Метеоинфоком ходимларига Ўзгидромет ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби қўлланилади;

Метеоинфокомни жорий сақлаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимлари меҳнатини қўшимча моддий рағбатлантириш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзгидрометнинг Тошкент гидрометеорология коллежи негизида Тошкент гидрометеорология техникумини (кейинги ўринларда – Техникум) ташкил этиш ва уни Ўзгидромет тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Техникум гидрометеорология соҳасида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ўқув муассасаси, метеорология, гидрология, гидрометеорологияда алоқа ва коммуникациялар соҳасида касб-ҳунар таълими бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш учун масъул этиб белгилансин.

Белгилансинки:

Техникумда кадрлар тайёрлаш давлат буюртмаси ва тўлов-шартнома асосида амалга оширилади;

Техникумнинг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Техникум Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ўқув маркази функцияларини бажариши маълумот учун қабул қилинсин.

5. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзгидрометда гидрометеорология, хавфли гидрометеорологик ҳодисалардан огоҳлантириш ва уларнинг олдини олиш, авиацияга метеорологик хизмат кўрсатиш ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида фаолият юритувчи ходимларнинг Тошкент гидрометеорология техникумида дастур асосида малакасини ошириш тартиби жорий этилсин.

Мазкур банд ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Т.А.Худайбергенов), Мудофаа вазирлиги (Б.Н.Қурбонов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) бир ой муддатда ходимларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзгидрометнинг “Гидрометприбор” илмий-ишлаб чиқариш корхонасини тугатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

7. Ўзгидромет тузилмасида:

Ўзгидромет ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Бош директорнинг ахборот технологияларини жорий этиш ва инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда Бош директорнинг молия-хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилсин;

Тошкент шаҳар гидрометеорология бошқармаси ташкил этилсин.

8. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ташкилий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази марказий аппаратининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар гидрометеорология бошқармаларининг намунавий тузилмаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзгидромет бош директорига, зарур ҳолларда, марказий аппарат, унинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бошқармалари тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

9. 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти икки баравар оширилган ҳолда қўлланилсин;

б) Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун қуйидаги миқдорда ойлик устама ҳақ тўлансин (белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

2 йилдан 5 йилгача – 0,2; 5 йилдан 10 йилгача – 0,3; 10 йилдан 15 йилгача – 0,4; 15 йилдан 20 йилгача – 0,5; 20 йилдан 25 йилгача – 0,6; 25 йилдан ортиқ – 0,7.

Бунда, соҳада узоқ муддат хизмат қилганлик учун иш ҳақига устама ҳақ олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажини ҳисоблашда Ўзгидромет ва унинг тизим ташкилотларидаги иш стажи инобатга олинади.

Белгилансинки, ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ, шунингдек, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджети маблағларидан молиялаштиришни таъминласин.

10. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтининг иқтисодиёт тармоқларига глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш ва унинг оқибатларини юмшатишга йўналтирилган гидрометеорология фаолияти бўйича илмий лойиҳаларни шакллантириш орқали илмий-тадқиқот ишланмаларини молиялаштиришни таъминласин.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти томонидан 2021-2023 йилларда ўтказиладиган илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзгидрометнинг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Гидрометеорология факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Ўзгидрометнинг салоҳиятли ходимларини етакчи хорижий таълим, илмий ва ихтисослаштирилган муассасаларда ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташини ташкил этсин.

13. Ўзгидромет (Ш.Ҳ.Ҳабибуллаев):

а) гидрометеорология соҳасида халқаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли Конвенцияси ва Париж битими доирасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан ҳар ярим йилда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;

б) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Ш.М.Қодиров), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М.Садиков), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) билан биргаликда икки ой муддатда гидрометеорология фаолиятида сунъий йўлдош ва ерни масофадан зондлаш технологияларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, гидрометеорологик маълумотлар билан алмашиш учун маълумотлар узатишнинг ягона телекоммуникация тармоғини яратиш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

в) Ўзбекистон Республикасида авиацияни метеорологик маълумотлар билан таъминлаш соҳасида халқаро меъёрий ҳужжатлар қоидалари ва талабларини миллий миқёсда амалга ошириш бўйича Жаҳон метеорология ташкилоти ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти билан ҳамкорликни таъминласин;

г) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Россия давлат гидрометеорология университети ва бошқа хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари бўйича гидрометеорология йўналишида кадрлар тайёрлашни ташкил этсин;

д) хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни прогноз қилиш, кузатиш, улар содир бўлиши хавфи юқори бўлган минтақалар ва ҳудудларни аниқлаш, тегишли профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар беришни таъминласин, шунингдек, фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимидаги хизматларга тезкор гидрометеорологик маълумотлар тақдим этиб борсин;

е) қуйидагиларни:

уч ой муддатда атроф табиий муҳит мониторинги таҳлил лабораторияларининг моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш, шунингдек, таҳлилларни амалга ошириш учун зарур бўлган кимёвий реактивлар, синов газлари, прекурсорлар ва бошқа сарфлаш материаллари билан уларни таъминлаш бўйича таклифларни;

2022 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрга қадар жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг бажарилишини чуқур таҳлил қилган ҳолда Концепцияни амалга ошириш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини;

2021 йил 1 февралга қадар гидрометеорология фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар фаолиятига рухсат бериш ва маълумот алмашиниш тартибини;

2021 йил 1 мартга қадар халқаро молия институтлари ва фондларнинг гидрометеореология ва атроф табиий муҳит мониторингини такомиллаштиришга йўналтирилган техник кўмак лойиҳалари дастурини;

“Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган гидрометеоролог” унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ж) Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов) билан биргаликда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширишда инвесторларга шартнома асосида метеорологик ва гидрологик маълумотларни тақдим этишни ташкил этсин;

з) Энергетика вазирлигининг буюртмасига биноан, шартномалар асосида, янги қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган ҳудудларда тегишли ўрганиш ва тадқиқотларни амалга оширсин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 8-8о-иловаларга мувофиқ Ўзгидромет буюртмалари бўйича Дастурда назарда тутилган янги очилаётган гидрометеорология станциялари ва постлари учун ер участкалари (суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) ажратилишини
ҳамда маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига бино-иншоотлар қурилишини таъминласин.

15. Ўзгидромет (Ш.Ҳ.Ҳабибуллаев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) ва Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Ҳамраев) билан биргаликда 9-иловага мувофиқ соҳаларга жалб этиладиган халқаро молия ташкилотлари грантлари ҳисобига мавжуд ва янги очилаётган метеорология, гидрология ва агрометеорология станциялари ва постларини автоматик қурилмалар билан жиҳозлашни ҳамда ходимларнинг малакасини оширишни таъминласин.

16. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (Н.Ж.Бакиров) Ўзгидромет (Ш.Ҳ.Ҳабибуллаев) ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда гидрометеорологик маълумотлар асосида чўлланишнинг олдини олиш, қурғоқчиликка қарши курашиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш ишларини самарали ташкил этсин.

17. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Ҳамраев) Ўзгидромет (Ш.Ҳ.Ҳабибуллаев) билан биргаликда сув захиралари ва ресурсларини назорат қилиш, сув ресурслари бўйича прогнозлар ишончлилигини ошириш бўйича тезкор гидрометеорологик маълумотлар тақдим этиб боришни таъминласин.

18. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М.Садиков) Ўзгидрометда маълумотларни узатиш ягона корпоратив тизимини ташкил этиш орқали гидрометеорологик ахборот ва сунъий йўлдош маълумотлари ягона телекоммуникация тармоғини яратишни таъминласин.

19. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (А.И.Мақсудов), Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов) ва Транспорт вазирлигининг (И.Р.Махкамов) Ўзгидромет моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, гидрометеорологик инфратузилмани янгилаш ҳамда соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида ушбу қарорнинг 10-иловасига мувофиқ маблағларни бир ой муддатда кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан тўлов сифатида Ўзгидрометга ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

20. Белгилансинки, Ўзгидромет томонидан кўрсатилаётган хизматлар ва маълумотлар шартнома асосида тақдим этилади.

Ўзгидромет Бош директорига (Ш.Ҳ.Ҳабибуллаев):

Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзгидромет томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, об-ҳаво прогнозларининг аниқлигини ошириш ҳамда соҳа инфратузилмасини янгилашга етарлича шарт-шароитлар яратиш мақсадида кўрсатилаётган барча хизмат тарифларини тасдиқлаш;

гидрометеорология соҳасидаги хорижий илғор тажрибасини татбиқ этиш мақсадида хорижий олий таълим муассасалари битирувчиларини
ва маҳаллий мутахассисларни белгиланган штат бирликлари доирасида шартнома асосида ишга жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

Малакали мутахассислар ва Ўзгидромет ўртасида тузилган меҳнат шартномасида белгиланган миқдордаги иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар Ўзгидрометнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда халқаро молия институтларининг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.

21. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази тўғрисидаги низомни;

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти тузилмасини;

Тошкент гидрометеорология техникумида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзгидромет ходимларининг малакасини оширишни ташкил этиш тартибини тасдиқласин;

Ўзгидромет томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тарифлар ишлаб чиқилишини таъминласин.

22. Қуйидагилар:

а) Бош вазирнинг маслаҳатчиси О.М.Умаров:

мазкур қарорнинг сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши, масъул вазирлик ҳамда идораларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, улар раҳбарларининг кўрилган чоралар ҳақидаги ҳисоботларини эшитиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этишга;

“Йўл харитаси” ва Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мувофиқлаштиришга;

мазкур қарорда назарда тутилган кўрсаткичларга тўлиқ ва ўз вақтида эришишни таъминлаш юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг биринчи навбатдаги вазифаларини белгилаб бериш ҳамда фаолиятини мувофиқлаштириб боришга;

амалга оширилган ишлар бўйича масъулларнинг ҳар ойлик ҳисоботларини эшитиб боришга;

юклатилган вазифалар тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиб боришга;

б) молия вазири Т.А.Ишметов:

зарур маблағлар ўз вақтида ажратилиши, манзилли сарфланиши ва тўлиқ ўзлаштирилишига;

бюджетдан қўшимча ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишга;

в) Ўзгидромет бош директори Ш.Ҳ.Ҳабибуллаев:

“Йўл харитаси” ва Дастурда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга;

гидрометеорология хизматларини кўрсатиш фаолиятига интеллектуал тизимлар, ахборот ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни жорий этишга;

гидрометеорология хизматининг технологик инфратузилмасини ривожлантиришга;

г) тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига“Йўл харитаси” ва Дастурда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзгидрометнинг ҳудудий бошқармаларини ривожлантириш дастурларини бажаришга шахсан масъул ва жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3029-сон қарори 4-бандининг олтинчи хатбошиси ҳамда қарорга 10-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

24. Ўзгидромет манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 17 ноябрь

  18.11.2020, 15:55  |    109 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!