Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Бугунги кунда республикамизда фаол “халқ дипломатияси” асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўз фаолиятини Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва этник диаспораларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш тамойилларига асосан олиб бораётган Республика байналмилал маданият маркази, 138 та миллий маданий марказлар, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 та дўстлик жамиятлари мувафаққиятли фаолият юритиб келмоқда.

Фуқаролар тотувлиги барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга, мамлакатимизнинг жамият турли соҳаларидаги ютуқлари мазмун ва моҳияти тарғиботига, шунингдек, ушбу йўналишда бажарилаётган ишларни ва амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали мувофиқлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини босқичма-босқич рўёбга чиқариш мақсадида:

1. Республика байналмилал маданият маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ва дўстлик жамиятларининг Марказ негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасини (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш;

давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

мамлакатимизда яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;

хорижий мамлакатларда давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш борасида Ўзбекистоннинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек, бугунги кунда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилаётган муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилишда кўмаклашиш ва бевосита қатнашиш.

3. Қўмита ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашининг таъсисчилари томонидан ушбу Кенгашни тугатиш ҳақидаги қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

4. Белгилансинки:

Қўмита миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Қўмита барча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва тузилган шартномалар, шу жумладан, халқаро мажбуриятлар ва шартномалар бўйича Марказнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади;

Қўмита раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Қўмита раиси мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш борасидаги шарт-шароитларига кўра – вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари – вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

жойларда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига юкланади.

5. Белгилаб қўйилсинки, Қўмита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан, ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси таркибига киради.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг грантлари ва ҳомийлик маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Қўмита фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган турдош ташкилотлар, ўзбек маданий марказлари ва жамиятлари ҳақида маълумотлар базасини шакллантириш ва юритишда, шунингдек, хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда ва ривожлантиришда Қўмитага амалий ёрдам кўрсатсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-3358-сон Фармони иловасининг IV бўлими қуйидаги мазмундаги 4-банд билан тўлдирилсин:

“4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси”.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 26 майдаги “Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-1785-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Т.Комилов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                    Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 19 май

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига
Ш А Р Ҳ


Жамиятда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Булар Конституциямизда мустаҳкамланган фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги тамойиллари ҳамда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга асосланади.

Жамиятда дўстлик ва аҳиллик, тинчлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлаш ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий соҳаларда ислоҳотларни изчил амалга ошириш, халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини янада оширишнинг муҳим омили ва зарур шарти ҳисобланади.

Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқдалар. Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 120 дан ортиқ фаоли давлат мукофотларига сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди, жумладан, 14 нафарига «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилди.

Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Улар «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши, биз яшаётган бугунги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Хусусан, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юкланади.

Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, миллий маданий марказларга амалий ва методик ёрдам кўрсатади, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон – умумий уйимиз» тамойилини амалга ошириш чораларини кўради.

Ёшларни бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анаъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган маънавий баркамол авлодни шакллантириш имконини беради.

Қўмитага давлат органларида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва маросимларини асраш ва ривожлантиришга кўмаклашиш вазифаси юкланган.

Фармонда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни, чет элдаги ҳамюртларимиз ва турдош ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган. Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган турдош ташкилотлар билан самимий ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқалар ўрнатиш ҳамда изчил ривожлантиришга қаратилган ишларни тизимли амалга оширади.

Бу борадаги ишлар халқаро ҳамжамиятда республиканинг нуфузи ва мақомини янада юксалтириш, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш борасида эришилган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган. Бу борада ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари ва анъаналари, шу заминда туғилиб ўсган буюк олим ва мутафаккирлар мероси, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини кенг намойиш этиш бўйича тадбирлар ўтказилади.

Қўмита ўзбек халқининг мамлакатимиз ташқарисидаги тарихий ва маданий мерос объектларини асраб-авайлашни таъминлаш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Хорижий мамлакатлар билан миллатлараро муносабатлар ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш ва олиб боришда бевосита иштирок этишга кўмаклашиш Қўмитанинг устувор вазифалари сифатида белгиланган.

Фармонга мувофиқ ҳудудларда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатилади.

Мухтасар айтганда, Фармон қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.