Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг бизга қандай фойдаси бор?

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт, рақамли технологиялар кириб бормаган соҳа қолмади ҳисоб. Жараёнларни рақамлаштириш орқали халқимизнинг оғири-енгил, узоғи яқин бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда рақамли иқтисодиёт сўзи кўп қўлланилмоқда. Хўш, бу ўзи қандай иқтисодиёт ва оддий иқтисодиётдан нима фарқи бор?

Рақамли иқтисодиёт бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизимидир. Баъзида у интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт деган терминлар билан ҳам ифодаланади.

Масалан, харидорга пойабзал керак. Уни бозорга тушиб ўзи бевосита танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисод. Интернет орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва маҳсулотни етказиб бериш хизмати орқали олиш рақамли иқтисодиёт дейилади.

Бу масалани энг содда маиший мисол орқали тушунтиришдир. Аслида, ҳаммамиз аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланамиз. Масалан, маошимиз пластик картага тушади, электрон тўлов орқали коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул узатамиз, уйга таом буюртма қиламиз ва ҳоказо.

Аслида, рақамли иқтисодиёт нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технология, платформа ва бизнес моделлари яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.

Хўш, рақамли иқтисодиётни ривожлантирдик ҳам дейлик, бу бизга нима беради?

Рақамли иқтисодиёт аввало, инсонларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширади, бу унинг асосий фойдасидир. Яна бир асосий жиҳати – коррупция ва “қора иқтисодиёт”нинг асосий кушандаси ҳисобланади. Чунки, рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ, компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди. Маълумотлар кўплиги ва тизимлилиги ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди, бир сўз билан айтганда, тизимни алдаш имконсиз.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт қай даражада ривожланган?

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фойдаланувчилар озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма бериш учун Телеграм ботларидан фаол фойдаланмоқда. Шунингдек, турли интернет дўконлар, электрон тўлов тизимлари ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Демак, фуқароларимиз электрон битимларга ишоняпти. Фақат ҳозирги кунгача фойдаланувчилар катта харажат талаб қилмайдиган кичик битимлардан фойдаланмоқда, ўртача харид ҳажмини оширишга эса унчалик тайёр эмас. Эндиги масала ўртача ва йирик иқтисодий битим ва молиявий операцияларни рақамли технологиялар орқали амалга оширишни ривожлантиришдан иборат.

Натижада маблағларни ўғирлаш, самарасиз ва мақсадсиз сарфлаш, ошириб ёки яшириб кўрсатиш имкони қолмайди. Бу эса иқтисодиётга легал маблағлар оқимини оширади, солиқлар ўз вақтида ва тўғри тўланади, бюджет тақсимоти очиқ бўлади, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ўғирланмайди, мактаблар, касалхоналар, йўлларга ажратилган пуллар тўлиқ етиб боради.

Давлатнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлини танлаганлиги ахборот технологиялари соҳасида ва умуман, электрон ҳужжатлар айланмаси соҳасида янги йўналишлар очиб беради. “Рақамли технологиялар” томон бурилишга бутун жаҳон интернет тармоғи ва сифатли алоқанинг ривожланиши сабабчи бўлди.

А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ҳам рақамли иқтисодиёт ва уни такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2020 йил октябрь ойи тингловчилари билан “Рақамли иқтисодиёт стратегиясини амалга оширишда халқ таълими тизимининг роли” мавзусида онлайн вебинар ўтказилди.

Вебинарда “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясида бир миллион дастурчи тайёрлаш йўл харитаси” мавзусида маъруза тингланиб, унда тингловчиларга BIG DATA – катта ҳажмли маълумотлар билан ишлаш технологияси, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва блокчейнлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирда шунингдек, “Эл юрт умиди” жамғармаси директори А.Бекмуродов “Республика халқ таълими тизими учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия дастурлари” мавзусида маъруза қилиб, жамғарма фаолияти ҳақида, Россия Федерациясининг Корпоратив университети эксперти Одилбек Каттаев эса “Профессионал педагогик ривожланишнинг хориждаги илғор рақамли технологиялари: ўқитувчилар ва ўқувчилар учун амалий тавсиялар” мавзусидаги маърузаси орқали дунёдаги таълим жараёнлари учун яратилган ва яратилаётган онлайн платформалар тўғрисида маълумот берди.

Д.Абдуқулова,
А.Авлоний номидаги малака ошириш институти катта ўқитувчиси

 

ЎзА