Миллий урф-одат, анъаналар ва шаклланган қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланади.

“Ислом дини – маърифат манбаи» дастури қабул қилинади. Ушбу дастур доирасида Исломий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилади, Қуръон курслари оммалаштирилади, Диншунослик соҳасидаги илмий ишлар рағбатлантирилади. Ўзбек тили кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилади. Сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш давом эттирилади.  ОАВлар қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади.  Алимент фонди ташкил этилиб, уч ой ичида тўланмаган алиментлар фонд томонидан тўланади ва алимент тўловчининг озодлигини чеклаш ёки меҳнатга мажбурлаш орқали қопланади. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Алишер Қодировнинг сайловолди дастурида шу каби ғоялар илгари сурилган.

Сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда номзод шулар ҳақида гапириб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда сайлов олди учрашувларининг янгича форматда ўтказилаётгани сайловларнинг эркин ва демократик руҳда ташкил этилаётганидан далолатдир.

Номзод Сирдарё вилоятидаги сайловчилар билан мулоқоти давомида Сирдарё халқининг хуқуқий саводхонлик даражаси баланд ва ҳар бири ўзининг фуқаролик позициясига эга эканлини таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққанлар сайловда фаол иштирок этиб, сайловчиларни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Алишер Қодировга овоз беришга чақирди.

 

Ш.Суяров, ЎзА