Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Автомобиль транспортида юк ташувчи тадбиркорлик субъектларининг автотранспорт воситалари паркини янада янгилаш ва модернизация қилиш, маҳаллий юк ташувчилар учун қулай рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, автомобилда халқаро ташувлар соҳасини ривожлантиришнинг ижобий тенденциясини сақлаб қолиш мақсадида:

1. Юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилсин:

“Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари);

тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39).

2. Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилинсин:

“Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;

автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва яримтиркамалар.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

Белгилансинки, мазкур қарорга илованинг 2-банди “б” кичик банди ҳамда 3-банди “в” кичик банди у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг ижросини ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб транспорт вазири И.Р. Махкамов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 19 август