Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш, чорвачилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш, чорва озуқа базасини янада кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг йирик чорвачилик хўжаликлари ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишловчилар билан ҳамкорликдаги фаолияти асосида (кейинги ўринларда – кооперация усулида) ўз хонадонларида чорва молларини боқишини ташкил этиш ва чорва озуқа базасига бўлган талабини қондириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан 2 миллион гектар суғориладиган ер майдонининг 10 фоизига алмашлаб экиш таъминланадиган ер майдонлари ҳажми 1-иловага мувофиқ;

2022-2024 йилларда пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан ташкил этиладиган чорвачилик комплексларида чорва бош сонини кўпайтириш ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (Б.Норқобилов):

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорга 1-иловага мувофиқ ҳажмдаги ер майдонларида беда ва чорва озуқа экинлари экилишини;

“Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси ҳамда пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари билан биргаликда мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ кластерлар томонидан 500 – 1 000 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекслари ташкил этилишини таъминласин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2022-2023 йилларда ҳар бир туманда камида 1 тадан гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб беришни ва етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва сотишни ташкил этсин;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ўзлаштириладиган ва бўш турган ер майдонлари ҳисобидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб беришни ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга, аҳолига чорва озуқасини етказиб бериш шарти билан, чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерларининг очиқ электрон танлов асосида ижарага берилишини таъминласин;

озуқа базасини етиштириш учун суғориладиган ер майдонлари етишмовчилиги мавжуд бўлган туманларда гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган истеъмол талабини тўлиқ қондириш мақсадида кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар чегаралари доирасида бир туманда кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш ҳамда бошқа туманда озуқа экинларини етиштириш учун очиқ электрон танлов асосида суғориладиган ерлар ажратишни таъминласин. Бунда, кооперация усулида фаолият олиб борувчи субъектларга мазкур қарорда белгиланган барча имтиёзлар қўлланилади.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга:

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорвачилик бўйича, шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади;

чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади.

Тижорат банкларига чорвачилик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш ва модернизация қилиш учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар ажратилган кредитларнинг қайтариш муддатини ўн йилгача тадбиркорларнинг аризаларига кўра узайтириш тавсия этилсин.

5. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар:

қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 000 сўмдан 4 000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади. Бунда, субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинчалик озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади;

чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;

озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия ажратилади;

гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур ускуна қийматининг 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади.

6. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экишйиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва утилизация йиғимидан озод қилинсин ҳамда тадбиркорлик субъектларига “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилсин.

7. Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир туманнинг контурлари кесимида вегетация даврида ажратиладиган сув лимитлари ҳамда озуқабоп экин турларининг сувга бўлган талабидан келиб чиққан ҳолда, кундалик равишда янгилаб бориладиган суғориш графиклари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олувчи электрон онлайн платформани ташкил этсин.

8. Қуйидагиларга:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига:

пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан мазкур қарорга 1-иловага мувофиқ ҳажмдаги ер майдонларида беда ва чорва озуқа экинларини экиш;

пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан мазкур қарорга 2-иловага мувофиқ чорвачилик комплексларини ташкил этиш;

ҳар бир туманда камида 1 тадан гўшт ва 1 тадан сут йўналишида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб беришни ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш;

б) Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев зиммасига:

йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун субсидия олган хўжалик субъектлари қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтганлигини назорат қилиб бориш;

мазкур қарорга 1-иловага мувофиқ ҳажмдаги ер майдонларида беда ва чорва озуқа экинлари экилганлигини назорат қилиб бориш ҳамда ҳар чоракда Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашига ахборот киритиб бориш;

в) сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев зиммасига электрон онлайн платформанинг белгиланган муддатда ишга туширилишини ва унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаш;

г) Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Норқобилов ва “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Б.Атамуродов зиммасига қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш бўйича жавобгарлик юклансин.

9. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                                                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 8 февраль