Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга бўлган ёшларни танлаш, саралаб олиш
ва уларни профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, тренерлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон шахмат мактабини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар ташаббуси билан 2019 йил 2 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг шахматни ривожлантириш бўйича махсус резолюцияси қабул қилинганлиги ва ушбу резолюцияга мувофиқ 20 июль Бутунжаҳон шахмат куни этиб эълон қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистонда шахматни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

Мактабда шахмат” лойиҳасини амалга ошириш, унинг доирасида умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синфлар ўқувчилари учун шахматга ўқитиш тизимини янада ривожлантириш орқали қамровни йилма-йил ошириб бориш, ўқувчилар ва мактаблар ўртасида турнирлар ўтказиш;

болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, уни оммавийлаштириш, бу борада таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этиш;

юқори иқтидорга эга бўлган ёш шахматчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш, уларни босқичма-босқич тайёргарликдан ўтказиб бориш орқали профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстер бўлиб етишишини таъминлаш, шунингдек, имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлаш;

шахмат инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилиш;

шахмат соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш;

шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва олимпиадалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамлар унвонларини қўлга киритган шахматчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш;

шахматни интеллектуал спорт тури сифатида кенг ёритиш ҳамда тарғиб қилиш ишларини ташкиллаштириш, шунингдек, шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг халқаро шахмат мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш.

3. Қуйидагилар:

Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури 1-иловага мувофиқ;

Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастурини 2021 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

Шахматни 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Давлат дастури эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткичлар ва шахматни оммалаштириш бўйича тегишли давргамўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар йили алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган “Йўл хариталари” асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

4. Белгилансинки, Шахматни 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари), шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутади:

2025 йилга қадар шахмат билан мунтазам шуғулланувчилар сонини  3 фоизга етказиш;

қўшимча устувор спорт тури сифатида шахмат ривожлантирилиши лозим бўлган республика туман (шаҳар)лари сонини 40 тага етказиш;

келгуси 5 йил ичида давлат-хусусий шериклик асосида 25 та шахмат мактаблари ва клублари фаолиятини йўлга қўйиш;

болалар-ўсмирлар спорт мактабларида фаолият кўрсатаётган шахмат бўлимлари ва секциялари сонини 20 фоизга ошириш, шунингдек, уларда шахмат билан шуғулланаётган болалар қамровини 10 500 га етказиш;

мамлакатимизнинг Халқаро шахмат федерациясидаги (ФИДЕ) рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш ва 2025 йилда биринчи 10 таликка киришига эришиш.

5. Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон шахмат федерациясининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 августдаги “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3906-сон қарори билан 150 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитишни ташкил қилиш амалиётини кенгайтириш ва шу муносабат билан яна қўшимча 150 та мактабни (шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) 10 тадан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 15 тадан мактаб) шахматга ихтисослаштириш, шунингдек, уларнинг ўқувчиларини чуқурлаштирилган ҳолда шахматга ўқитиш;

4-иловага мувофиқ танлов асосида 1 000 та умумий ўрта таълим мактабида 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини “Жисмоний тарбия” фани доирасида 18 соатлик режа асосида шахматга ўқитишни йўлга қўйиш ҳамда уларга методик ёрдам кўрсатиш;

қолган барча умумий ўрта таълим мактаблари 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини “Жисмоний тарбия” фани доирасида шахматга ўқитиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилига қадар 1 000 та умумий ўрта таълим мактабининг 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини шахматга ўргатиш учун 18 соатлик ўқув режасини ишлаб чиқсин ва ушбу мактабларни ўқув қўлланма, магнитли доска, шахмат тахтаси, фигуралари, соати ва бошқа зарур анжомлар билан таъминласин ҳамда ушбу мақсадларга вазирликка республика бюджетидан 2021 йил учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 10 миллиард сўмгача маблағларни йўналтирсин.

6. Халқ таълими вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар:

мазкур қарорнинг 5-банди тўртинчи хатбошисида кўрсатилган умумий ўрта таълим мактаблари 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини “Жисмоний тарбия” фани доирасида шахматга ўқитиш бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, уларни ўқув қўлланма, магнитли доска, шахмат тахтаси, фигуралари, соати ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

шахматга ихтисослаштирилаётган қўшимча 150 та умумий ўрта таълим мактаблари рўйхатини тасдиқласин, шунингдек, уларнинг ўқувчиларини чуқурлаштирилган ҳолда шахматга ўқитиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқсин.

Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилига қадар Халқ таълими вазирлигига республика бюджетидан 2021 йил учун ажратилган маблағлар ҳисобидан:

шахматга ихтисослаштирилаётган қўшимча 150 та умумий ўрта таълим мактабини ўқув қўлланма, магнитли доска, шахмат тахтаси, фигуралари, соати ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш учун 7,5 миллиард сўмгача маблағларни йўналтирсин;

қолган барча умумий ўрта таълим мактаблари (мазкур қарорнинг 5-банди бешинчи хатбошисида кўрсатилган мактаблар бундан мустасно) 2, 3 ва 4-синф ўқувчиларини “Жисмоний тарбия” фани доирасида шахматга умумий ўқитиш ва зарур анжомлар билан таъминлаш учун 20 миллиард сўмгача маблағларни йўналтирсин.

7. Халқ таълими вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси билан биргаликда:

2021 йил 1 мартдан бошлаб умумий ўрта таълим мактаби “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчилари (ўқитувчи-тренерлар)нинг шахмат бўйича малакасини ошириш чораларини кўрсин;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили бир ой давомида умумий ўрта таълим мактабларида шахмат бўйича вилоят, республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамларни жалб қилган ҳолда “Шахмат ойлигини” ташкил этсин;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича жамоавий “Шоҳруҳ” турнирини ташкил этсин ва ўтказсин;

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ва “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчилари ўртасида ҳар йили шахмат бўйича республика биринчилигини ўтказсин.

8. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

таълим ва бошқа муассасалар ўқитувчилари ҳамда қизиқиш билдирган шахсларни шахмат бўйича тўлов-шартнома асосида қисқа муддатли курсларда қайта тайёрлаш ва малакасини доимий равишда ошириб бориш тизимини жорий қилсин, тегишли ўқув дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича турли мусобақалар ва турнирларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

9. Белгилансинки, 2021 йил бошлаб ҳар йили:

июнь-август ойлари давомида маҳалла болалари ўртасида “Маҳалла кубоги” шахмат мусобақалари ташкил этилади;

май-июль ойлари давомида маҳалла оилалари ўртасида “Шахматчи оила” турнири ўтказилади, маҳалладаги оилаларнинг жамоавий тарзда иштирок этиши таъминланади;

икки маротаба вазирлик, идора ва ташкилотларда ходимлар ўртасида “Шахмат кунлари” ўтказилади.

10. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг 2021 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро шахмат турнири, Ўзбекистонлик биринчи халқаро гроссмейстер Г.Т.Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир, шунингдек, шахмат бўйича XVII Жаҳон чемпиони Р.М.Қосимжонов халқаро турнирини;

Самарқанд шаҳрида “Соҳибқирон кубоги халқаро шахмат турнирини;

Хива шаҳрида “Ал-Беруний халқаро шахмат турнирини;

Бухоро, Термиз ва Хива шаҳарларида “Туризм ва шахмат ҳафталиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

11. Ўзбекистон шахмат федерацияси ва Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг:

шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон шахмат клублари ассоциациясини ташкил этиш;

жисмоний имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси таркибида шахмат бўйича алоҳида бўлинмани ташкил қилиш тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.

Адлия вазирлиги бир ой муддатда ташкил қилинаётган ассоциацияни давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин.

Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясига бир ой муддатда шахмат бўйича бўлинмани малакали мутахассислар билан тўлдириш, зарур анжомлар ва воситалар билан жиҳозлаш бўйича чоралар кўриш тавсия қилинсин.

12. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади;

бошқа олий таълим муассасаларида шахмат йўналишига зарур эҳтиёждан келиб чиқиб, Ўзбекистон шахмат федерациясининг тавсиясига асосан алоҳида қабул квоталари белгиланади;

педагог ходимлар ўртасида шахмат бўйича “Энг яхши инновацион ўқув методик қўлланма” танлови ташкил этилади, қўлланмани оммалаштириш ва жойларга етказиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси мазкур бандда назарда тутилган вазифалар ижросини тўлиқ ва сифатли таъминласин.

13. Ўзбекистон шахмат федерациясининг 2019 йил 16 февралдаги навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси қарори билан Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби негизида Халқаро шахмат академияси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

14. Белгилансинки, Халқаро шахмат академияси:

Ўзбекистонда шахмат спорт тури бўйича ўқув-методик ва тайёрловнинг асосий базаси ҳисобланади;

шахмат спорт тури бўйича ўқув-методик қўлланмалар ва дарсликларни ишлаб чиқувчи ва марказлашган ҳолда тарқатувчи муассаса ҳисобланади;

фаолияти Давлат бюджети, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

директори, директор ўринбосарлари, инструктор-методистлари, тренерлари ва ўқитувчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сон қарорига мувофиқ;

директори, директор ўринбосарлари, инструктор-методистлари, тренерлари ва тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сон қарорига мувофиқ;

тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;

мустақил равишда хўжалик ва молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;

директори ва директор ўринбосарлари Ўзбекистон шахмат федерациясининг тақдимномасига асосан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

15. Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон шахмат федерациясига аъзолик бадаллари;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

ҳомийлар – жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларидан шу жумладан:

Халқаро шахмат академияси, болалар-ўсмирлар шахмат мактаблари, Ўзбекистон шахмат федерацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш;

шахматни оммавийлаштириш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида шахматчилар, тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадлари учун фойдаланилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон шахмат федерациясига Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ой муддатда Жамғарма фаолиятини ташкил этиш, маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.

16. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг шахмат бўйичамусобақалар ва турнирларни онлайн ўтказиш платформаси (www.uzchess.uz), шунингдек, таҳсил олаётган ўқувчилар ва талабалар ҳамда ўқитувчилар, тренерлар ва мутахассисларнинг ягона электрон базасини яратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки: платформа ва электрон базани ишлаб чиқиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари Ўзбекистон шахмат федерациясига юклатилади;

платформа ва электрон база 2021 йил 1 майга қадар Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси, ҳомийлар – юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади ва доимий равишда техник қўллаб-қувватланади;

платформа орқали шахмат бўйича мусобақалар ва турнирлар онлайн тарзда ўтказилади, уларнинг ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланади;

платформа орқали ўтказиладиган шахмат бўйича мусобақалар ва турнирлар ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

17. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

шахмат бўйича республика ҳамда халқаро мусобақалар ва олимпиадалар ғолиблари, халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро унвонларга эга бўлган тренерлар ва ҳакамлар унвонларини қўлга киритган шахматчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш;

мамлакатимизда ташкил этиладиган маҳаллий ва халқаро мусобақаларда иштирок этадиган маҳаллий ҳакамлар ҳамда халқаро семинар маърузачилари учун тўланадиган кунлик тўловларни халқаро стандартларга ва тоифаларга мослаштириш.

18. Қуйидагилар:

Қўшимча устувор спорт тури сифатида шахмат ривожланиши лозим бўлган республика туман (шаҳар)лари рўйхати 5-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2022-2024 йилларда болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини ташкил қилиш режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, қўшимча устувор спорт тури сифатида шахмат ривожлантириладиган туман (шаҳар)ларда умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, ўқитувчи-тренерлар, маҳалла аҳолиси ўртасида шахмат бўйича доимий равишда мусобақалар ва шахмат ҳафталиклари ўтказиб борилади ва ушбу тадбирлар маҳаллий бюджет ҳамда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2022 йил ва келгуси йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини қуриш ишлари учун марказлашган капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини таъминласин.

Қурилиш вазирлиги болалар-ўсмирлар шахмат мактабларини инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

19. Қуйидагилар:

Ўзбекистонда шахматни жадал ривожлантириш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда – Республика кенгаши) таркиби 7-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида шахматни жадал ривожлантириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда – ҳудудий ишчи гуруҳлар)нинг намунавий таркиби 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика кенгаши (А.А.Абдуҳакимов):

бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида шахматни 2021 йилда ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш бўйича манзилли ҳудудий дастурларни тасдиқласин, шунингдек, уларнинг тўлиқ ва сифатли ижро этилиши юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин;

ҳудудий ишчи гуруҳлар ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштирсин, улар томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;

шахматни ривожлантириш ва оммавийлаштириш, шу жумладан, платформа орқали ўтказиладиган шахмат бўйича мусобақалар ва турнирлар ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш мақсадида маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, ҳомийлар – юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб қилсин.

20. Молия вазирлиги мазкур қарорга асосан жорий йилда кўзда тутилган чора-тадбирларни ва келгуси йилларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар учун зарур маблағларни 2021 йил Давлат бюджетида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминласин.

21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Спорт” телеканалида шахмат бўйича маҳаллий ва халқаро мусобақалар, шахматчиларимиз томонидан эришилган ютуқлар, шунингдек, шахматни интеллектуал спорт тури сифатида кенг ёритиш ва тарғиб қилиш ишларини мунтазам ташкиллаштириб борсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий телеканаллар ва оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш ишларини доимий равишда ташкиллаштириб борсин.

22. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

а) Республика кенгаши (А.А.Абдуҳакимов) ўн кун муддатда масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда мажлис ўтказиб, мазкур қарорга мувофиқ амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида ахборот берсин, шунингдек, ҳар чоракда ижросини муҳокама қилсин ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;

б) Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Х.Набиев):

мазкур қарор ва “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишнинг пировард мақсадига эришилишини таъминласин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда бир йилга мўлжалланган медиа-режани тасдиқласин ҳамда шахматни тарғиб қилишга қаратилган мавзули ва кўчма дастурлар,
ток-шоулар, интервьюлар ва роликлар намойиш этилишини ташкиллаштирсин;

ҳар чоракда мазкур қарор бажарилиши ҳолати, мавжуд муаммолар, мақсадли кўрсаткичларда белгиланган натижаларга эришиш ҳолати тўғрисида Республика кенгашига ҳисобот бериб борсин;

в) “Йўл харитаси”нинг бажарилишига ва баҳолаш мезонларида назарда тутилган кўрсаткичларга эришишга масъул вазирлик ҳамда идоралар зиммасига юклатилган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш, “Йўл харитаси”ни ижро этиш ҳолати тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ахборот тақдим этсин;

г) Ўзбекистон шахмат федерацияси ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига мазкур қарорни амалга оширишда масъул вазирлик ва идораларга доимий равишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.

23. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 августдаги “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3906-сон қарорининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

25. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 14 январь