Коронавирус тарқалишининг тўртта сценарийси маълум қилинди

Турли мамлакатларда коронавирус инфекциясининг ривожланиши турлича кечмоқда, бироқ уларни тўртта сценарий бўйича баҳолаш мумкин, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг раҳбари Тедрос Адханом Гебреесус.
У биринчи гуруҳга Жануби-шарқий Осиё, Тинчокеани минтақаси, Кариб ҳовзаси ва Африкани киритди. Бу минтақаларда ҳукумат инфекция тарқалиши ҳақида аҳолини ўз вақтида огоҳлантирган ва барча маълумотларни берган.
ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, ушбу мамлакатлар раҳбарлари «назоратни ўз қўлларига олишга муваффақ бўлган». Улар аҳолига зарур чоралар кўриш бўйича самарали кўрсатмалар бера олган.
«Европа» сценарийсида инфекция тарқалиши жуда тезлашиб кетди. Бу минтақада вазият ҳукуматларнинг тезкор ҳаракатлари ва аҳолининг ҳозиржавоблиги туфайли назорат остига олинди.
Учинчи сценарийга ҳукумат чеклов чораларини кўрган кейинчалик чекловларни юмшатиш оқибатида касалланиш яна ортиб кетган мамлакатлар киритилди. Гебреесуснинг тахминича, бу мамлакатлар «ташаббусни қўлдан бой бермоқда, чунки жорий қилинган чораларга амал қилинмаяпти ёки умуман бажарилмаяпти». ЖССТ раҳбари ушбу сценарийга киритилган мамлакатлар номини айтмади.
Тўртинчи сценарийга Шимолий ва Жанубий Америка, Жанубий Осиё ва Африканинг айрим мамлакатлари киритилди. Мазкур мамлакатларда касалланганлар сони кескин ошиб кетган. Гебреесуснинг таъкидлашича, коронавирус пандемиясининг маркази ҳамон иккала Америка бўлиб турибди.
ЖССТ маълумотига кўра, ҳозиргача дунё бўйича коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 13 ярим миллион кишидан ошди.

 

ЎзА