Ўқув анжомлари ва турли ширинликлардан иборат Президент совғалари 29 декабрдан бошлаб кичкинтойларга улашилади

Юртимизнинг барча ҳудудидаги таълим масканлари, маданият ва санъат саройларида Янги йил байрами нишонланаётган шу кунларда Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ота-оналари Ватанга хизмат қилиш йўлида қурбон бўлган болалар учун Президент совғалари тайёрланди.

Президентимизнинг ўн икки турдаги ўқув анжомлари, турли ширинликлардан иборат Янги йил совғалари масъул ташкилотлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрига етказиб берилди.

Совғалар 29 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ташкил этиладиган “Президент арчаси” тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.

 

Барно Мелиқулова, Муҳаммад АМИН (сурат) ЎзА