Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўз фаолияти даврида таълим ва илм-фанни ривожлантиришга, шунингдек, республика иқтисодиётининг турли тармоқлари, ижтимоий ва маънавий соҳалари учун кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшди. Ўтган даврда 100 нафардан ортиқ академик ва 2,5 минг нафар фан докторлари ва номзодлари тайёрланди. Т.Саримсоқов, С.Сирожиддинов, М.Салоҳиддиновнинг математиклар, Ж.Мусаевнинг биокимёгарлар, Ҳ.Абдуллаев, Т.Долимовнинг геологлар мактаблари кенг эътироф этилди. Ўзбекистон Қаҳрамонлари А.Орипов, Э.Воҳидов, О.Шарафиддинов ва С.Ғаниева университетда таълим-тарбия олдилар.
Ўқув жараёни замонавий талаблар ҳисобга олинган ҳолда мутахассислар тайёрлашнинг, шунингдек, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари билан янгиланди. Олий малакали илмий кадрлар тайёрлашнинг янги икки босқичли тизими жорий этилди. Сўнгги 10 йилда турли йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича 26 мингдан ортиқ малакали битирувчилар университет дипломини олдилар.
Ҳозирги вақтда 114 та, шу жумладан, 18 та халқаро илмий ва илмий-таълим лойиҳалари амалга оширилмоқда, уларда университетнинг 50,0 фоиздан ортиқ ўқитувчилари иштирок этмоқда. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб “геодезия ва геоинформатика” йўналиши бўйича Қозон федерал университети (Россия Федерацияси) ва “компьютер фанлари”, “муҳандислик математикаси”, “технологик менежмент” йўналишлари бўйича Холон технологиялар институти (Исроил) билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда. Жаҳоннинг етакчи университетларида 226 нафар ўқитувчи ва докторантларнинг тажриба орттириши, малака ошириши ва илмий тадқиқотлар олиб бориши таъминланмоқда.
Университетнинг моддий-техника базасини модернизациялаш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. 2 та янги факультет очилди, янги лаборатория ускуналари билан жиҳозланган ўқув-лаборатория корпуслари реконструкция қилинди. Профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнатига ҳақ тўлаш 2,5 баравар оширилди.
Давлат томонидан кўрилаётган ҳар томонлама ёрдам ва қўллаб-қувватлаш университет фаолиятида фақат “… ижодий ва тизимли фикрлайдиган, ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мамлакат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган юқори малакали мутахассислар…” тайёрлашгагина эмас, балки қобилиятли ва истеъдодли талаба-ёшларнинг тарбиясига ҳам сўзсиз кўмаклашмоқда.
Бугунги кунда университет талабаларининг 73,0 фоизини Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг барча 12 вилоятларидан келган талабалар ташкил этади. Улар орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, номли стипендиатлар, фанлар бўйича халқаро ва республика олимпиадалари совриндорлари, спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиблари бор. С.Сирожиддинов номидаги академик лицей битирувчиларининг 87,0 фоизидан ортиғи республика олий таълим муассасаларига муваффақиятли кирдилар ва ўқишни давом эттирмоқдалар.
Шу билан бирга танқидий ва ҳар томонлама таҳлиллардаюқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий ва кўп қиррали инсон капиталини ривожлантириш соҳасида жиддий тўғаноқ ва тўсиқ бўлаётган комплекс камчиликлар ва муаммолар аниқланди. Кейинги йилларда университетнинг Миллий университет мақомига муносиб бўлиши учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмади. Шу жумладан:
биринчидан – ҳар бир факультет ва кафедра бўйичатаълимнинг йўналишлари ва мутахассисликлари таркиби, шунингдек, қабул квоталари реал эҳтиёждан анча орқада қолмоқда, кўпинча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, меҳнат бозори ва кадрларнинг буюртмачилари эҳтиёжларига мос келмайди. Битирувчиларнинг ишга жойлаштирилиши ҳамма вақт ҳам эгалланган мутахассисликка мувофиқ эмас;
иккинчидан – таълим жараёнига, шу жумладан, синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган замонавий педагогик технологияларни жорий этиш даражаси паст. Таълим жараёнини ўқув-методик таъминлаш ва унинг мазмуни иқтисодиёт тармоқларининг инновацион ва технологик ривожланишидан орқада қолмоқда, талабаларнинг назарий ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш самарали эмас;
учинчидан – университетни, шу жумладан, ўқув-тарбиявий ва илмий жараённи самарали бошқаришни таъминлаш учун кадрлар захирасини тайёрлашнинг аниқ ифодаланган тизими мавжуд эмас. Айрим педагог кадрларнинг касбий маҳорати даражаси етарли эмаслиги,малака ошириш курсларининг, педагог ва илмий ходимлар стажировкасининг самарасизлиги, магистрантлар ва диссертантларнинг раҳбарлари ва маслаҳатчиларини тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари салоҳиятини суст жалб этиш, турли дастурлар, шу жумладан, чет элда магистратура бўйича кадрлар тайёрлашнинг тизимсизлиги сақланиб қолмоқда;
тўртинчидан – университет ўқитувчиларининг атиги 59,0 фоизи илмий даражага эга, фан докторларининг ўртача ёши 61 ёшни, фан номзодларининг ўртача ёши – 54 ёшни ташкил этмоқда. Университет нуфузли халқаро агентликлар рейтингига кирмайди, олимларнинг илмий мақолаларидан халқаро иқтибос келтириш даражаси пастлигича қолмоқда, талабалар маълум бир қисмининг илм-фанга интилиши ва қизиқиши жуда суст эканлиги кузатилмоқда;
бешинчидан – университет ахборот тизимининг мазмуни, унумдорлиги ва сифати,шунингдек, IT мутахассисларининг ўз ишини билиши паст даражада қолмоқда. Юқори тезликдаги Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти йўқ, университет ҳудудининг атиги 7,0 фоизида Интернетга, шу жумладан, хорижий ахборот таълим ресурсларигасимсиз уланиш мумкин;
олтинчидан – етакчи хорижий ихтисослашган илмий марказлар билан, айниқса илмий стажировкалар асосидаяқин шериклик муносабатларини ўрнатиш ишлари зарур тарзда амалга оширилмаяпти, университетнинг ўқув ва илмий фаолиятига жалб этилган хорижий профессорлар ва ўқитувчилар сони етарли эмас;
еттинчидан – ўтказилган социологик тадқиқотлар йигитлар ва қизлар, шунингдек, ёш педагоглар билан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш, уларда билимга интилишнигина эмас, балки инсонпарварликнинг миллий анъаналарига содиқлик ва юксак маънавиятни тарбиялаш, ёт ғоялар ва мафкураларга нисбатан танқидий тафаккур ва иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда.Ректорат, факультетлар ва кафедраларнинг кўпчилик раҳбарлари ушбу муҳим ишдан ўзларини четга олишган, уларнинг талабалар турар жойларида ёшлар билан учрашувлари сони жуда кам. Дам олиш, кўплаб тадбирларнинг, шу жумладан, маданий-оммавий ва спорт тадбирларининг даражаси пастлигича қолмоқда;
саккизинчидан – айрим факультетлар, академик лицей, спорт иншоотлари ва талабаларнинг дала амалиётлари ўтадиган жойларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун амалий чора-тадбирлар кўрилмаяпти.Илмий-тадқиқот лабораторияларида замонавий асбоб-ускуналар етишмайди. Талабалар яшаш жойларида ўринлар тақчиллиги мавжуд, шунингдек, университет ходимлари ва чет элдан таклиф қилинадиган мутахассислар учун турар жой етарли эмас;
тўққизинчидан – университетни ривожлантиришда олий таълим муассасалари менежментининг замонавий усуллар ва илғор амалиётга асосланган аниқ ифодаланган стратегияси мавжуд эмас. Молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш, шунингдек, маблағлардан, энг аввало бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш талаб қилинади;
ўнинчидан – деканатлар ва кафедралар раҳбарлари, шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнати самарадорлигини баҳолашнинг ва кейинчалик уларни моддий рағбатлантиришнинг рейтинг тизими жорий этилмаган.
Кўрсатиб ўтилган камчиликлар ва муаммолар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (А.Р.Мараҳимов) ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.У.Маджидов) раҳбариятида талабчанлик, мақсадга йўналтирилганлик ва юқори малакали, янгича фикрлайдиган кадрлар тайёрлашнинг халқаро стандартларига жавоб берадиган замонавий шакллари ва усулларини излаш, яратиш ва фаол жорий этиш, олий таълим илм-фанининг улкан салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг жадал ривожланишига фаол улуш қўшишга тайёр ва қодир бўлган муносиб талаба-ёшларни ҳар томонлама тайёрлаш бўйича шахсий ташаббус мавжуд эмаслигининг тўғридан-тўғри оқибати ҳисобланади.
Фундаментал ва гуманитар фанлар соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, олий таълим илм-фанини жадал ривожлантириш, истиқболли ва юқори технологик йўналишлар бўйича илмий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, кадрларнинг касбий даражаси ва педагогик маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талаба-ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни кучайтириш, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини комплекс ривожлантиришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:
1. Ректор А.Р.Мараҳимов ва унинг ўринбосарлари Д.Х.Жумабаев, А.С.Тўраев, В.А. Ибодуллаев, Н.Н. Қодировуниверситетнинг таркибий бўлинмалари томонидан самарали менежментни таъминлаш бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйилганлиги, жорий, ўрта муддатли ва истиқболли вазифалар тизимли таҳлил қилинмаганлиги, эътироф этилган халқаро талаблар ва стандартлар даражасида замонавий таълим, шу жумладан, инновацион дастурлар ва самарали илмий-тадқиқот ишлари жорий этилишини таъминлаш юзасидан бошқарув бўғинининг раҳбар кадрлари ва профессор-ўқитувчилар таркибига нисбатан талабчанликнинг сустлиги, шунингдек,университетнинг мамлакатимиз университетлари ва етакчи хорижий олий таълим муассасалари орасида рейтинги ошиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсинлар.
2. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов, унинг ўринбосарлари – К.А.Шарипов, У.Ш.Бегимқулов, С.М.Бузрукхонов, вазирлик ҳайъати ва марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларининг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2909-сон қарорида белгилаб берилганасосий йўналишларни, устувор вазифаларни амалга ошириш ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳамда мамлакатда олий таълимнинг математика, табиий-илмий ва гуманитар йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш бўйича базавий университет сифатида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини комплекс ривожлантириш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан улар томонидан назорат, таъсирчан мувофиқлаштириш мавжуд эмаслигига ҳамда кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги пастлигига қаратилсин.
3. Бош вазирнинг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов билан биргаликда:
2019 йил 1 июлга қадар – 2015-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган 2017-2021 йиллар даврида республикада олий таълимни ривожлантириш тизими бўйича устувор вазифалар, талаблар ва чора-тадбирлар амалга оширилиши самарадорлигини пухта ва ҳар томонлама таҳлил қилсин;
2019 йил 1 августга қадар – танқидий таҳлил қилиш асосида: биринчи – олий таълим муассасаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини ва молиялаштириш ҳолатини мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги; иккинчи – тасдиқланган комплекс дастурларга (чора-тадбирларга) оптимал тузатишлар киритиш; учинчи – тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уларга юкланган мақсадли вазифаларни амалга оширишда масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги чоралари бўйича аниқ таклифлар киритсин.
4. Юқорида кўрсатиб ўтилган мансабдор шахслар ҳамда вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар раҳбарларининг алоҳида эътибори Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2019 йил 24 майда олий таълим муассасалари ректорлари ва республика илмий жамоатчилиги билан учрашувда белгиланган талаблар ва устувор вазифалар ўз вақтида, сўзсиз ва тўлиқ ҳажмда бажарилиши зарурлигига қаратилсин. Ушбу мақсадларда берилган топшириқлар бажарилишини ва олдинга қўйилган мақсадларга эришилишини таъминлайдиган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилсин, тасдиқлансин ва амалга оширилсин.
5. Кўп қиррали ва устувор вазифаларни – “… инсон капиталини ҳар томонлама ривожлантириш, кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал, илмий ва иқтисодий қудратини, шунингдек, равнақи ва мустақиллигини таъминлашга қодир бўлган халқаро стандартлар даражасида мутахассисларни тайёрлаш учун зарур ва қулай шарт-шароитлар яратиш…” бўйича комплекс аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, унинг факультетлари, ихтисослаштирилган кафедралари ва бошқа кафедралари, илмий-тадқиқот институтлари, академик лицей раҳбариятининг, бутун профессор-ўқитувчилар таркиби ва талаба-ёшларининг асосий мақсади этиб белгилансин.
6. 2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида университет ректорати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа раҳбарларининг –кадрлар буюртмачиларининг, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва университетнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, унинг Ўзбекистон Республикаси олий таълими байроқдори сифатидаги мақомини тиклашнинг мустаҳкам асоси, амалий механизми ва кафолати бўлишга қаратилган 9 та мақсадли дастурни биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисидагитаклифларига розилик берилсин. Қуйидаги мақсадли дастурларни ишлаб чиқишнинг асосий йўналишлари 1–9-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин:
1-компонент – “Ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари, илм-фан ва ижтимоий соҳани ривожлантириш эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълим йўналишлари ва мутахассисликларини оптималлаштириш, кадрлар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш, талабаларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида амалиётини ташкил қилиш”;
2-компонент – “Энг янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини жорий қилишнинг халқаро амалиётига мувофиқ таълим жараёнини режалаштириш, чуқурлаштириш ва сифатини яхшилашни ташкил этишни такомиллаштириш”;
3-компонент – “Ректорат, факультетлар, кафедралар, илмий-тадқиқот муассасалари ва академик лицей раҳбар кадрлари ва профессор-ўқитувчиларини танлаш ва тайинлаш, уларнинг касб даражаси ва педагогик маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштириш”;
4-компонент – “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, университетда олиб бориладиган тадқиқотларни ишлаб чиқариш, академик илм-фан эҳтиёжлари билан интеграциялаш, ўқитувчилар илмий ишининг натижадорлигини таъминлаш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш”;
5-компонент – “Таълим, илмий ва маъмурий фаолиятнинг ягона ахборот маконини яратиш, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини жиҳозлаш, контент билан тўлдириш”;
6-компонент – “Етакчи хорижий университетлар биланхалқаро ҳамкорликни, шериклик муносабатлариниривожлантириш, таълим фаолиятига хорижий мутахассислар ва ўқитувчиларни жалб қилиш”;
7-компонент – “Тарбиявий ишлар тизимини такомиллаштириш, талабаларга юксак ахлоқий ва маънавий-маърифий фазилатларни сингдириш, ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан иммунитетни мустаҳкамлаш, талабаларнинг соғлом турмуш тарзи ва дам олишини ташкил қилиш учун шарт-шароитлар яратиш;
8-компонент – “Моддий-техник базани модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, лабораторияларни замонавий ўқув-илмий ускуналар билан жиҳозлаш, ижтимоий-спорт инфратузилмасини ривожлантириш;
9-компонент – “Университет фаолиятини самарали молиялаштириш, харажатларни оптималлаштириш ва босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиш.
7. Университет, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идораларнинг тегишли норматив ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирларни ўз вақтида тайёрлаш, уларни пухта иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ишлари мувофиқлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, белгиланган муддатларда мақсадли дастурларни шакллантириш учун 10-иловага мувофиқ таркибда Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ташкил этилсин. Мувофиқлаштирувчи гуруҳ раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов бир ҳафта муддатда ушбу қарорга 1–9-иловалар бўйича ишчи гуруҳлар таркибларини ва мақсадли дастурларни амалга оширишнинг босқичма-босқич жадвалини тасдиқласин.
8. МДҲ мамлакатлари ва хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида, шу жумладан, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида синовдан ўтган тажрибани ўрганишни ҳисобга олган ҳолда 2019/2020 ўқув йилидан бошлабфакультетлар ва кафедралар, илмий-тадқиқот институтларининг лабораториялари бўйича, академик лицейда ва умуман, университетда раҳбарлар ҳамда профессор-ўқитувчилар таркиби фаолиятининг самарадорлигини тасдиқланган мақсадли дастурлар бўйича рейтинг баҳолаш тизими жорий этилсин.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
– 2019 йил 1 августга қадар – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббусини барча курсларда ва университетнинг таркибий бўлинмаларида амалга ошириш тартибини ва чора-тадбирлар комплексиниишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Талабалар, айниқса, талабалар турар жойларида яшайдиган ва яшамайдиган талабалар билан мунтазам асосда фаол мулоқот олиб бориш амалиётини жорий этиш, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини тизимли равишда ўрганиш, талаба-ёшларнинг ўқув, илмий ва маънавий ҳаётидаги муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш университет ректори ва проректорларининг, деканатлар ҳамда кафедралар раҳбарларининг, барча профессор-ўқитувчилар таркибининг устувор вазифаси этиб белгилансин;
– 2019 йил 1 сентябрга қадар – рейтинг баҳолаш тизимини жорий қилишда асос бўладиган индикаторларни (кўрсаткичларни);
– 2019 йил 1 октябрга қадар – юқорида қайд этилган индикаторлар (кўрсаткичлар) асосида таркибий бўлинмалар ва умуман университет фаолиятининг самарадорлиги ҳамда натижадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. Таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари таркибининг билими ва малакаси, касбий тайёргарлик даражасини ошириш тизимини тубдан яхшилаш, уларнинг айримлари орасидаги салбий иллатлар намоён бўлишининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректорати ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг муҳим вазифаси этиб белгилансин. Шу мақсадларда:
2019 йил 1 сентябрга қадар – университетнинг таркибий бўлинмаларида кадрларнинг самарали захирасини шакллантириш;
2019 йил 1 октябрга қадар – бошқарув бўғини ходимларини, шунингдек, университет барча бўлинмаларининг профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш;
2019 йил 1 ноябрга қадар – университет раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларининг “Эл-юрт умиди” жамғармаси йўналиши бўйича ва молиялаштиришнинг бошқа манбалари ҳисобига рейтинг даражаси юқори бўлган хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-техник марказларда, шунингдек, мамлакатимиз корхоналарида, республика Фанлар академияси тизимидаги ташкилотлар ва бўлинмаларда 6 ой муддатга стажировкасини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилсин.
10. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг янгиланган ташкилий тузилмаси ва ректоратининг тузилмаси 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ректорат тузилмасига республика олий таълим муассасалари учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш методологиясини мувофиқлаштиришнинг ўқув-методик ва илмий патронаж бўйича базавий олий таълим муассасаси сифатида университетнинг ўқув-методик таъминлаш ва таълим сифатини назорат қилиш бўйича проректори лавозими киритилсин.
Университет ректорати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, кадрлар буюртмачилари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг:
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб – муҳандислик математикаси, компьютер фанлари ва технологик менежмент йўналишлари бўйича Ўзбекистон – Исроил факультетини;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ва кейинги йилларда – “Амалий математика ва интеллектуал технологиялар”, “Биофизика ва муҳандислик тадқиқотлари”, “Фундаментал тиббиёт ва биокимё” факультетларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий марказини ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
11. С.Сирожиддинов номидаги академик лицей “табиий ва аниқ фанлар”га ихтисослаштирилган С.Сирожиддинов номидаги республика академик лицейи этиб қайта ташкил этилсин.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда С.Сирожиддинов номидаги республика академик лицейининг кейинги самарали фаолияти тўғрисида асослантирилган таклифларни, шу жумладан:
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қабул қилиш ва кейинчалик уларни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг тегишли факультетларига тўғридан-тўғри қабул қилиш тартиби;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб С.Сирожиддинов номидаги республика академик лицейини С.Сирожиддинов номидаги республика гимназиясига айлантириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. 2019/2020 ўқув йилида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига талабаларни давлат буюртмаси асосида қабул қилишнинг асосий кўрсаткичлари 12-13-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
13. Университет фаолиятини молиялаштиришнинг қуйидаги манбалари белгилансин:
а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги орқали ажратиладиган ҳамда устав фаолиятига мувофиқ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг жорий харажатларини молиялаштиришга йўналтириладиган республика бюджет маблағлари;
б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги алоҳида шахсий ҳисобвараққа тушадиган ва устав фаолиятига мувофиқ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг жорий харажатларини молиялаштиришга ва капитал харажатларни амалга оширишга йўналтириладиган контрактлар бўйича тўлов маблағлари;
в) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги ҳисобвараққа тушадиган ва грант сметасига мувофиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтириладиган грант маблағлари;
г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги ҳисобвараққа тушадиган ва шартномавий ишлар бажарилишини молиялаштиришга йўналтириладиган хўжалик шартномаси (ёки бошқа йўналиш) бўйича маблағлар;
д) соҳага кирмайдиган фаолиятдан олинадиган ва университетнинг жорий харажатларига йўналтириладиганбошқа тушумлар.
14. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Университетни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганлиги ва хўжалик шартномалари, пуллик курслар, ҳомийлик ажратмалари, биноларни ижарага бериш, босмахона фаолияти ва бошқа фаолиятдан тушадиган маблағлар унинг манбаи ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Ривожлантириш жамғармасининг маблағлари фақат қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
моддий-техник базани мустаҳкамлаш;
кредитор қарздорликни қоплаш;
ходимлар ва профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетиҲомийлик кенгашини тажриба тариқасида ташкил қилишни, унинг шахсий таркибини тасдиқлашни, ваколатларини, қарорлар қабул қилиш ва ижро этиш механизмларини белгилашни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов, Ж.А.Қўчқоров, А.А.Абдуҳакимов, Т.К.Нарбаева, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А.Ортиқхўжаев 2019 йил 24 майда олий таълим муассасалари ректорлари ва илмий жамоатчилик билан ўтказилган учрашувда белгиланган топшириқлар ўз вақтида ва пухта ишлаб чиқилишини таъминласинлар. Жумладан:
2019 йил 1 июлга қадар – Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги талабалар шаҳарчаси ҳудудида, хусусан, университет профессор-ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчилари учун 6 та замонавий кўп қаватли уйлар, универсал спорт мажмуаси, “Ёшлар боғи”, “Wi-Fi” зона ва бошқа объектларни қуриш;
2020 йил 1 январга қадар – университетнинг биология факультети учун Виварий ва оранжерея биноларини қуриш;
2020 йил 1 январга қадар – университетнинг Чорвоқ ўқув-амалий марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уни замонавий гидрометеорологик асбоблар билан жиҳозлаш бўйича таклифлар киритсин.
Аниқ ва табиий фанлар факультетларининг ўқув-илмий лабораторияларини жиҳозлаш мақсадида университетга 6,0 миллион АҚШ доллари ажратилгани маълумот учун қабул қилинсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таълим ва илм-фан соҳасидаги барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ходимларнинг ойлик иш ҳақига 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига – фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) даражасига (ёки хорижий мамлакатларнинг уларга тенглаштирилган даражасига) эга бўлган ходимларга 30,0 фоизгача, фан доктори (Doctor of Science) даражасига (ёки хорижий мамлакатларнинг уларга тенглаштирилган даражасига) эга бўлган ходимларга 60,0 фоизгача қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва киритсин.
Белгилансинки, қўшимча ҳақ ҳар бир ходимнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолиятига қўшган аниқ ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда таркибий бўлинма раҳбарининг тақдимномаси асосида ва муассаса (ташкилот) коллегиал органининг қарорига кўра тўланади.
18. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида 2020 йил 1 январдан бошлаб стажёр-тадқиқотчилар институтини жорий этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва киритсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров ушбу қарорнинг 13-14-бандларида қайд этилган манбаларни ва халқаро грантларни ҳисобга олган ҳолда ушбу қарорда назарда тутилган топшириқлар ва чора-тадбирларни молиялаштириш учун маблағлар ажратиш юзасидан, кейинчалик асосланган таклифлар киритиш учун уларнинг молиявий жиҳатдан пухта ишлаб чиқилишини таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Р.Мараҳимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 18 июнь
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019-2023йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
Ш А Р Ҳ
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мамлакатимизда кўп йиллик педагогик ва илм-фан соҳасидаги бой анъаналарга эга бўлган йирик олий таълим муассасасидир. Университет ҳар йили иқтисодиётнинг турли тармоқларини, таълим ва фан соҳаларини ўз битирувчилари билан таъминламоқда, шунингдек, илмий-тадқиқотлар ва изланишлар билан, шу жумладан халқаро миқёсда ҳам фаол шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги пайтда 114 та, шу жумладан, 18 та халқаро илмий ва илмий-ўқув лойиҳалари амалга оширилмоқда. Университетнинг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи оширилди.
Шу билан бирга, қарорда қайд этилганидек, танқидий ва ҳар томонлама таҳлилларда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фанни ва серқирра иқтидор соҳиби бўлган инсон капиталини ривожлантиришга жиддий тўсиқ бўлаётган бир қанча муаммолар ва нуқсонлар аниқланди. Кейинги йилларда университетнинг Миллий университет мақомини қарор топтириш учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмаган.
Жумладан, таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг таркиби ҳамда қабул кўрсаткичлари кадрларга бўлган реал талабдан сезиларли даражада орқада қолмоқда, таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни татбиқ этиш даражаси, айрим педагог-кадрларнинг касбий маҳорати, малака ошириш курсларининг самарадорлиги пастлигича қолмоқда.
Қарорда университетнинг нуфузли халқаро агентликлар рейтингига киритилмаганлигига, ёшларнинг илмга бўлган қизиқишини рағбатлантириш даражаси пастлигига алоҳида эътибор қаратилган. Таълим жараёни ва илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техника таъминотида жиддий камчиликлар мавжуд.
Юзага келган ҳолатдан ҳамда университетнинг мамлакат олий таълими соҳасида тутган ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда қарорда бугунги кунда талаб юқори бўлган йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, юқори технологияларга асосланган ва истиқболли йўналишлардаги илмий тадқиқотларни жадал амалга ошириш, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг касбий билимлари ва педагогик маҳоратини муттасил ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар назарда тутилган.
Юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш, шунингдек, университетнинг Ўзбекистон Республикасида олий таълим байроқдори сифатидаги нуфузини тиклашнинг мустаҳкам пойдевори, таъсирчан механизми ва кафолати сифатида 9 та компонентдан иборат мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Қарорда университетнинг янги таълим моделини шакллантиришнинг устувор йўналиши сифатидаги вазифани ҳал этиш учун ўқув, ўқув-методик, илмий-инновацион, тарбиявий ва ташкилий фаолият бўйича самарали индикаторлар ва кўрсаткичларни ишлаб чиққан ҳолда раҳбарлар ва профессор-ўқитувчилар таркиби фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Тараққиётнинг ҳозирги босқичида университет замонавий жамиятнинг илмий, ишлаб чиқариш, ижтимоий, маънавий-ахлоқий талабларига жавоб берадиган, олий таълим инновацион моделини шакллантиришнинг самарали майдони бўлиши, шунингдек, республика олий таълим тизимида етакчи ўрнини сақлаб қолиши лозим. Ушбу мақсадларда қарорда:
биринчидан – 2019-2021 йилларда таълим йўналишларидатабиий фанлар, математик таълим, компьютер технологиялари ва информатика йўналишлари улушини ошириш;
иккинчидан – Ўзбекистон – Исроил факультетини, шунингдек, “Амалий математика ва интеллектуал технологиялар”, “Биофизика ва муҳандислик тадқиқотлари”, “Фундаментал тиббиёт ва биохимия”факультетларини босқичма-босқич очиш назарда тутилмоқда;
тўртинчидан – Университет тузилмасида Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий марказини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Жаҳоннинг етакчи университетлари тажрибаси ва анъаналаридан келиб чиқиб, таълим сифатини ошириш ҳамда халқаро таълим маконига интеграциялашиш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб иккита факультетда, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб эса университет миқёсида таълимни ташкил этишнинг кредит-модул тизимини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Халқаро миқёсда етакчилик ва рақобатбардошликни таъминлашнинг зарур шарти сифатида қарорда фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш вазифаси қўйилмоқда. Ушбу мақсадларда ҳар йили илмий салоҳиятни ошириш учун университет докторантурасига ҳар йиллик қабул квотасини ва хориждаги мақсадли докторантурага қабул квотасини кўпайтириш назарда тутилмоқда. Бунда таълим жараёнига юқори малакали хорижлик ўқитувчилар ва мутахассисларни кенг жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Қарорда унинг инфратузилмасини ва ички телекоммуникация тизимини тубдан янгилашга доир чора-тадбирлар комплекси назарда тутилмоқда. Университет 2020 йилнинг ўзида қуввати 600 Мб/сек бўлган кўп тармоқли интернет тизимига уланиши таъминланади. Университет ҳудуди ва қўшимча майдонлари «Wi-Fi» зонаси билан таъминланади.
2020-2023 йиллар мобайнида талабалар турар жойларида капитал таъмирлаш (реконструкция) ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади, университетнинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва ёш тадқиқотчилар учун 6 та кўп квартирали уйлар ҳамда универсал спорт мажмуаси қурилади. Аниқ ва табиий фанлар факультетларининг ўқув-илмий лабораторияларини жиҳозлаш мақсадида университетнинг валюта ҳисобрақамига 6,0 миллион АҚШ доллари ўтказилади.
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига фан ва таълим соҳасидаги барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган фан номзоди ёки фалсафа фанлари доктори (PhD) даражасига эга бўлган ходимларнинг ойлик маошига 30 фоизгача, фан доктори (Doctor of Science) даражасига эга бўлган ходимларнинг ойлик маошига 60 фоизгача устама ҳақ белгиланади. Бунда, қўшимча ҳақ бир ходимнинг илмий-педагогик ва меҳнат фаолиятига қўшган аниқ ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда таркибий бўлинма раҳбарининг тақдимномаси асосида ва муассаса (ташкилот) коллегиал органининг қарорига кўра тўланади.
Қарорда талабаларда юксак ахлоқий ва маънавий сифатларни қарор топтиришга, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда янги педагогик инновациялар ва самарали механизмларни татбиқ этишга, талабалар билан олиб бориладиган тарбиявий ишларда профессор-ўқитувчиларнинг масъулиятини оширишга, таълим ва тарбиянинг ўзаро алоқадорлигини амалда таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу мақсадларда талабалар, айниқса, талабалар турар жойларида яшайдиган ва яшамайдиган талабалар билан мунтазам асосда фаол мулоқот олиб бориш амалиётини жорий этиш, уларнинг эҳтиёж ва талабларини тизимли равишда ўрганиш, талаба- ёшларнинг ўқув, илмий ва маънавий ҳаётидаги муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўриш университет ректори ва проректорларининг, деканатлар ҳамда кафедралар раҳбарларининг, барча профессор-ўқитувчилар таркибининг устувор вазифаси этиб белгиланган.
Қарорнинг амалга оширилиши Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети глобаллашув шароитларида мамлакатимизнинг халқаро миқёсда рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган янги технологияларни ишлаб чиқиш базаси бўлиши имконини беради. Жаҳон фани тараққиёти суръати талабларига жавоб бера оладиган тадқиқотларни амалга оширишга йўналтирилган илмий кадрлар тайёрлаш тизимига жорий этилаётган инновациялар университетнинг олий таълим тизимида етакчи мавқени эгаллашига имкон беради ҳамда мамлакатнинг илмий, илмий-техникавий ва интеллектуал соҳалари ривожланишига кўмаклашади.