Вакциналар учун кураш. Айни дамда коронавирусга қарши бир қатор давлатларда вакциналар яратилди ва улар устида синовлар ҳам якунлангани эълон қилинди. Фуқаролар эмланаётгани ҳақида айрим давлатлар баёнот ҳам берди. Булар яхшиликка, албатта. Аммо бу препаратларнинг самараси ҳозирча мавҳумлигича қолмоқда. Шунингдек, биринчи навбатда кимлар эмланиши ва қачон эмланиши ҳам долзарблигича қолади.
Бу йилда жаҳон иқтисодиётининг нотекис ривожланиши давом этиши айтилмоқда. Иқтисодиёт пандемия даврида ҳам ривожланди, аммо кўнгилдагидек бўлмади. Турли мамлакатлар иқтисодиётни турлича йўлга қўйишга уринди. Кучли ва кучсиз компания ва фирмалар ўртасидаги тафовут бу йил ҳам сақланиб қолиши тахмин қилинмоқда.
Жаҳондаги тартибни тиклашга уриниш давом этади. Жо Байден Оқ уй раҳбари бўлганидан сўнг жаҳон тартиб қоидаларини тиклашга уриниши аниқ. Бироқ, унинг саъй-ҳаракатлари қийин бўлиши айтилмоқда. Чунки, жаҳон пандемиядан олдинги тартибга қайтмайди, дегувчилар топилади.
Америка–Хитой муносабатларидаги кескинлик кучайишидан хавотирлар мавжуд. Президент Байден Хитой билан савдо урушларини тўхтата оладими, деган саволга ҳозирча жавоб топилганича йўқ. У Хитойга қарши давом этаётган савдо урушлари самара бериши учун иттифоқчилари билан муносабатларни яхшилашга интилиши аниқ. Шу билан бирга Африка ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари АҚШ-Хитой можароларидан четда туришга уринмоқда.
2021 йилда турмушнинг барча соҳаларида юқори технологиялардан фойдаланиш тезлашади. 2020 йилги коронавирус пандемияси даврида юқори технологиялардан фойдаланиш самара бергани айтилмоқда. Турли халқаро тадбирлар видеоконференция шаклида ўтказилди, компания ва ташкилотлар ўз ходимларини масофадан ишлашга ўргатди, таълим даргоҳларида онлайн дарслар берилди. 2021 йилда бу жараён ўзгармай қоладими ёки қисқарадими, деган саволга аниқ жавоб топилади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, таҳликали замонда туризм қисқаради. Асосан ички туризмга эътибор қаратилади. Авиакомпаниялар, меҳмонхоналар ва самолёт ишлаб чиқарувчи компаниялар жиддий қийинчиликлар билан тўқнаш келади. Шунингдек, асосан хорижлик талабалар таълим оладиган университетлар ҳам шу каби муаммоларни бошдан кечиради. Маданий ва спорт тадбирлари ҳам кескин қисқаради.
Иқлим ўзгаришида ижобий томонга силжиш бўлади. Чунки пандемия туфайли ҳавога зарарли чиқиндиларнинг чиқиши кескин камайиб кетгани айтилмоқда.
Ўтган йили қолдирилган Токиодаги Олимпиада ўйинлари, Дубайдаги «Экспо» спорт мажмуасида бу йил ўтиши учун барча саъй-ҳаракатлар қилинади.
Умуман олганда, янги йилдан умидлар катта. Дунё аҳолиси пандемия даври синовларидан сабоқ чиқарган ҳолда фаолият юритиши аниқ.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА