Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга йўналтирилган солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш самарали тизимини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганини ҳисобга олган ҳолда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номутаносибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермаяпти.

Мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш мақсадида:

1. 2019 йил 1 августдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин;

календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

2. Белгилансинки, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;

б) товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;

в) қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан, импорт қилинганда ҳам имтиёзлар бекор қилинади:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

г) юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

3. Қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида белгилансинки:

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади;

пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун махсус дастурий маҳсулот ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисоблаш ва ҳисобга олиш имкониятларини назарда тутган ҳолда дастурий маҳсулотни қайта ишлаб чиқсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қўшилган қиймат солиғининг киритилиши муносабати билан пахта хомашёсининг 2019 йил ҳосили учун янги харид нархларини тасдиқласин.

6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, юридик шахсларининг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва ягона ер солиғининг тўлов муддатини 24 ойгача муддатга кечиктириш ваколати уларнинг мазкур солиқлар бўйича имтиёз бериш ҳуқуқини бекор қилган ҳолда берилсин.

Солиқ тўловлари муддатини кечиктириш, солиқ қарздорлиги бўйича белгиланган пеня миқдоридаги фоизларни ундириш шарти билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилиши назарда тутилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларга бериладиган солиқлар тўлаш муддатини кечиктириш тартибини тасдиқласин.

7. Белгилансинки, 2019 йил 1 августдан бошлаб жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга ҳаётини узоқ муддатли суғурталаш (барча тоифадаги ҳаёт суғуртаси соҳаси) бўйича суғурта шартномасининг ҳар бир амалдаги йили учун суғурта мукофотини тўлашга йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди. Бунда суғурталанган шахснинг ҳаёти учун суғурта тўловлари шартнома бўйича суғурта муддати бошланган кундан бошлаб камида ўн икки ойдан кейин амалга оширилиши шарт.

Узоқ муддатли ҳаётни суғурталаш шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ва суғурталовчи томонидан суғурталанган шахсга суғурта мукофоти қисман ёки тўла қайтарилган тақдирда, қайтарилган суғурта мукофотининг суммаси жисмоний шахснинг солиққа тортиладиган жами даромадига киритилади. Бунда тўлов манбаидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғини ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти суғурталовчига юклатилади.

8. Белгилансинки, тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектларига молиявий санкцияларни қўллаш тартибини белгилаш тўғрисида таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қўшилган қиймат солиғининг ҳисобга олинган суммасининг уни ҳисобланганидан ошган суммасини мажбурий қоплаб бериш тартибини жорий этиш бўйича таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари консультантлари ва мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда 2019 йил 1 августга қадар божхона имтиёзларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, шунингдек, илгари берилган имтиёзларни бекор қилиш бўйича қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда таклифлар киритсин:

қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда импорт қилинган товарлар (иш, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланишни;

технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзларини бериш механизмини такомиллаштириш ва оптималлаштиришни.

11. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 27 июнь

 

ЎзА