Ҳиндистонда етти боксчимиз финалга чиқди

Ҳиндистонда бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган “Indian Open” халқаро турнирида етти нафар боксчимиз финал йўлланмасини қўлга киритди.

Мусобақанинг ярим финал беллашувларида спортчиларимизга Куба, Филиппин ҳамда ҳиндистонлик боксчилар рақиблик қилди. Финал йўлланмаси учун 52 килограммгача вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Худойназар Файзов филиппинлик Марвин Табамони мағлубиятга учратди.
Ярим финалда вазни 56 килограммгача бўлган Абдулҳай Шораҳматов ҳиндистонлик Эташ Ханни енгган бўлса, 64 килограммгача вазнда Иқболжон Холдоров яна бир мезбон боксчи Дираж устидан зафар қучди. Шунингдек, Бобоусмон Ботуров ўз вазн тоифасида Синг Неги (Ҳиндистон)ни, Исроил Мадримов эса Мандип Жангра (Ҳиндистон)ни мағлуб қилди.
91 килограммгача вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Санжар Турсунов Ҳиндистон шарафини ҳимоя қилган Сумит Сангванга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Вазни 91 килограммдан оғир бўлган Баҳодир Жалолов кубалик Тойрак Ортегани енгди.
Эслатиб ўтамиз, “Indian Open” халқаро турнирида дунёнинг 22 давлатидан келган боксчилар 10та вазн тоифасида ғолиблик учун рақобатлашмоқда.
Мазкур мусобақанинг финал учрашувлари эртага ўтказилади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА