Ўтган сешанба куни Бразилиянинг йирик шаҳри Рио-де-Жанейро мэри Марсело Кривелли ўз уйида ҳибсга олинган эди. Уни қўлга олиш амалёти полиция билан маҳаллий прокуратура ҳамкорлигида амалга оширилди. Шу куни тадбиркор Рафаэль Алвес ва полициянинг собиқ раҳбари Фернанду Мораис ҳам қамоққа олинган.
Маълум бўлишича, учлик порахўрликда айбланмоқда. Аслида тергов 2018 йил бошланган. Прокуратура бу шахсларга қарши иш очганда Рио-де-Жанейро мэриясига “порахўрлик уяси” дея таъриф берган эди.
Шаҳар раҳбаи Марсело Кривелли ташкилотлар раҳбарларидан пора олиш билан шуғулланган ва давлат шартномаларини сотиш эвазига қарийб 10 миллион доллар йиққан.
«Жиноий ташкилот камида 50 миллион реал (тахминан 9,7 миллион АҚШ доллари) тўплаган. Бу биз аниқлашга муваффақ бўлган рақам», – баёнот берди прокурор Рикарду Рибейру.
G1 портали ёзишича, қўлга олиниши лозим бўлган жиноятчилар рўйхатида собиқ сенатор Эдуарду Лопес ҳам бор, бироқ у ўша куни уйида бўлмаган.
Хабарда Кривелли мэрлик ваколати ниҳоясига етишига 10 кун қолганда қўлга олингани таъкидланган. Маҳаллий ОАВ ёзишича, у полиция маҳкамасига келтирилгандан кейин ўзини «сиёсий таъқиб» қурбони бўлганини айтган ва “адолат” талаб қилган.