2017 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 20 декабрь куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига 2018 йилги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масала киритилмоқда.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган вазифаларнинг изчил ижросига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ва масалалар киритилмоқда.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Ҳарбий доктринасини тасдиқлаш тўғрисидаги, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқалар шулар жумласидандир.
Шу билан бир қаторда ялпи мажлисда сенаторлар 2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича дастур тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2017 йилдаги ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитадилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг ўн учинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилди.