Тошкентда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари – якдил овоз” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

Онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилган мазкур минтақавий мулоқотда 200 га яқин маҳаллий ва хорижий эксперт, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Анжуманда Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлари ҳолатини таҳлил қилиш, улар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш масаласи кўтарилди.

Минтақадаги энг фаол ННТлар фаолиятини тарғиб этиш, соҳага дахлдор тузилмаларни келгуси ҳамкорлик учун механизм, таклифлар ишлаб чиқишга жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ишонч мустаҳкамланмоқда. Экспертлар Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши эълон қилингани трансформация учун намуна бўлганини, минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги муносабат жадаллашишига, товар айирбошлаш ҳажми, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ошишига хизмат қилганини эътироф этди.

Марказий Осиёдаги мавжуд ўн минглаб жамоат (нодавлат) ташкилотлари бугунги кунда юз минглаб фаоллар, волонтёрлар, жамоатчилик фикри етакчиларини ўз сафларига бирлаштирган. Айни пайтда ушбу ташкилотлар ўртасидаги алоқаларни янада юқори марраларга олиб чиқиш жуда муҳим ва бунда хорижий тажриба, албатта, қўл келади.

– Корея Республикаси Ўзбекистоннинг энг ишончли ва стратегик ҳамкорларидан, – деди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. – Ушбу давлатда фуқаролик жамияти институтлари ўзига хос хусусиятга эга. Бу борадаги тажрибани мамлакатимизда кенг қўллаш учун KOICA билан яқин ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Корея ва Ўзбекистон нодавлат ташкилотлари форумини ўтказиш, мамлакатимизда “Ақл” марказлари фаолиятини кенг йўлга қўйган ҳолда, тадқиқот марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Умуман, Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини оширишда, йирик минтақавий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишда ҳам Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг кўмаги янги имкониятлар эшигини очади.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилганига роппа-роса 15 йил тўлди. Эндиликда фуқаролик жамияти соҳасида ҳам янги ташаббуслар илгари суриш орқали алоқани янада мустаҳкамлаш кўзда тутиляпти.

– “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан бирга нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш пировард мақсадимиз, – дея таъкидлади KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Пак Сунжин. – Корея Республикасида ҳам бундай институтлар фаолияти яхши йўлга қўйилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга давлат ташрифи доирасида KOICA ва Ўзбекистон ўртасида меморандум имзоланди. Ваколатхонамиз мамлакатингизда соғлиқни сақлаш, таълим, давлат бошқарувини мувофиқлаштириш каби йўналишларда изчил ҳамкорликни давом эттирамиз.

Мулоқотда, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий, молиявий ва институционал жиҳатлари, жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг барқарор ривожланиш омиллари муҳокама қилинди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири