“Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладур”, деган нақл бежиз айтилмаган. Сурхондарё вилояти Шўрчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси У.О. нинг кўнгли ҳам текин товуқ гўштини тусаб қолди.

Шу мақсадда у тунда Хайрабод маҳалласидаги “Дўмбоқ-жўжа-2” кафесидан қиймати 334 минг сўмлик олти дона товуқ, тўрт килограмм курка гўшти, беш дона “кока-кола” ичимлиги, беш дона мева шарбати ва икки дона нонни ўмарди. Тезкор қидирув ишлари натижасида Шўрчи туманининг Дўстлик маҳалласида яшайдиган 18 ёшли У.О ашёвий далил билан қўлга олинди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, айни пайтда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА