Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг «Пахтакор» клубига қарши Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига саралаш баҳсида майдонга тушди.
Биринчи бўлимнинг 20-дақиқасида Марко Симич мезбонлар футболчиси Меҳди Таремига қарши қоида бузди ва ҳакам дарвозамиз томон пеналти белгилади. Ушбу вазиятдан тажрибали Уэсли Снейдер унумли фойдаланиб ҳисобни очди. Орадан 8 дақиқа ўтиб Диого Амадо гол уриб, ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди.
Иккинчи бўлимда «Пахтакор» клуби қатор хавфли ҳужумлар уюштирди. 93-дақиқада Жасур Ҳакимов рақиб дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни қисқартирди.
Шу тариқа «Ал-Гарафа» 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг «А» гуруҳида «Ал-Жазира»(БАА), «Ал-Аҳли» (Саудия Арабистони) ва «Трактор Сази» (Эрон) билан баҳслашадиган бўлди.