Пойтахтимизда “Ўзбекистоннинг янги ривожланиш босқичида давлат ва жамият ўртасида ижтимоий мулоқотни таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференция доирасида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришнинг долзарб масалалари қизғин муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Cенати аъзолари ва депутатлар, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий экспертлар, телерадиостанциялар раҳбарлари, шунингдек, ижодий ва техник ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини жамиятда рўй бераётган ижобий янгиланишлар, одамлар турмуши ва дунёқарашидаги ўзгаришларни кенг ёритиш асосида ташкил этишга интилмоқда. Миллий урф-одат ва шарқона қарашларимиз негизида қарор топган демократик тамойилларни тарғиб қилишга алоҳида аҳамият бермоқда.
Шундай бўлса-да, халқ билан мулоқот, унинг дарди ва муаммоларига доимий эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган бугунги даврда ҳар бир оммавий ахборот воситасининг фикрларни эркин ифодалаш учун очиқ минбар сифатидаги аҳамиятини янада юксалтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Конференцияда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, оммавий ахборот воситаларини чин маънода “Тўртинчи ҳокимият” даражасига олиб чиқиш, миллий медиамаконда фикр ва қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш, сон кўрсаткичини сифат кўрсаткичларига айлантиришнинг муҳим йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда жамият ҳаётида фикр, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида намоён бўлаётган демократик ўзгаришлар жараёнида фуқароларнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётда бевосита ва фаол иштирок этишида, ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.
Тадбирда мамлакатимиз тараққиётида рўй бераётган янгиланишларни аҳолига етказишда, одамлар турмуши ва руҳиятидаги ўзгаришларни ёритишда Президентимиз томонидан оммавий ахборот воситалари олдига қўйилган долзарб вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш чора-тадбирлари ва механизмлари муҳокама қилинди. Ахборот соҳасини янада либераллаштириш, шунингдек, нодавлат телерадиостудияларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашнинг янги усуллари ва рақамли медиабозорнинг ўзини ўзи бошқариш масалалари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
– Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ислоҳ қилишга қаратилган амалий ишларнинг натижаси, аввало, миллий медиамаконда фикр ва қарашлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилаётган эътиборда намоён бўлмоқда, – дейди ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор. – Бугунги конференция оммавий ахборот воситаларининг таъсирчанлигини кучайтириш, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, нодавлат теле ва радиостанцияларнинг ролини ошириш, ижодий ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг жорий ҳолати ва истиқболдаги йўналишларини таҳлил қилиш имконини бергани билан аҳамиятлидир.
Анжуманда миллий ахборот ва рақамли медиамаконни ривожлантириш масалалари юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.